2022 йилнинг 1 июлидан бошлаб шаҳодатнома дубликатини масофадан туриб олиш хизмати яратилди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Усмон Шарифходжаев ўзининг Telegram каналида маълум қилди.

Янги хизмат доирасида қатор қулайликлар жорий этилмоқда. Жумладан:

  • шаҳодатнома дубликати энди 5 кунда берилади (аввал ойлаб кутилган);
  • шаҳодатнома дубликатини олиш учун ариза бевосита my.gov.uz портали орқали юборилади ва дубликат электрон шаклда портал орқали берилади (аввал ариза бериш учун ҳам, ҳужжатни олиб кетиш учун ҳам мактабга келинган);
  • ариза онлайн шаклда, инсон омилисиз қабул қилинади, шахсий маълумотлар автоматик тарзда бошқа тизимлар билан интеграция қилинади ва бошқа ҳеч қандай ҳужжат сўралмайди (аввал мактабга 5 тагача ҳужжат тақдим этилган: ариза, ҳужжат йўқолгани ҳақида газета эълони, топилмалар идорасидан маълумотнома, паспорт нусхаси, фамилия ўзгаргани ҳақида ФҲДЁ бўлимларидан маълумотнома).

Бугунги кунга қадар 8 мингдан ортиқ фуқаролар мазкур хизматдан фойдаланиб шаҳодатнома дубликатини масофадан олишга улгурди. Ҳужжат дубликати электрон шаклда берилгач, мактабдан берилган аттестат ўз кучини йўқотади.

«Мактаб ва у ерда кечаётган ҳар бир жараён барчани бирдек қизиқтириши, табиий. Зеро, деярли ҳар бир хонадонда мактабда таҳсил оладиган ўқувчи ёки шу соҳада меҳнат қиладиган ходим бор. Шундай экан, халқ таълими тизими соҳасида аҳолига кўрсатиладиган давлат хизматларини имкон қадар шаффоф, тезкор ва сифатли амалга ошириш жуда муҳимдир», — деб ёзади вазирлик вакили.

Бундан ташқари, халқ таълими тизимида давлат хизматларини янада кенгайтириш «инсонлар эмас, ҳужжатлар ҳаракат қилиши керак» тамойилини кенгроқ жорий қилиш мақсадида жорий ўқув йилида яна 3 та хизмат йўлга қўйилади. Булар ўқувчиларни бир мактабдан бошқасига ўтказиш, хорижий фуқаро фарзандларини мактабга қабул қилиш, экстернат тартибида якуний давлат аттестацияларини топшириш учун ариза бериш хизматларидир.

«Халқ таълими тизимига оид давлат хизматларидан фойдаланиш жараёнида кўмак бериш ҳамда тегишли саволларга жавоб бериш мақсадида махсус бот @Xtv_davlatxizmatlari_bot фаолияти йўлга қўйилди. Юртдошларимиз Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали халқ таълимига оид муаммоларга дуч келишган тақдирда мазкур ботга мурожаат қилишлари мумкин бўлади», — дейилади хабарда.