ФОТО: МАДИНА АЪЗАМ
«Одамлар меҳрибон бўлишини хоҳлайман»
Тошкент ҳайвонот боғидаги Наврўз лақабли йўлбарс ҳикояси
Тошкент ҳайвонот боғида 10 яшар бир йўлбарс бор. Лақаби – Наврўз. Ўзи москвалик, 8 йилдан бери Тошкентда яшайди. Ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотган, ҳатто бир «хотини» ва боласидан ҳам «айрилган». Бир тишидан ҳам айрилган. Наврўз ўз ҳикоясини «Газета.uz» билан бўлишди – унинг одамларга илтимоси бор.
Тошкент ҳайвонот боғида 10 яшар бир йўлбарс бор. Лақаби – Наврўз. Ўзи москвалик, 8 йилдан бери Тошкентда яшайди. Ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотган, ҳатто бир «хотини» ва боласидан ҳам «айрилган». Бир тишидан ҳам айрилган. Наврўз ўз ҳикоясини «Газета.uz» билан бўлишди – унинг одамларга илтимоси бор.
Менинг исмим Наврўз, Тошкент ҳайвонот боғида йўлбарс лавозимида ишлайман. Лекин бу менинг биринчи иш жойим ҳам, биринчи исмим ҳам эмас. Мен ўзи 2014 йил 19 августда Москвада туғилганман. Туғилганимда исмим Дикий (Ёввойи) эди — Узоқ Шарқ ўрмонларида эмас, балки шаҳардаги ҳайвонот боғида туғилган йўлбарсваччага нега бундай ғалати исм қўйишганига ҳали-ҳали ҳайрон бўламан. 2016 йил февралида мени Тошкент ҳайвонот боғига олиб келишгач, пропискам билан бирга исмим ҳам ўзгарган. Бунинг ҳам тарихи қизиқ.
Сиз одамларда қандай билмадиму, лекин биз, зоопарк ҳайвонларида шундай — бир жойдан бошқасига кўчсак, камида 20 кун, кўпи билан тўрт ойгача карантинда бўламиз. Энди, бирор касаллик-пасаллик олиб келган бўлмасин ё янги жойга мослаша олмай, касал бўлиб қолса, бошқаларга ҳам юқтирмасин, дейишади-да. Мен ҳам Тошкентга келгач, 20 кун карантинда ётганман.

Очиғини айтишим керак, яхши кутиб олиб, яхши қарашган, йўқса, соппа-соғ бўлсам-да, зерикишдан ўлган бўлардим. Шу боис, ветеринария бўлими рухсати билан, 2016 йилги Наврўз байрами арафасида очиқ қафасга чиққанман. Шу баҳона бўлиб, зоопаркимизнинг (энди бу ер менинг ҳам боғим-ку, мен ҳам шу боғликман ахир) илмий-маърифий ишлар бўлими мудири Владимир ака Голованов менга Наврўз деб исм қўйишни таклиф қилган.
реклама
реклама
Бу таклиф ҳаммага маъқул келган, мана, етти йилдан бери Наврўзман. Бу исмим ўзимга ҳам ёқади — «Ёввойи» дегандан кўра яхши-ку, тўғрими? Менимча, исмим боғимиздаги бошқа ҳайвонларга ҳам ёқса керак. Ҳавас ҳам қилишар балки.
Бошқа ҳайвонлар деганга — зоопаркда мендан ташқари яна тўртта йўлбарс бор. Зоопаркбошимизга раҳмат, биз йўлбарслар табиатан якка яшашга ўрганганимизни билиб, ҳаммамизга алоҳида-алоҳида ҳовли-жой қилиб берган. Чап қўшним — оқ бенгал йўлбарси, 2022 йили БААдан олиб келинган. Ўзи исми Фиръавн, лекин ишчилар уни Фуфуня деб чақиради, ўтган йили Жанубий Африкадан унга бир ҳамроҳ ҳам олиб келишди (биринчи эшитганимда мен ҳам ҳайрон қолдим — Африкада бенгал йўлбарси нима қилади, деб; зоопаркимизни алдаб, шерни йўлбарс деб берворишганмикин деб ўйлагандим, йўқ, ростдан ҳам йўлбарс экан).
Наврўз: «Бу – Азияни кутаётган мен»
Ўнг қўшним — Даря лақабли урғочи амур йўлбарси. Тўртинчи йўлбарс ҳам урғочи, лақаби Азия, мен билан тенгдош — 2014 йили шу ҳайвонот боғида туғилган. Яшириб нима қилдим — Азия билан бирга яшаймиз (Тошкентга куёв бўлдим десам бўлаверади), ўзимиздан авлод қолдирайлик деб яхши ниятда бир очиқ қафасга бош суққанмиз. Лекин бу менинг биринчи «турмуш»им эмас. Мая деган урғочи йўлбарс бўларди, 2017 йил декабрида ўша билан бошимизни қовуштиришган. Шу билан 2018 йил апрелида оталик бахти насиб этган — Индира исмли қизимиз бор эди. Ҳозир Маяни ҳам, Индирани ҳам бошқа ҳайвонот боғига бериб юборишган. Нима ҳам қила олардим — зоопаркчилик, тақдиримиз шу.
