Yandex Go Ўзбекистонда электромобиллар учун махсус тарифни ишга туширади, дея хабар бермоқда «Газета.uz»га компания матбуот хизмати.

Тарифда BYD, Dongfeng, Hongqi ва бошқа маркалардаги электромобиллар тақдим этилади. Дастлабки босқичда Yandex Go хизматига 1000 дан ортиқ автомобилни улаш режалаштирилган.

Кейинги босқичда компания барқарор шаҳар муҳитини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш учун электромобиллардан фойдаланувчи ҳамкорлар сонини оширишни кўзламоқда.

«Газета.uz» компания вакилларига электромобиллар учун алоҳида тариф жорий этилиши Ўзбекистонда бундай автомобиллар оммабоплигининг ўсиши билан боғлиқми, деган савол билан юзланди. Ҳозирда мавжуд бўлган сўнгги очиқ маълумотларга кўра, 2023 йилнинг январь-октябрь ойларида Ўзбекистонга 22,49 мингта электромобиль импорт қилинган. 2022 йилнинг шу даврига нисбатан импорт ҳажми 6 баробардан зиёд ошган.

«Тарифнинг ишга туширилиши шаҳарда етарлича ривожланган инфратузилма ва мижозлар ўртасида электромобиллардан фойдаланишга бўлган барқарор талаб билан боғлиқ», — деб жавоб берди Yandex Go.

«Электромобиллар юқори даражадаги қулайликка эга — замонавий, шовқинсиз ишлайди. Шунингдек, улар фойдаланишда тежамкор, ёнилғи сарфи ва харажатлари паст, бу ҳайдовчилар учун фойдали. Шаҳар муҳити учун электромобиллардан, жумладан, таксида фойдаланиш шаҳардаги шовқинни ва чиқиндиларни камайтиришга ёрдам беради», — дейди Yandex Taxi`нинг МДҲ бўйича ривожланиш директори Кирилл Свинцов.

Компаниянинг таъкидлашича, бундай ташаббусларни қўллаб-қувватлаш нафақат шаҳарлардаги ҳаёт сифатини яхшилашга, балки электромобилларга бўлган талабни ошириш ва мос инфратузилмани ривожлантиришга ҳам туртки беради.

Yandex Go иловасидаги электромобиллар «Комфорт+» тарифида бўлади.

Ўзбекистон Yandex Go электромобиллар учун махсус тарифлар жорий қилган иккинчи давлатдир. Илгари бундай тариф Беларусда 2021 йилда жорий қилинган.