Хитойнинг йирик электромобилm ишлаб чиқарувчиси BYD Auto Industry ва «Ўзавтосаноат» компанияси ўзаро англашув меморандумини имзолади. Бу ҳақда UzAuto матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар қилди.

Хабарда айтилишича, ҳамкорлик доирасида томонлар Ўзбекистонда янги энергия манбаларидан (NEV — гибридлар, электромобиллар ва электробуслар) фойдаланган ҳолда автомобиллар ва автобуслар ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳани амалга ошириш имкониятларини ўрганишга келишиб олди. Лойиҳа шунингдек, савдо ва хизмат кўрсатиш тармоғини яратиш, жумладан, аккумуляторлар ва электромобил моторларини таъмирлашни ҳам ўз ичига олади.

BYD янги энергия воситаларининг тўлиқ ассортиментини ишлаб чиқаради, шунингдек, аккумуляторлар, ярим ўтказгичлар, электр моторлар ва бошқа юқори технологияли маҳсулотларнинг ўзига хос дизайни ва ишлаб чиқариш усулига эга.

«Бугун биз Хитойнинг энг йирик электромобиль ишлаб чиқарувчиси BYD билан шартнома имзолаяпмиз. Бу электромобиллар келажаги сари биринчи қадамдир», — деб ёзди «Ўзавтосаноат» бошқаруви раиси ўринбосари Азизбек Шукуров LinkedIn’даги саҳифасида.

Шавкат Мирзиёев 14 февраль кунги йиғилишда Ўзбекистонда 3 ой муддатда электромобиль тармоғини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берди. Шунингдек, давлат раҳбари стратегияга электромобиллар учун бутловчи қисмлар ва материалларни маҳаллийлаштириш дастурини киритиш, шунингдек, уларга қўйиладиган техник талаблар ва замонавий стандартларни ишлаб чиқиш вазифасини қўйди.

2020 йил охирида ҳукумат «Ўзавтосаноат» компаниясини фақатгина электромобиллар ишлаб чиқаришга ўтказишни режалаштирганди. «Ўзавтосаноат» Стратегик бўлим бошлиғи Рустам Қодиров 2021 йилнинг март ойида Ўзбекистонда 2025 йилларга келиб электромобиллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши мумкинлиги ҳақида маълум қилганди.

Аммо 2022 йилдаёқ Central Asia Motors компанияси Фарғона механика заводи ҳудудида электромобилларни оммавий ишлаб чиқаришни бошлаши мумкин. Лойиҳа 50 миллион долларга баҳоланган (5 млн доллар тадбиркорнинг ўз маблағлари, яна 5 млн доллар банк кредити, қолган 40 млн доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестиция), завод йилига 10 минг дона электромобил йиға олади.

Февраль ойи бошида Энергетика вазирлиги давлат электромобилларни қувватлантириш станциялари тармоғини кенгайтириш дастурини тайёрлаётганини маълум қилганди. Spot`нинг ёзишича, бунгача электромобиллар инфратузилмаси билан фақат хусусий компаниялар шуғулланган.

Иқтисодий тааққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Ўзбекистонда электромобиллар ва электротехника ишлаб чиқаришнинг прогноз қилинадиган ўсишини ҳисобга олган ҳолда, «Ўзэлтехсаноат» уюшмаси ва «Ўзавтосаноат» АЖ билан биргаликда Мис кластери (ОКМК) асосида электромобиллар учун электр ёнилғи қуйиш шохобчалари ишлаб чиқаришни кўриб чиқишни таклиф қилганди.

BYD Auto Industry Co., Ltd. (Build Your Dreams) — кўп миллатли BYD Co Ltd компаниясининг шўъба корхонаси бўлиб, у янги энергия воситаларини (NEV) ишлаб чиқаради, турли мамлакатларда 8 та заводга, R&D марказларига эга ва NEV сотиш бўйича дунёда 2-ўринни эгаллайди ҳамда Хитойда биринчи ўринда туради.

Компаниянинг ишлаб чиқариш қуввати йилига қарийб 1 миллион автомобилни ташкил этади ва яқин йилларда автомобиль ишлаб чиқариш ҳажмини икки баравар оширишни режалаштирмоқда. Компаниянинг бозор капиталлашуви 100 млрд долларни ташкил этади ва 220 мингдан ортиқ ишчиси мавжуд.