Президент Шавкат Мирзиёев Навоий вилоятига сафарини Кармана туманидан бошлади. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

Маълум қилинишича, бугун Кармана туманида «яшил энергетика»га ўтиш йўлидаги биринчи қадам бўлмиш қуввати 100 мегаВатт бўлган замонавий қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилмоқда.

«Аввало, ушбу лойиҳа доирасида қисқа муддатда — бир ярим йил ичида катта ҳажмдаги ишлар бажарилганини таъкидлаш лозим. Хусусан, 110 млн доллар инвестициялар ўзлаштирилиб, 300 мингта қуёш панеллари ўрнатилгани чиндан ҳам саноатимиз тарихида жуда катта воқеадир», — дейди президент.

Таъкидланишича, у ерда йилига 252 млн кВт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Бунинг ҳисобидан 80 млн куб метр табиий газ тежалиб, атмосферага 160 минг тонна буғланувчи газлар чиқишининг олди олинади.

Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистонда қуёш станцияларини қуриш орқали жами 600 млрд кВт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконияти мавжуд. Бу республикнинг бугунги кунда энергияга бўлган жами эҳтиёжидан 8 баробар кўп.

2030 йилга бориб қуёш электр станциялари қувватини камида 5 минг, шамол электр станциялари бўйича эса 3 минг мВтга етказиш режа қилинган.

Жумладан қуйидаги қувватлар фойдаланишга топширилади:

  • жорий йил якунига қадар Самарқандда қуввати 100 мВт бўлган яна битта қуёш станцияси;
  • келгуси икки йилда Бухоро, Жиззах, Наманган, Самарқанд, Хоразм, Сурхондарё ва Қашқадарёда умумий қуввати 2 минг 100 мВт бўлган 9 та қуёш станцияси, Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро ва Навоий вилоятларида эса 1 минг 600 мВт қувватга эга бўлган 4 та шамол электр станцияси.

Шавкат Мирзиёев янги станция Ўзбекистон тарихида илк бор хусусий инвестор томонидан қурилган электр станцияси эканига эътибор қаратди.

«Биз энергетика соҳасида туб ислоҳотларни бошладик. Электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш, тақсимлаш ва сотишни ўзида жамлаган монопол давлат компанияси ўрнига бир-биридан мустақил 4 та компания ташкил этилди», — дея қўшимча қилади давлат раҳбари.

Айтилишича, 2025 йилгача Ўзбекистонда камида 50 фоиз электр энергиясини хусусий электр станцияларида ишлаб чиқариш учун барча имкониятларни яратиб берилади.

Хабарга кўра, ушбу лойиҳа Бирлашган Араб Амирлигининг Masdar компанияси томонидан амалга оширилган бўлиб, бу хорижий давлат компаниялари билан ҳамкорликдаги айни пайтдаги энг йирик лойиҳадир.

Давлат раҳбари Амирликлар билан ўзаро ҳамкорлик йилдан-йилга кенгайиб, янги босқичга кўтарилиб бораётганини алоҳида таъкидлади.

Биргина энергетика соҳасида умумий қиймати қарийб 1,5 млрд доллар бўлган 1 минг 700 мВт ли 6 та лойиҳани амалга ошириш бошланган.

Жумладан, Навоий вилоятининг ўзида 2023 йилда Masdar компанияси билан ҳамкорликда 500 мВт ли шамол станцияси ва Phanes group иштирокида 200 мВт ли қуёш станцияси барпо этилади.