Ўзбекистон Сенати «Ташаббусли бюджет» учун айрим соҳа вакилларининг овоз йиғиш ишларига жалб қилингани ҳолати назоратга олинганини маълум қилди.

Таъкидланишича, шу муносабат билан мазкур масала Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш комиссияси томонидан ўрганилмоқда.

«Мажбурий тарзда бирор-бир меҳнатга жалб этиш билан боғлиқ муаммоларга дуч келган ёки мазкур ҳолатдан хабардор бўлган юртдошларимизни mk@senat.uz, 1176 ҳамда 1092 рақамли ишонч телефонларига мурожаат қилишларини сўраймиз. Мурожаат тезкорлик билан ўрганилиб, зарур чоралар кўрилади. Мурожаатчининг розилигисиз шахсига доир бирон-бир маълумот ошкор қилинмаслиги кафолатланади», — дейилади хабарда.

«Очиқ бюджет» учун жорий овоз бериш 7 апрелга қадар давом этади. Биринчи мавсумда фуқароларнинг лойиҳаларини молиялаштириш учун 1,7 триллион сўм йўналтириш режалаштирилган.

Овоз йиғиш жараёнларига старт берилгач, айрим давлат ташкилотларида ходимларга овоз тўплаш мажбурияти юклатилаётгани ҳақида ҳам хабарлар пайдо бўлди.

Жумладан, Сирдарё ва Сурхондарёдаги мактабларда ўқитувчи ва ота-оналар ҳам овоз йиғишга мажбурланаётгани тўғрисида мурожаат келиб тушган.

Шундан сўнг вазир Ҳилола Умарова ўқитувчиларни овоз йиғишга мажбурлашга йўл қўйилмаслигини маълум қилган. Унинг таъкидлашича, ҳолатлар бўйича ўрганиш ишлари бошланган.

Тошкент вилояти Оққўрғон туманида эса ўқувчилари «Очиқ бюджет» лойиҳасида овоз тўплашга SIM-карта сотиб олиш учун пул йиғишга жалб қилинган мактаб директори ишдан бўшатилган. Вилоят ҳокими ҳақиқатан ҳам эҳтиёж бўлса, мактабни маҳаллий бюджет ҳисобидан жиҳозлаш бўйича топшириқ берган.

Telegram`даги Habikatura канали юқоридаги ҳолатга атаб карикатура эълон қилган.

open budget, мажбурий меҳнат, одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш комиссияси, ташаббусли бюджет