Соғлиқни сақлаш вазирлигида Тошкент шаҳридаги бир гуруҳ тиббиёт ходимлари билан учрашув ўтказилди, деб хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.

Унда амалиёт учун фойдали бўлмаган, ортиқча оворагарликларни келтириб чиқараётган ҳужжат ва ҳисобот шаклларини қайта кўриб чиқишга эътибор қаратилган.

«Тиббиёт муассасаларида ҳали-ҳануз ортиқча оворагарчиликлар барҳам топгани йўқ. Шифокорлар қабулига кириш учун беморлар баъзан соатлаб навбат кутишига тўғри келмоқда. Чунки соҳа ходимлари зиммасидаги юкламалар кўп. Уларнинг аксарияти қоғозбозлик билан боғлиқ», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, «ҳозирда тиббиёт муассасалари шифокор ва ҳамширалари 26 турдаги журналлар, 33 турдаги ҳисобот шакллари ҳамда беморларга бериладиган ўнлаб турдаги бланкаларни тўлдиришга мажбур бўлмоқда».

Мисол тариқасида, «Тиббиёт ходимларининг жароҳат ҳолатларини қайд қилиш журнали»га нохуш вазиятлар юз бермаса, ойлаб, ҳатто йиллаб эҳтиёж бўлмаслиги мумкин. Лекин ҳамшира ана шу ҳужжат турига ҳар куни «Бугун кўнгилсиз ҳолатлар содир бўлмади» деган мазмундаги қайдларни киритиб бориши шарт.

Соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев тиббиёт ходимлари билан учрашувда. Фото: ССВ.

«Ваҳоланки, шифокорнинг энг асосий вазифаси одамларга шифо улашишдан иборат. У бунинг учун ҳар бир беморга ўртача 15 дақиқа вақт ажратиши керак. Бироқ амалда шундан маълум қисми ҳужжат тўлдиришга сарфланмоқда», — дейилади вазирлик баёнотида.

Бирламчи бўғин ходимлари «Амбулатор-поликлиника муассасасига келганларни қайд этиш журнали» ҳам ортиқча, деган фикрда. Негаки, аҳоли жуда кўп мурожаат қилган вақтларда қабул бўлими ҳамширасининг мазкур журнални тўлдириб ўтириши узундан узоқ навбатларни юзага келтиради. «Бу эса одамларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда», — дея қайд этилган хабарда.

Қолаверса, беморлар қабул бўлимидан рўйхатдан ўтгач, шифокор ҳузурига кириш учун яна рўйхатга ёзилиши зарур.

Ушбу ҳолатларни бартараф этиш учун айни пайтда ССВда ишчи гуруҳ тузилиб, ўрганишлар олиб борилмоқда.

Вазирлик хабарида ўрганиш натижалари нафақат тиббиёт ходимлари, балки аҳоли учун ҳам фойдали бўлишига ишонч билдирилган.