Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши бўйича ишчи гуруҳининг бешинчи йиғилиши 21−22 июнь кунлари ташкилотнинг Женевадаги штаб-квартирасида бўлиб ўтади. Учрашув ЖСТ тадбирлари тақвимига киритилган.

Эслатиб ўтамиз, гуруҳнинг аввалги, тўртинчи йиғилиши деярли 15 йиллик танаффусдан сўнг 2020 йилнинг июль ойида онлайн тарзда ўтказилган эди.

Февраль ойида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков ЖСТ бош директори Нгози Оконжо-Ивеала билан музокаралар ўтказди.

Ўзбекистон томонидан ЖСТ Котибиятига мазкур йиғилишни ўтказиш учун тақдим қилинган янги ҳужжатлар устида ишлаш жараёни, шунингдек, мазмунга доир ва ташкилий характердаги бошқа масалалар кўриб чиқилди. ЖСТ раҳбарияти ташкилотга аъзо бўлиш жараёнида Ўзбекистонни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва юзага келаётган муаммоларни зудлик билан ҳал этиш учун икки томонлама ҳамкорликни фаоллаштириш тарафдори эканини билдирди.

Шундан сўнг Н.Оконжо-Ивеала ЖСТ Котибиятининг ташкилотга аъзо мамлакатлар билан икки томонлама ва кўп томонлама музокаралар олиб боришда Ўзбекистонни қўллаб-қувватлаш бўйича техник ёрдам кўрсатишни кенгайтиришга тайёрлигини билдирган.

Ўзбекистон томони, ўз навбатида, ЖСТга муддатидан олдин кириш масаласига устувор аҳамият қаратилишини таъкидлади.