«Толибон» ҳаракати Афғонистон ҳукуматига уч ойлик муддатга ўт очишни тўхтатиш таклифи билан мурожаат қилди. Бу ҳақда пайшанба куни Афғонистон ҳукумат делегацияси аъзоси Надер Надери Доҳада (Қатар) толиблар билан музокараларда маълум қилди, дея хабар бермоқда ТАСС.

Надер Надерининг сўзларига кўра, бунинг эвазига «Толибон» ҳаракати вакиллари илгари қўлга олинган 7000 жангариларни озод этишни талаб қилишган.

«Толиблар уч ойлик сулҳ таклиф қилди, аммо эвазига Афғонистон ҳукуматидан ўз тарафдорлари орасидан 7000 маҳбусни озод этишни талаб қилди. Бу жиддий талаб, 5 минг толибнинг қамоқдан озод қилиниши вазиятни яхшиламагани ва ҳаттоки эскалацияга олиб келганини кўрганмиз», — дея Pajhwok ахборот агентлиги Надерининг Кобулдаги матбуот анжуманидан сўзларини келтиради.

Матбуот анжумани пайшанба куни Кобулда 11 афғон сиёсатчисидан иборат делегация иштирокида бўлиб ўтди. Делегация кейинчалик Дохада олиб бориладиган музокараларга жўнайди.

Ўтган йилнинг сентябр ойидан буён давом этаётган ушбу маслаҳатлашувлар бир неча бор тўхтатилган ва яқинда қайта тикланган. Ҳозирча улар мутахассислар даражасида, жумладан, Надери даражасида олиб борилмоқда. Дохада бошиданоқ келажакдаги тинчлик музокаралари бўйича кун тартибини муҳокама қилишдан нарига ўтилмаган. Ҳозирда олиб борилаётган муҳокамалар ҳалигача дастлабки деб ҳисобланади.

Доҳадаги учрашувда Кобул делегациясига, хусусан, Афғонистоннинг собиқ президенти Ҳамид Карзай ва Афғонистон Миллий ярашув бўйича Олий Кенгашининг раиси Абдулла Абдулла кириши тахмин қилинмоқда. Толиблар делегациясига уларнинг асосий музокарачиси Абдул Ғани Барадар раҳбарлик қилади.