Марказий сайлов комиссияси президент сайловлари натижаларини тасдиқлади. Шавкат Мирзиёев 87,05% овоз билан ғалаба қозонди

Ўзбекистон президентининг муддатидан олдин ўтказилган сайловида овоз беришнинг якуний натижаларига кўра, Шавкат Мирзиёев 87,05% овоз билан ғалаба қозонди. Робахон Маҳмудова 4,43%, Улуғбек Иноятов 4,02%, Абдушукур Ҳамзаев 3,74% овоз тўплади. Буни Марказий сайлов комиссияси тасдиқлади.

АҚШ Ўзбекистон президентининг ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлашини билдирди

АҚШ элчихонаси Ўзбекистондаги муддатидан илгари президентлик сайлови якунлари бўйича берган баёнотида Қўшма Штатлар Шавкат Мирзиёевнинг ислоҳотлар дастурини амалга ошириш ва мамлакатда бошқарув тизимини такомиллаштиришда ёрдам беришга тайёрлигини таъкидлади.

Рақобат йўқ, лекин яхши ташкил этилган. ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси — президентлик сайлови тўғрисида

Ўзбекистонда президентлик сайлови «яхши тайёргарлик кўрилган» бўлса-да, «ҳақиқий рақобат»дан холи бўлди, дейди ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси. Кузатувчиларга кўра, сайлов куни «сокин ўтди», лекин қонунбузарликларсиз эмас. ОАВда танқидий ёритилмагани сайловчиларнинг «онгли танлов»ига тўсқинлик қилди.

Шавкат Мирзиёев «Темир йўл», «Автойўл», «Сувтаъминот» раҳбарлари ва бошқа амалдорларни ишдан олди

Президент видеоселектор йиғилишида сусткашликка йўл қўйганликлари учун сув хўжалиги вазири ўринбосари, транспорт вазири ўринбосари, «Сувтаъминот» раҳбари Соҳиб Саифназаров, «Темир йўл» раҳбари Ҳуснутдин Хосилов ва «Автойўл» раҳбари Абдураҳмон Абдувалиев лавозимидан озод этди.

Халқ ишончини оқлаш учун жонимни фидо қилишга тайёрман" — Шавкат Мирзиёев

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон президенти этиб қайта сайланганидан кейинги илк нутқида халқнинг юксак ишончини оқлаш учун бор билим, тажриба ва кучини сарфлашини, керак бўлса, бунинг учун жонини ҳам беришга тайёрлигини таъкидлади.

12 нафар ҳоким ишдан бўшатилди, Бош прокуратура уларнинг фаолиятини текширади

Шавкат Мирзиёев 10 та туман ва 2 та шаҳар ҳокимини инвестиция кўрсаткичи қониқарсизлиги учун ишдан бўшатиш бўйича топшириқ берди. Бош прокуратура ва Ҳисоб палатасига уларнинг фаолиятини ўрганиб, қонун устуворлигини таъминлаш вазифаси юклатилди.

«Бизнинг рухсатимизсиз бирлашса, жазога тортилади». Рақобат қўмитаси раиси — Uzum ва Click бирлашиши ҳақида

Рақобат қўмитаси раиси Шоҳруҳ Шораҳмедов Uzum ва Click компаниялари қўмита рухсатисиз бирлашса, жазога тортилишини маълум қилди. Аввалроқ компаниялар ўзаро бирлашгани тўғрисида қўшма баёнот берган, кейинроқ эса қўмита ҳали бирлашув бўйича расмий битим тузилмаганини билдирганди.

Сурхондарёдаги банкда амалиёт ўтаган талабалар ўзганинг картасидан 75 млн сўмдан ортиқ пулни ечиб олди

Сурхондарёдаги банклардан бирида амалиёт ўтаётган икки нафар талаба ўзганинг картасидан 75,7 миллион сўм ўзлаштириб, сўнг шаҳардаги бир нечта банкоматларда юзларини яширган ҳолда пул ечиб олган. Уларнинг иккиси ҳам озодликдан маҳрум этилди.

Самарқандда дайди итлар болакайга ташланди. Итлар эгаси қидирилмоқда

Самарқанд шаҳрида итлар йўлда кетаётган болакайга ташланди. Воқеага гувоҳ бўлган такси ҳайдовчиси итларни ҳайдаб, болакайга ёрдам берди. Ҳолат юзасидан ўрганиш ишлари бошланган, итларнинг эгаси аниқланган тақдирда унга нисбатан чора кўрилиши маълум қилинди.

Навоий вилоятида браконьерлар она-бола жайронни отиб ташлади

Навоий вилояти Навбаҳор туманида урғочи жайрон ва унинг боласини отиб ўлдирган браконьерлар қўлга олинди. Жонивор Қизил китобга киритилган бўлиб, етказилган зарар 33 млн сўмга баҳоланмоқда.

«Ғишткўприк» божхона пости олдида эркак ўткинчига пичоқ билан ҳужум қилди

Қозоғистон билан чегарадаги «Ғишткўприк» божхона пости олдида 58 ёшли эркак йўлда кетаётган нотаниш шахсга пичоқ билан жароҳат етказди. ППХ ходимларига ҳам қаршилик қилган шахс резина таёқ ёрдамида зарарсизлантирилди. Жароҳатланган эркак касалхонага ётқизилган.

Чирчиқда 27 ёшли йигит ўзини кўп қаватли уй балконидан ташлаб вафот этди

Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида 27 ёшли йигит кўп қаватли уйнинг балкон қисмидан тушиб, вафот этди. Март ойидан бери унда руҳий бузилиш кузатилгани айтилмоқда. Прокуратура терговга қадар текширув ҳаракатларини бошлади.

«Газета.uz»да эълон қилинган таҳлилнома ва мақола:

48,7% дан 96,5% гача. Тошкентда Шавкат Мирзиёевга қандай овоз беришди? (47 та участка мисолида)

«Газета.uz» Тошкент шаҳридаги 47 та (улар жами 822 та) сайлов участкаси маълумотларини таҳлил қилди. Ғолиб Шавкат Мирзиёев уларда 48,7 фоиздан 96,5 фоизгача овоз тўплади. Айрим участкаларда ҳақиқий эмас деб топилган бюллетенлар улуши қолган учта номзоднинг умумий фоизларидан ҳам юқори бўлган.

«Бизга кислород керак». Тошкентдаги маҳалла аҳолиси 18 минг дарахт кесилишидан хавотирда

Президент қарори ва фармони билан пойтахтдаги Ипакчилик илмий-тадқиқот институти Андижонга кўчирилмоқда. Институтга яқин жойда яшовчи аҳоли эса 18 мингга яқин дарахтлар тақдиридан хавотирда. Улар «Газета.uz» билан суҳбатда ҳукуматга мурожаат қилиб, ҳудудни миллий боғга айлантириб беришни сўради.