Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳудудида экстремистик ташкилотларга алоқадорликда гумонланаётган бир гуруҳ фуқаролар қўлга олинди. Бу ҳақда пойтахт ИИББ матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар берди.

Ушланган шахсларнинг яшаш манзилларида ўтказилган тергов ҳаракатлари натижасида, экстремистик оқим ва халқаро террорчилик ташкилоти тарғиботчиларининг ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган ҳамда тақиқланган материаллари топилиб, қонуний тартибда расмийлаштирилиб олинган.

Аниқлик киритилишича, тадбирлар натижасида экстремистик ташкилотларга алоқадорликда гумонланаётган 24 нафар шахс ушланган. Уларга нисбатан тергов давом этмоқда.

«Фуқароларимиз, айниқса ёшларимизни огоҳлантириб, бу каби қонун бузилишларига йўл қўймаслик мақсадида бузғунчи ғоялар таъсирига тушиб, ижтимоий тармоқларнинг шубҳали сайтларидаги даъватларига алданиб қолмасликларини, жамоат тартибига таҳдид солувчи материаллардан фойдаланмасликларини, уларни сақламасликларини ва тарқатмасликларини сўраб қоламиз», — деб огоҳлантирди Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати вакили.