Хитойнинг CAMC Engineering компанияси Қашқадарё вилоятидаги лойиҳаларга 16 миллион доллар миқдорида сармоя киритишни режалаштирмоқда, деб хабар бермоқда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

Хитойда хизмати сафарда бўлиб турган Қашқадарё ҳокими Муротжон Азимов ва CAMC Engineering компанияси раҳбарияти билан Китоб туманида йилига 200 минг нафаргача хорижлик сайёҳни қабул қила оладиган «Қайнар» туристик-рекреацион зонасини ташкил этиш бўйича келишувга эришди. Компания ҳудуднинг халқаро даражадаги мастер-режасини ишлаб чиқади.

Шунингдек, ҳудудда 15 млн доллар тўғридан-тўғри инвестициялар киритиш асосида замонавий осма дор йўлини қуриш бўйича келишув ҳужжати имзоланди.

Компания Қарши халқаро аеропорти яқинидаги махсус иқтисодий зонани ҳамкорликда ривожлантириш учун Хитойнинг бошқа компанияларини ҳам жалб қилишга тайёрлигини билдирди, дейилади ҳокимлик хабарида.

Томонлар Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши муносабати билан Қашқадарё вилоятнинг транзит йўналишдаги жойлашувининг аҳамиятини қайд этди. Бу хитойлик тадбиркорларга Афғонистон бозорига чиқиш имконини беради.

Аввалроқ Муротжон Азимов Хитойда JAC Motors компанияси билан автомобиль ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш имкониятлари юзасидан музокаралар ўтказганди.

2022 йилнинг сентябр ойида Шавкат Мирзиёев ички ва ташқи туризм салоҳиятини оширишда ишларни етарли даражада ташкил этмагани учун вилояти ҳокимига ҳайфсан берганди.