Дарвоқе, ўрни келганда бир нарсани айтиб кетай — сиз одамлар орасида ҳам шундай масала борми-йўқми, билмадиму, лекин биз йўлбарсларда қариндошларнинг эр-хотин бўлиши мутлақо мумкин эмас. Боя бекорга прописка деганим йўқ — прописка паспортда бўлади-да, биз, ҳайвонот боғи жониворларининг ҳам паспортларимиз бор. Ҳайвонот боғлари ва аквариумларнинг Евроосиё минтақавий ассоциацияси (ЕАРАЗА) деган ташкилот юритади паспортларимизни. Ўша ердаги паспортларимизга қараб, ҳар бир йўлбарснинг ҳамма қариндошларини кўриш мумкин. Масалан, Азия шажараси бўйича менга қариндош, дейлик, опам ё синглим бўлганида эди, турган гапки, бизни бир қафасга қўйишмасди. Бундан ташқари, мен Азия билан умримнинг охиригача яшамайман — ҳали яна бир неча «оилам» бўлиши мумкин, ўшанда зоопаркимиз мутахассислари ЕАРАЗА базасидан текшириб, менга қариндош бўлмаган йўлбарс-хонимни олиб келади.
Бундан ташқари, ўша паспортлар бўлмаса ҳам, ўзимизда кучли бир сезги бор — қаршингдаги урғочи йўлбарс бегона эмас, ўз қариндошинг эканини сезасан, у ҳам буни сезади. Бирга-бирга ўйнашимиз мумкин, лекин эр-хотин бўлиш ҳақида умуман ўйламаймиз, чунки бунда соғлом насл туғилмайди. Билишимча, сиз одамларда ҳам шунақароқ сезги бор — «фаҳм-фаросат» дейсизлар, шекилли. Лекин у ҳам кимдадир бору кимдадир йўқ, баъзан ишлаб, баъзан ишламай қолади, тўғрими?
Нега бундай деяпман? Баъзилар роса қий-чув қилади, қўли билан қафас темирларини уриб, шовқин кўтаради, ўзи билан бирга олиб келган пластик идиш, ўйинчоқ ё бошқа нарсаларни, ҳатто чиқиндиларни қафас ичига отади. Бундай қилиш ярамайди-да! Ана, филимиз Путрининг қафасига қотган ноннинг қадоғини отишган экан, қизиқиб еб қўйибди. Неча кун мазаси бўлмай юрди. Ўзи биттагина филимиз бўлса. Ўлдириб қўясизлар-ку бунақада.
Айримлар: «Нега бу йўлбарсларинг ўйнаб, сакраб юрмаяпти?», деб зоопарк раҳбариятига шикоят қилишгача борибди ҳатто. Барака топкур, сен циркка эмас, ҳайвонот боғига келдинг, бу ерда ҳайвонлар трюк кўрсатмайди — раҳбариятга шикоят қилишга етган ақлинг нега шунга келганда оқсайдур, деб ўкирсанг-да уларга қараб. Тавба, одам деган ҳам шунақа бўладими, а?
Биз йўлбарслар тунда фаол бўламиз, овқатни ҳам асосан «иш вақти» тугагач, 20:00 дан кейин, тунда еймиз (дарвоқе, «иш вақти»миз 9:00 дан бошланади). Кундузи эса еганимизни хазм қилиб, чарчоқни чиқариб, кўп-кўп ухлаймиз. Мушуксимонларнинг деярли бари шу. Лекин одамлар мушукнинг уйқучилигини биладию, кун ёруғда бизни кўргани келиб, «қорни очлигидан ухлаб ётибди», дейди, «бу ҳам уйимиздаги мушукдек уйқучидир», деб ўйламайди. Мабодо уйғоқ бўлиб, қафас ичида айланиб юрсак «гўшт қидиряпти» деган гапга, одамлар ташлаган нарсани еб кўрсак, яна «оч қолибди» деган туҳматга қоламиз.
