Президент Шавкат Мирзиёев «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларини молиялаштириш ҳажмини ошириш ниятида. «Газета.uz»нинг ҳукуматдаги манбасининг хабар беришича, аниқ рақамлар бугунги видеоселектор йиғилишида маълум бўлади.

Дастлабки маълумотларга кўра, бир неча миллиард доллар бўлиши мумкин. Жумладан, қарийб 3 минг километр ички йўлларни таъмирлаш, 4 минг километр ичимлик суви тармоқларини қуришга маблағ ажратилади.

Шунингдек, 60 фоиз маҳаллаларда электр энергияси таъминотини яхшилаш мақсадида 15 минг километр электр узатиш тармоқлари ва 4 мингдан ортиқ трансформаторлар янгиланади.

«Кейинги бир неча йилда бундай ҳажмдаги ишлар Ўзбекистонда ҳали амалга оширилмаган», — дея таъкидлади «Газета.uz» манбаси.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев 2020 йил 29 декабрдаги парламентга мурожаатномасида ҳукумат бир ой муддатда 2021 йил учун «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларини ишлаб чиқиб, тасдиқлашни топширган эди. Давлат раҳбари ушбу дастурларни республика ва маҳаллий бюджетлар томонидан тенг улушларда молиялаштиришни назарда тутилиши лозимлигини кўрсатди.

Мурожаатномада қайд этилишича, сўнгги 3 йилда «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида 5 миллионга яқин аҳоли яшайдиган 1 минг 200 та маҳалла ва қишлоқлар қиёфаси тубдан ўзгарди. Лекин пандемия туфайли ушбу йўналишдаги ишларни вақтинча тўхтатишга тўғри келган эди.