Ўзбекистон ва Тожикистон Германиядан ривожланаётган мамлакатларга етказиб берилиши ваъда қилинган коронавирусга қарши вакциналарни олади. Бу ҳақда 9 август куни Берлинда ГФР ҳукумати расмий вакили Ульрике Деммер маълум қилди, дея ёзмоқда Deutsche Welle.

Унинг сўзларига кўра, Тошкентга 355,2 минг доза, Душанбега эса 100,8 минг доза берилади. Шунингдек, Судан (357,6 минг), Эфиопия (271,2 минг) ва Афғонистон (213,6 минг) ҳам вакцина олади.

ГФРнинг йил охирига қадар 30 млн доза вакцинани биринчи навбатда ривожланаётган мамлакатларга тақдим этиш тўғрисидаги қарор 21 май куни Римда бўлиб ўтган Соғлиқни сақлаш бўйича глобал саммитда қабул қилинган эди.

Вакциналар улар лицензияланиб, рўйхатдан ўтказилганидан сўнг дунё мамлакатларининг хавфсиз ва самарали тарзда ундан фойдалана олишларига чақирувчи COVAX глобал механизми доирасида етказиб берилмоқда. Мазкур ташаббус Эпидемияларга тайёргарликни таъминлаш соҳасида инновациялар коалицияси (CEPI), Вакциналар ва иммунизация глобал альянси (GAVI) ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан мувофиқлаштирилмоқда.

Гап Берлин Лондон билан тузилган шартномалар доирасида олган Британия-Швеция ҳамкорлигида ишлаб чиқарилаётган AstraZeneca препаратлари ҳақида кетмоқда, дея аниқлик киритди DW.

Ульрике Деммернинг сўзларига кўра, вакциналар ЖССТ ва GAVI баҳоларига кўра, эмлаш зарурияти юқори бўлган ва тегишли препаратлар эмлаш кампанияси доирасида тезкорлик билан фойдаланиши мумкин бўлган давлатларга тақдим этилмоқда.

8 август ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 10 млн дозадан зиёд вакцина қўлланилган. 6,8 миллион киши биринчи, 2,3 миллион киши иккинчи, 887,9 минг киши эса учинчи доза вакцинани олиб улгурди. 1,3 миллиондан зиёд киши тўлиқ вакцинация курсидан ўтди.

6 август кунидаги маълумотларга кўра, Ўзбекистонда вакциналар захираси 14,58 миллион дозага етди. Бугунги кунга қадар 10,5 миллион доза ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси келтирилди. Бундан ташқари, 3 миллион доза Американинг Moderna, 710 минг доза AstraZeneca ва 370 минг доза Россиянинг «Спутник V» вакцинаси олиб келинган.