Шаҳидлар хотираси хиёбонида қатағон қурбонларини ёд этиш маросими бўлди. Маросимда Шавкат Мирзиёев иштирок этди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилди.

Қуръон тиловат этилиб, ўтганлар ҳақига дуо қилинди. Элга ош тортилди.

«Ҳар сафар бу ерга келиб, халқимиз озодлиги йўлида қурбон бўлган жасур боболаримизни эслаб, кўнглимиз таскин топади. Уларни хотирлаш, эзгу ишларини давом эттириш биз учун ҳам қарз, ҳам фарз. Қатағон қилинган етакчиларимизнинг тақдири барчамизни мустақиллигимизни қадрлашга, уни асраб-авайлашга ундайди. Мана шундай мустақилликда, тинчликда яшашнинг ўзи Аллоҳ таолонинг катта марҳамати, неъмати. Бунинг учун шукроналик билан, унинг қадрига етиш керак», — деди президент.

1937−53 йилларда Ўзбекистонда 100 минг одам қатағонга учрагани, уларнинг 13 минг нафари отиб ташлангани яна бир бор ёдга олинди. Ўтган асрнинг 80 йилларида ҳам минглаб ўзбекистонликлар адолатсизлик қурбони бўлган. «Пахта иши», «ўзбек иши» деган сохта айбловлар билан республика бўйича 40 минг киши тергов қилинган, 5 минг нафари жиноий жавобгарликка тортилган.

Давлат раҳбари Ўзбекистонга йигирма беш йил раҳбарлик қилган, ўзбек халқининг буюк фарзанди Шароф Рашидов ҳам ўлимидан кейин сиёсий қатағонга учрагани аламли эканини айтди.

Жадидлар ҳаётини ўрганиш, ноҳақ қатағонга учраган инсонлар хотирасини абадийлаштириш бўйича хайрли ишлар қилинаётгани таъкидланди.

«Бу борада адолатни тиклаш бўйича кўп ишлар қиляпмиз. Тарихчи олимлар иштирокида комиссиялар тузилди, архив ҳужжатлари ўрганиляпти. Охирги икки йилда Ўзбекистон Олий суди 850 нафардан зиёд, бу йил 240 нафар ана шундай жабрдийда ватандошларимизнинг номини оқлади. Бундай изланишларни ҳеч қачон тўхтатмаслигимиз керак. Негаки ҳақиқатни халқимиз билиши керак, — деди Шавкат Мирзиёев.

Бу даврга оид тарих янги топилаётган ҳужжатлар ва ашёлар билан бойиб бормоқда. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича «Хотира» китоблари тайёрланди. Уларга 40 мингга яқин ватандошимиз тўғрисидаги маълумотлар киритилди. Бу тўпламлар яқин вақт ичида чоп этилади.

Президент шулар билан бирга қатағон қурбонлари яшаган маҳаллаларда уларнинг номлари, фаолиятини муҳрлаб қўйиш зарурлигини таъкидлади.

«Музейлар қилдик, китоблар чиқяпти, кўпчилиги оқланяпти. Лекин шу билан унутилиши керак эмас. Менинг назаримда, қатағон қурбонлари туғилиб ўсган ёки бугун авлодлари яшаётган маҳаллада, ўша ердаги мактабда уларнинг номларини ёзиб қўйсак, ҳам савобли, ҳам ибратли иш бўларди. Қолаверса, мана шундай байрамларда, хотира кунларида хонадонларини зиёрат қилиш керак. Нега уруш қатнашчиларини уйига борамизу, қатағон қурбонларини эсламаймиз?! Уларнинг ҳар бирининг ҳаёти — қаҳрамонлик. Биз буни ўрганиб, ташвиқот қилиб, ёшларимизга етказишимиз керак, — деди давлат раҳбари.

Мутасаддиларга жадид боболаримиз тарихини ўрганаётган тадқиқотчиларга мақсадли грантлар ажратиш, улар ҳақида ҳужжатли ва бадиий фильмлар олиш, матбуот ва интернет нашрларда материаллар чоп этиш бўйича кўрсатмалар берилди.

«Халқимиз у даврни яхши билиши, фахрланиши керак. Ёшлар „Бизнинг боболаримиз истиқлол орзусида курашган, ўзини аямаган, биз мустақиллик учун нима қилаяпмиз“ деб ўзига савол бериши зарур. Мустақилликнинг мустаҳкам замини нима ўзи? Аввало, ватанпарварлик, билим, маънавият. Жамиятимизда ана шундай ватанпарварлик руҳини, шукроналик руҳини кучайтиришимиз керак», — дея таъкидлади президент.

Фото

шавкат мирзиёев, шаҳидлар хотираси

шавкат мирзиёев, шаҳидлар хотираси

шавкат мирзиёев, шаҳидлар хотираси

шавкат мирзиёев, шаҳидлар хотираси

шавкат мирзиёев, шаҳидлар хотираси

шавкат мирзиёев, шаҳидлар хотираси

шавкат мирзиёев, шаҳидлар хотираси

шавкат мирзиёев, шаҳидлар хотираси

шавкат мирзиёев, шаҳидлар хотираси

шавкат мирзиёев, шаҳидлар хотираси

шавкат мирзиёев, шаҳидлар хотираси

шавкат мирзиёев, шаҳидлар хотираси

шавкат мирзиёев, шаҳидлар хотираси