Бизнинг оч-тўқлигимиздан қайғурадиган одамларга шуни расман маълум қилишим мумкинки, еб-ичишимиз жуда жойида. Тошкентга келганимда ҳали икки ёшга ҳам тўлмаган ўспирин эдим, вазним 155 килоча эди. Ўзбекистонда кўп гўшт ейишаркан ва кўп гўшт беришаркан — илк келган вақтларим кунига 7−8 кило мол гўшти беришарди. Ҳозир оғирлигим 280−290 кило атрофида, қишда кунига 12 килодан, ёзда эса 10 килодан мол гўшти ейман. Мол гўштидан бошқаси бўлмайдими сенга, деган савол туғилиши мумкин. Очиғи, менга умуман фарқи йўқ — молми, паррандами, қуёнми, ҳаммасининг гўштини кўрдим демай уравераман. Лекин табиат қўйнида яшаган аждодларимиз йирик шохли ҳайвонларни овлаб егани учун боғ раҳбарияти ҳам бизни йирик қорамол гўшти билан сийлайди. Тўғрисини айтсам, бу сийловлар менга жуда маъқул.
Кечаси қоринни тўйдириб, кундузи нуқул думини осилтириб ухлайвераркан-да бу чиройли, деб ўйламанглар тағин. Қафаснинг ҳув бурчагидаги соябонни кўряпсизми? Унинг тагида супача бор. Ўзи бу нарсалар менинг мазза қилиб дам олишим учун қилинган. Лекин, бу йил 10 ёшга тўлсам-да (бирпасда кап-катта йўлбарс бўлиб қолдиме), кўнгил ҳалиям ёш — шу супачани тишлаб тортиб, ўйнашни яхши кўрардим. Бир сафар ўйинга жуда берилиб кетиб, жуда қаттиқ тортиб юборганман — тахтаси синмагур жуда оғир экан, ўнг тарафдаги пастки жағ тишимни ўзи билан олиб қолиб, юқоридагисини синдириб юборган… Ҳа энди йигитчиликда шунақа ишлар ҳам бўлиб туради.
Кимдир айтганларимни ўқиб: «Бу йўлбарсга Тошкент роса ёқибди-ку — мазза қилиб ўйнаркан, ҳар куни килолаб гўштни паққос тушираркан-да, кетидан одамларни ёмонларкан, одамларни ёмон кўраркан!», дейиши мумкин.
Биринчидан, ҳа, Тошкент роса ёқди — мана, Дубайдек жойдан келган Фуфуня ҳам мазза қилиб юрибди — демак, зўр-да Тошкент (айниқса, ёзнинг иссиғида ҳовузда чўмилиш мазза!). Иккинчидан, йўқ, мен одамларни ёмон кўрмайман. Ҳа, авваллари унчалик ёқтирмасдим, «бизга одамларнинг нима кераги бор?», деб ўйлардим. Лекин бундан тўрт йил аввал, айни Наврўз кунлари аслида одамларни жуда яхши кўришимни сезиб қолдим.
Ўшанда зоопарк бирдан ҳувиллаб, тинчиб қолди. Фақат буёқдан бўрининг увиллашию, уёқдан шернинг онда-сонда давомли ўкириши эшитилади, холос. На катта одамларнинг ғовур-ғувури, на болаларнинг қий-чуви бор. Тўғриси, ўзимни йўқотиб қўйдим, иштаҳам йўқолиб, томоғимдан гўшт ўтмай қолди. Бахтимга ветеринария бўлимидаги меҳрибонларим бор экан — витаминлар бериб, аҳволимни ўнглашди, яна аввалгидек 10 килолаб гўшт ея бошладим.
Кейин билсам, боғимиздан ташқарида «коронавирус», «пандемия», «карантин» деган нарсалар бўлаётган, одамлар зоопаркка келиш тугул уйидан кўчага ҳам чиқолмай қолган экан.
реклама
реклама
Лекин зоопаркимиздаги ходимлар фидойи — ўша оғир кунларда боғда навбатма-навбат ётиб қолиб, бизга меҳр билан қарашди. Бизга айнан шу қадрдонларимизнинг меҳри ҳар қандай касаллик, ҳар қандай вирусга қарши ҳақиқий вакцина!
Мен ўзим Азамат ака Турсунхўжаев ва зоотехник Жавлон ака Рихсибоев назоратидаман. Вақтида овқатимни беришади, қафасларимни тозалаб қўйишади. Иккиси ҳам жуда яхши одам. Ҳамма одамлар ҳайвонларга шу Азамат акам, Жавлон акам каби меҳрибон бўлишини жуда истардим.
Ҳа, ҳамма одамлар ҳайвонларга ҳам, бир-бирларига ҳам меҳрибон бўлишларини танимдаги йўл-йўл чизиқларим нечта бўлса, шунча минг, шунча миллион марта истардим.
Йўлбарс билан Миролим Исажонов «тил топишди», унинг айтганларини Муҳрим Аъзамхўжаев матнлаштирди. Фотограф Мадина Аъзам эса қўярда-қўймай суратга туширди.

Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан қуйидаги
ҳаволада танишишингиз мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг