2 май куни Тошкентда III халқаро инвестиция форуми доирасида Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) билан Ўзбекистоннинг йирик банкларидан бири бўлган «Асакабанк»ни хусусийлаштириш бўйича битим имзоланди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

Форумда нутқ сўзлаган давлат раҳбари иқтисодиётда чуқур трансформация жараёнлари, қулай инвестиция ва бизнес муҳити ҳамда саноатда юқори қўшилган қийматни яратиш изчил давом эттирилишини таъкидлаб, бундаги устувор йўналишларга алоҳида тўхталиб ўтди. Уларнинг биринчиси «яшил» энергетика бўлса, иккинчиси банк-молия соҳаси экани айтилди.

Биринчи йўналишда Ўзбекистон 2030 йилгача 20 гигаваттдан ортиқ қайта тикланувчи энергия қувватларини яратиш ва энергетика балансида унинг улушини 40 фоизга етказишни мақсад қилган.

Фото: Президент матбуот хизматиФото: Президент матбуот хизмати

Иккинчи йўналиш доирасида Шавкат Мирзиёев cўнгги йилларда Ўзбекистонда кўплаб хусусий банклар очилгани, бозорга Европанинг етакчи банклари кириб келганини таъкидлади. «Молиявий ресурсларга талабни қондириш учун капитал бозорини ривожлантириш бўйича ёндашувлар қайта кўриб чиқилмоқда. Ўзбекистонда халқаро молиялаштириш инструментларини ривожлантириш устида иш олиб борилмоқда», — деди у.

Маълумот учун, «Асакабанк» молиявий хизматлар бозорида 27 йилдан буён ишлаб келмоқда. Банк шу кунгача капитал ва активлар ҳажми бўйича Ўзбекистоннинг етакчи банкларидан бири ҳисобланади.

«Хорижий сармоялар оқими бир неча баробар ортиши, корпоратив бошқарув сифати ошиши, янги етакчи банк-молия институтлари кириб келишини кутиб қоламиз», — деди президент.

Апрель ойи бошида бош вазир ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров банкларни хусусийлаштириш қандай кетаётгани ҳақида гапириб, май ойида «Асакабанк»ни хусусийлаштиришга тайёрлаш бўйича ЕТТБ билан келишув имзоланиши режа қилинганини билдирганди.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил август ойида президент «Қишлоқ қурилиш банк» (Бизнесни ривожлантириш банкига айлантирилди), «Асакабанк», «Алоқабанк», «Агробанк» ва бошқа банкларни хусусийлаштириш ҳамда акциялари IPO`сини кечроқ муддатга қолдирганди.