Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимовнинг оғзаки топшириғига биноан вилоят чегараларидаги йўл-патрул хизмати постларидан чигитни Самарқанд вилоятига олиб ўтиш тақиқланган. Бу ҳақда Каттақўрғон шаҳри ҳокими, сенатор Гавҳар Алимова маълум қилди.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги сайтида 2 январь куни Гавҳар Алимованинг «Қашқадарёнинг ёзилмаган қонуни борми?» сарлавҳаси остидаги мурожаати эълон қилинди. Сўз бошида ҳоким «Қашқадарё вилоятига мамлакатнинг барча вилоятларида амал қилинаётган қонун ва қоидаларга нега амал қилинмаяпти?» деган савол билан юзланди.

Унинг сўзларига кўра, Каттақўрғонда қарийб 100 та иш ўрни яратган Marokand gold oil extraksiya корхонаси муаммога дуч келган. 28 декабрь куни компания раҳбари Сайдин Рўзиев шаҳар ҳокимиятига келиб, товар ва хом-ашё биржасидан очиқ савдолар асосида сотиб олинган 100 тонна чигит маҳсулотини Қашқадарёдан Самарқандга олиб кела олмаётганини маълум қилган.

Тадбиркор унинг юкларини икки вилоят чегарасида ЙПХ ходимлари «Қашқадарё вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Нодир Эркаевнинг топшириғи асосида ушлаб туришганини айтган.

Фото: Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги.

«Мен Нодир Худойбердиевичнинг рақамини топиб, телефон қилдим. Бир неча бор қилган қўнғироқларимга жавоб бермагандан сўнг SMS орқали телефонимни кўтаришини илтимос қилдим. Бир неча марта уринишлардан сўнг ва ниҳоят Нодир Худойбердиевич билан телефон орқали боғланиб, чигит ортилган юк машиналарини чегарадан ўтказишга ёрдам қилишини илтимос қилдим. «…опажон чигитни вилоят ҳокими рухсат бермаса чегарадан чиқара олмайман», деди Нодир Худойбердиевич, — дея сўзлаб берди Каттақўрғон ҳокими.

Гавҳар Алимова шундан сўнг вилоят ҳокими Муротжон Азимовнинг телефон рақамини қийинчилик билан топиб, вазиятни тушунтирган ва чигитни қўйиб юборишини илтимос қилган. Вилоятнинг янги ҳокими эса «масалани ўрганиб чиқиб маълум қиламан», дея жавоб қилган.

Фото: Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги.

«Мен умид билан барча тегишли ҳужжатларни ҳокимнинг Telegram`ига ташлаб бердим. Жавоб бўлмагандан сўнг Telegram ва қўл телефонига SMS`лар ёздим, афсуски ҳеч қандай жавоб олишнинг иложи бўлмади», — деди у.

Орадан 3 кун ўтиб, 2 январь куни тадбиркорга чегарадан юк ортилган машиналарини олиб кетишини сўраб Фарҳод ва Жаҳонгир деб ўзини таништирган ЙПХ ходимлари телефон қилишган.

«Тадбиркор Сайдин Рўзиев бундан хурсанд бўлиб, менга телефон қилди. Бироқ, хурсандчилигимиз узоққа чўзилмади. Тадбиркор менга телефон қилиб ЙПХ ходимлари вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Нодир Худойбердиевич рухсат бермаётганлиги важидан юк машиналарини қўйиб юбора олмасликларини маълум қилган. Шундан сўнг, мен яна жаноб Нодир Худойбердиевичга қўнғироқ қилганимда: „…хозиргина вилоят ҳокими билан гаплашдим, чигитни қўйиб юборишга ҳеч қандай рухсат йўқ. Опажон минг афсус мен юк машиналарини қўйиб юбора олмайман“, деди», — дея сўзлаб берди ҳоким.

Гавҳар Алимова Жаҳонгир исмли ЙПХ ходимининг сўзларига таяниб, «улар топшириқни бажараётганини» айтди. Унинг сўзларига қараганда, «ЙПХ ходимлари телефон қилиб, юкларни олиб кетиши мумкинлигини айтгани» сўроқ остида қолмоқда.

«Мен 100 тонна чигитни олиб ўтиш учун 4 кун сарсон бўлдим. Ачинарлиси мурожаатимга ва ёзган SMS`ларимга вилоят ҳокими „ҳа“ ёки „йўқ“ деб жавоб бериши шунчалик ҳам қийин бўлдими? Янги йил байрами тадбиркорга, ҳайдовчиларга ва менга ҳам, афсуски, татимади. Ахир битта шаҳар ҳокими 100 тонна чигитни ўтказиш учун 4 кун безовта бўлишини қандай изоҳлаш мумкин? Мен шахсий манфаатим учун жон куйдираётганим йўқ-ку», — дея таъкидлади ҳоким.

Каттақўрғон шаҳри ҳокими Муротжон Азимовдан жавоб кутаётганини қўшимча қилган.

«Газета.uz» Қашқадарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизматидан изоҳ олиш мақсадида мурожаат қилганида, «масала пухта ва ҳар томонлама ўрганилаётганини» маълум қилишди.

Биринчи марта эмас

2020 йилнинг ноябрида Қашқадарё, Сурхондарё ва Хоразм вилоятлари ҳокимларининг оғзаки кўрсатмасига биноан постлардаги йўл патрул хизмати томонидан пахта чигитини бир вилоятдан бошқа вилоятга олиб ўтишни тақиқланганди. Антимонополия қўмитасининг аралашувидан сўнг, тақиқлар олиб ташланган эди.

Бунга қадар, Қашқадарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Нодир Эркаев 4 январгача барча ходимлар учун дам олиш куни этиб белгиланганига қарамасдан, январь бошидан вилоятдаги ҳоким ёрдамчиларини ишга чақириб олгани ҳақида ёзгандик. «1 январдан ҳамма маҳаллада иш бошлаши керак», — деб ёзган у ижтимоий тармоқларда тарқалган суратда. Нодир Эркаев 3 январь куни ҳоким ёрдамчилари билан Қамаши туманидаги маҳаллаларга ҳам борган.