Қашқадарё вилоятида 2022 йилнинг 9 ойида 552 та коррупцион жиноятлар содир этилди ва бу ўтган йилга нисбатан 114 тага ошган. Бу ҳақда вилоят ҳокими, Коррупцияга қарши курашиш бўйича вилоят кенгаши раиси Муротжон Азимов навбатдаги йиғилишда айтиб ўтди.

Маълум бўлишича, ҳокимлик, молия ва ғазначилик бошқармаси ходимларидан 34 нафари тадбиркорлик субъектларида таъсисчи ёки раҳбар сифатида ишламоқда. Қонунчиликда давлат фуқаролик хизматчилари тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши таъқиқланган.

Шундан, 1 таси ҳоким, 16 таси ҳоким ўринбосари, 4 таси ҳисобчи, 3 таси юрист, 1 таси кадрлар тармоғи раҳбари, 2 таси ҳоким ёрдамчиси, 1 таси матбуот котиби (ПҚ-4366 қарор бўйича раҳбар ўринбосарига тенглаштирилган), 2 таси молия бўлими бошлиғи, 4 таси молия ва ғазначилик бўлими бошлиғи ўринбосари.

«Коррупцияни олини олишда рақамнинг катта-кичиклиги муҳим, бу соҳада рақам ўз сўзини айтади. Ўтган 9 ой давомида тегишли органлар билан биргаликда соҳаларни коррупциядан тозалашни жадаллик билан олиб бормаганимизда кўплаб маблағлар ўз-ўзидан порахўрларни чўнтагига тушган бўлар эди. Биз шу маблағларни давлатга қайтардик. Давлат эса халқ фаровонлигига сарфлаш орқали халқни рози қилишдан манфаатдор», — деди кенгаш раиси.

Шунингдек, у президентнинг давлат активларини хусусийлаштириш масалалари юзасидан ўтказган йиғилишдаги нутқини эслаб ўтди. Ўшанда давлат раҳбари «Тасаввур қилинг, давлат қанчадан-қанча пулларни йўқотмоқда! Бу пулга қанча мактаб, қанча боғча ва йўл қуриш мумкин эди. Нимага бу пуллар давлатга эмас, кимларнингдир чўнтагига тушмоқда. Нега шуни ҳокимлар ўйламайди?», — дея таъкидлаганди президент.