Марказий банк томонидан тақдим этилган инфографикага кўра, январь ойида Ўзбекистонда жисмоний шахсларнинг хорижий валютага талаби ошди.


Валюта олди-сотдиси ҳажми

2022 йилнинг илк ойида тижорат банклари жисмоний шахслардан 464,2 млн доллар ҳажмида хорижий валюта сотиб олди. Бу 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 11 фоизга кўпроқни ташкил этди. Ушбу даврда аҳолининг банклардан хорижий валюта хариди сезиларли даражада ошди. Жумладан, январда Ўзбекитон аҳолиси 613,6 млн доллар миқдорида хорижий валюта харид қилди. Бу ўтган йилнинг январь ойига нисбатан 231 млн долларга ёки 61 фоизга кўп ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, 17 февраль кунидан кучга кирувчи расмий валюта курсларига кўра, 1 АҚШ доллари 10 845,08 сўмни ташкил қилди. Шунингдек, Ҳисоб палатаси 2022 йил учун 1 АҚШ долларининг йиллик ўртача алмашув курсини 11 321 сўм миқдорида прогноз қилганди. Бундан ташқари, Монополияга қарши курашиш қўмитаси норасмий валюта операцияларининг олдини олиш учун хусусий валюта шохобчаларининг ишлашига рухсат бериш таклифини илгари сурган эди.

Трансчегаравий ўтказмалар

Январда Ўзбекистонга 506,1 млн доллар халқаро трансчегаравий ўтказмалари келиб тушди. Бу кўрсаткич 2021 йилнинг (427,4 млн доллар) шу даврига нисбатан 79 млн долларга ёки 18 фоизга ўсди. Шу билан бирга, аҳолининг хорижга юборган пул ўтказмалари ҳам ортди. Бу ойда аҳоли 127,6 млн доллар ҳажмида чет элга трансчегаравий пул ўтказмаларини амалга оширди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан таққосланганда 27 млн долларга ёки 26 фоизга кўпроқ бўлди.

Марказий банк маълумотларига кўра, 2021 йилнинг 9 ойи якунлари бўйича мигрантларнинг пул ўтказмалари аҳоли бирламчи ва иккиламчи даромадлари ўсишини таъминлаган. Жаҳон банки ҳисоботига кўра, Ўзбекистонга меҳнат мигрантларининг пул ўтказмалари ҳажми 2021 йилда қарийб 7,6 млрд долларни ёки мамлакат ЯИМнинг 11,6 фоизини ташкил этиши кутилмоқда. Глобал макроиқтисодий прогнозларга мувофиқ, 2022 йилда пул ўтказмалари ҳажми 2,6 фоизга ўсиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Миллий банк процессинг маркази негизида хорижий давлатлардан Ўзбекистонга пул ўтказмаларини амалга ошириш учун «Ягона трансчегаравий пул ўтказмалари» тўлов тизими ишлаб чиқилаётгани ҳақида маълум қилинганди. Ушбу тизим пул ўтказмаларини «бошқа тўлов тизимлари билан бир қаторда жисмоний шахсларнинг илтимоси ва ихтиёрий танловига кўра» амалга оширади.