Ўзбекистонда январь-апрель ойларида истеъмол нархлари ошиши 2,59 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Статистика агентлиги ҳисоботида маълум қилди.

Мамлакатда апрель ойида истеъмол нархлари ўтган йилга нисбатан (0,82 фоиз) бироз тезлашиб, 0,93 фоизни ташкил этди.

Апрель ойи охирида йиллик инфляция 8,08 фоизни ташкил этди. Март ойидаги кичик ўсишга қарамай, бу аввалги йилларга нисбатан сезиларли даражада паст кўрсаткич ҳисобланади. Масалан, 2023 йил апрель ойида у 11 фоизни ташкил этганди.

Ой давомида озиқ-овқат маҳсулотлари инфляцияси 0,4 фоизгача тушди, бу ўтган йилининг апрель ойига нисбатан уч баравар паст. Йиллик асосда озиқ-овқат нархлари 7 фоизга ошди.

Апрель ойида нархларнинг ўсиши бўйича мевалар (+3 фоиз) етакчи бўлди. Ой давомида банан 9,9 фоизга, мандарин 7,5 фоизга қимматлашди. Шу билан бирга, сут маҳсулотлари 2,7 фоизга, сабзавотлар 1,2 фоизга арзонлашди.

Ўтган йил давомида мева нархи ўртача 31,4 фоизга, лимон икки баробар, анор 2,5 баробарга ошди. Гуруч 12 фоизга, балиқ ва денгиз маҳсулотлари 7,3 фоизга қимматлашди. Шу билан бирга, сабзавот маҳсулотлари 8,6 фоизга, ёғ-мой маҳсулотлари 8,5 фоизга арзонлашди.

Ишлаб чиқарилган маҳсулотлар нархининг ўсиш суръати ойига 1 фоизга, йиллик ҳисобда эса 7,7 фоизга ошди. Апрель ойида кийим-кечак ва пойабзал нархлари деярли ўзгаришсиз қолди ва йил давомида мос равишда 5,8 ва 5,5 фоизга ўсди.

Мебель март ойида 0,1 фоизга, ўтган апрель ойида эса 5 фоизга, маиший техника 0,3 фоизга ва 6,5 фоизга қимматлашган. Йил давомида телефонлар 0,8 фоизга арзонлашган, компьютерлар 0,9 фоизга қимматлашган.

Апрель ойида бензин нархи 1,8 фоизга пасайди. Метан 3 фоизга (йиллик 22,4 фоиз) қимматлашди.

Хизмат кўрсатиш соҳасида инфляциянинг кескин тезлашиши кузатилди. Апрель ойида 1,8 фоизгача ва йиллик 10,8 фоизга кўтарилди. Умумий овқатланиш корхоналарида нархлар мос равишда 0,9 ва 17,9 фоизга, меҳмонхоналарда 0,2 ва 19,5 фоизга ошган.

Темир йўл чипталари апрель ойида 3,2 фоизга, йил давомида эса 37,8 фоизга қимматлашган. Ой давомида ҳаво транспорти 1,7 фоизга арзонлашди, йиллик нарх ўсиши эса 7 фоизни ташкил этди.