Uzum рақамли экотизими 100 миллион доллардан ортиқ маблағ жалб этди. Бу билан у қиймати 1 миллиард доллардан ортиқ бўлган Ўзбекистон тарихидаги биринчи «яккашох» (хусусий мулк бўлган ва акция бозорида рўйхатга олинмаган, қиймати 1 млрд АҚШ долларидан ортиқ бўлган стартап компаниялар шундай аталади — таҳр.) айланди, дейилади компания пресс-релизида. Капиталга киритилган инвестициялар 50 миллион доллардан ортиқни ташкил этди ва компания илгари қарз маблағлари кўринишида 50 миллион доллардан ортиқ маблағни жалб қилган.

«Series A»да лид-инвестор сифатида FinSight Ventures глобал венчур фонди (Intercom, ThoughtSpot, Automation Anywhere, Toss, GupShup, Razorpay, Bumble, Rappi, Carta ва бошқаларга сармоя киритган), Xanara Investment Management (Форс кўрфази минтақасига ихтисослашган Ҳиндистон бошқарув компанияси) ва бир қатор Uzum раҳбарлари раундга издош сифатида қўшилди.

Раунд якунларига кўра инвесторлар 5 фоиздан камроқ улушга эга бўлади. 2024 йил давомида Uzum Яқин Шарқ, Буюк Британия ва АҚШ маблағлари иштирокида яна 200 миллион доллар жалб қилишни режалаштирмоқда.

2022 йилда яратилган мазкур компания 2024 йилда онлайн савдо учун мамлакатдаги энг йирик логистика мажмуасини ишга туширишни режалаштирмоқда ва шу йили электрон тижорат айланмасини 2,5 баробар оширишни кутмоқда. Uzum, шунингдек, жисмоний шахслар ва кичик ва ўрта бизнесни кафолатсиз кредитлаш соҳасида бир қатор экотизим маҳсулотларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни режалаштирмоқда. Uzum раунд доирасида йиғилган маблағни IT ва логистика инфратузилмасини ривожлантириш, шунингдек, ўзининг тўлов хизматини молиялаштиришга йўналтиришни режа қиляпти.

Uzum компанияси асосчиси ва бош директори Жасур Жумаевнинг сўзларига кўра, ҳар ойда Ўзбекистоннинг 10 миллиондан ортиқ аҳолиси Uzum хизматларидан фойдаланади. Ўтган йил давомида компания 100 миллион долларга яқин соф фойда олди. Жорий йилда бу кўрсаткични, жумладан, Uzum экотизимига хизматларни интеграциялаш ҳисобига ошириш режалаштирилган. 2023 йилда фойдаланувчилар сони ва буюртмалар бўйича e-commerce йўналишида компания, ўз маълумотларига кўра, қарийб 150 миллион долларлик айланмаси билан Ўзбекистондаги энг йирик онлайн платформага айланди.

Uzum экотизимида жисмоний шахслар ҳамда кичик ва ўрта бизнес учун e-commerce, моливий технология ва банк хизматлари: маркетплейс, тезкор етказиб бериш хизмати, классик ва рақамли банклар, BNPL хизмати («buy now, pay later» ёки бўлиб тўлаш), автомобиль сотиб олиш учун платформа, шунингдек, тадбиркорлар учун илова мавжуд. Экотизимнинг барча компонентлари энди иккита супер иловага интеграция қилинмоқда: жисмоний шахслар учун Uzum ва юридик шахслар учун Uzum Business.

Uzum`нинг ҳисоб-китобларига кўра, 2026 йилга бориб мамлакатда онлайн тўловлар бозори ҳажми 6 баробар, электрон тижорат бозори 8−9 баробар, моливий технология 8 баробарга ўсади, — деди Uzum стратегия ва бизнесни ривожлантириш бўйича директори Николай Селезнев.

KPMG мамлакатдаги e-commerce бозорини Марказий Осиёда энг тез ривожланаётган бозор сифатида баҳолайди, келгуси 5 йил ичида 7 карра ўсиш потенциалига эга. Шу билан бирга, 2023 йилда мамлакат ялпи ички маҳсулоти 6 фоизга ўсди ва келгуси 7 йил ичида Ўзбекистон уни икки баравар оширишни режалаштирмоқда. Мамлакат иқтисодиётининг ўсиши ва фаол рақамлаштирилиши учун имкониятлар орасида мутахассислар Интернет, ёш аҳоли, шунингдек, банк ва молиявий хизматларнинг ҳозирча паст даражада кириб боришини таъкидлайди.