Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан COVID-19 пандемияси билан самарали курашиш учун тиббиёт жиҳозлари ва қурилмалар харид қилинди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

COVID-19 пандемияси билан самарали курашиш учун шифохоналарни зарур ресурслар билан таъминлаш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 40 дона СЎВ аппаратлари, 120 дона болалар учун ва 80 дона катталар учун СИПАП-аппаратлари, 70 мингта комбинезон, 70 мингта ниқоб, 20 мингта бахила, 5 мингта қалпоқ, 3 мингта кўзойнак, 150 мингта қўлқоп харид қилинди. Шунингдек, 50 дона Damas русумли автомобиллар харид қилинган бўлиб, улардан 25 таси тез тиббий ёрдам хизматига, 23 таси туманлар СЭОМларига, 2 таси руҳий касалликлар шифохоналарига тақсимланади.

Аввалроқ «Газета.uz» Тошкентда уч кун ичида 43 нафар турли касалликлар билан оғриган бемор тез ёрдам хизматининг вақтида етиб келишга улгурмаганлиги оқибатида вафот этганлиги ҳақда хабар берган эди. Сабаб — пойтахтда 100 га яқин тез ёрдам машиналарининг етишмаслиги.

Кейинроқ бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев энди тез тиббий ёрдам хизмати 15 дақиқадан кўп бўлмаган вақтда етиб келиши ва COVID-19 га тест натижаларини узоғи билан бир кунда чиқарилиши таъминланишини таъкидлаган эди. Шунингдек у, эндиликда 103 рақамига телефон қилинганда банд бўлиш ҳолатига чек қўйилишини айтган эди.

15 июль куни, президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга ва соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновга коронавирус тарқалишининг олдини олиш ва даволаш бўйича Тошкент шаҳридаги ишларни талаб даражасида ташкил этмагани учун ҳайфсан эълон қилган эди.