АҚшнинг Пенсильвания штатида ўн минглаб сайлов бюллетенлари бекор қилинди. Бунга бюллетенларда шахси келтирилган сайловчилар ўзларини тасдиқламагани сабаб бўлмоқда. Бироқ АҚШ оммавий ахборот воситалари бу ҳолат штатдаги сайловлар натижаларига жиддий таъсир кўрсатмаслигига ишонч билдиришмоқда, дея хабар берди РБК.

The Philadelphia Inquirer газетасининг хабар беришича, Пенсильвания апелляция суди почта орқали юборилган овозларни ҳисоблашда амалдаги президент Дональд Трампнинг даъвосини қабул қилди.

Даъво почта орқали қабул қилинган ва сайловчиларнинг шахси тасдиқланмаган бюллетенларга тегишли. Ушбу штат қонунчилигига биноан, фуқаролар ўз овозларини сайловдан кейин олти кун ичида (яъни 9 ноябргача) тасдиқлашлари мумкин эди. Бироқ давлат котиби Кэти Боквар бу муддатни 12 ноябрга қадар узайтирди.

Суд Бокварнинг сайлов комиссияларига сайловчиларнинг шахсини тасдиқлаш муддатини узайтириш тўғрисида кўрсатма бериш ваколатига эга эмаслиги тўғрисида қарор чиқарди. Натижада давлат котибининг қарори бекор қилинди.

The Philadelphia Inquirer нашрининг ёзишича, рад этилган бюллетенлар Пенсильвания штатидаги овоз бериш натижаларига киритилмаган. Унга кўра демократ Жо Байден Трампдан 54 минг овоз олдинда. Шунинг учун, қарор овоз бериш натижаларига таъсир қилмаслиги тахмин қилинмоқда.

Пенсильвания бир неча кун давомида «иккиланувчи» штатлардан бири бўлиб турди. Сўнгги натижаларга кўра ғалаба Байденга берилди. Трампнинг айтишича, штатдаги ўн минглаб овозлар «ноқонуний равишда ўзгартирилган» ва шу сабабдан у ерда у ўз етакчилигини йўқотган. Унинг шериклари сайлов натижаларини кўриб чиқиш учун бир нечта даъво аризаларини юборишди.

Олий суд Пенсильвания Республикачилар партиясининг сўровини қаноатлантирди ва 3 ноябрь куни сайлов участкалари ёпилганидан кейин почта орқали юборилган бюллетенларни ҳисобга олмай туришни буюрди.

Президент жамоаси шунингдек, Пенсильвания ҳукуматига қарши даъво қўзғади. Трамп штабининг таъкидлашича, штат ҳукумати АҚШ Конституциясига зид бўлган «ноқонуний икки босқичли овоз бериш тизимини» яратган. Кэти Боквар федерал судьядан даъвони бекор қилишни сўради.

Эслатиб ўтамиз, 7 ноябрь куни АҚШ ОАВлари 270 тадан ортиқ овоз йиғганидан сўнг Байденнинг ғалабасини эълон қилган эди. Шунингдек, Дональд Трамп ушбу штатлардаги овозларни ҳисоблаш бўйича шикоят қилмоқчи экани ҳақида ёзган эдик.