Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 30 апрель куни Сариосиё туманидаги Тўпаланг гидроэлектр станциясини бориб кўрди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Бу ерда ҳар бири 15 мегаватт бўлган иккита агрегат ишлаб турган эди. Президент топшириғига мувофиқ, аввалига Тўпаланг сув омбори тўғони 20 метрга кўтарилди. Натижада унинг сиғими 380 миллион куб метрдан 500 миллионга етказилди. Айни пайтда жами қуввати 145 мегаваттли яна иккита агрегат ўрнатиш бўйича иш олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, ҳар бири қарийб 38 мегаватт бўлган Зарчоб-1 ва Зарчоб-2 кичик гидроэлектр станциялари ҳам барпо этиляпти. Шу тариқа энергия олиш қуввати жами 250 мегаваттга етказилади.

Аҳамиятлиси шундаки, бу ресурслар табиий ва қайта тикланувчандир. Экологияга ҳеч қандай зарар етказмаган ҳолда барқарор энергия ишлаб чиқарилиб, саноат корхоналари, турли идоралар ва аҳолига етказиб берилади.

Давлат раҳбари янги тўғон ва гидроэлектр станцияни кўздан кечирди.

«Бу тарихий воқеа, — деди Шавкат Мирзиёев. —  Бу ишларкелажак учун, болаларимиз учун. Келгусида Сурхондарё гидро энергия ҳисобидан бемалол иқтисодиётини таъминласа бўлади».

Шу ерда сув омборлари ва гидроэлектр станциялари ҳолатини мониторинг қилишга ихтисослашган техник тизимлар тақдимоти ҳам ўтказилди.

Президент сув омборлари тўғонларини мустаҳкамлаш ва доимий назорат қилиш, хавфсизлигини таъминлаш, илмий ишланмалар асосида улардан фойдаланиш коэффицентини ошириш бўйича кўрсатмалар берди.