Шавкат Мирзиёев III Тошкент халқаро инвестиция форумида нутқ сўзлади. У иштирокчиларни қутлаб, инвесторларга мурожаат қилди ва уларни Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга чақирди.

«Бизнинг асосий мақсадимиз — Ўзбекистонни хорижий инвесторлар учун ишончли ва узоқ муддатли ҳамкорга айлантиришдир», — деди давлат раҳбари. «Давлатимиз бозор муносабатларини ривожлантиришни, инвесторлар ҳуқуқлари ишончли ҳимоя қилинишини, қулай инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришни, ҳалол рақобат учун янада кенг шарт-шароитлар яратишни, хусусий мулк дахлсизлиги ва суд тизимининг мустақиллиги таъминланишини ўз зиммасига олмоқда».

Шавкат Мирзиёев бу тамойиллар ўтган йили референдумда қабул қилинган янгиланган Конституцияда мустаҳкамланганини таъкидлади.

Ўзбекистон президенти инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтиришга қаратилган қатор таклифларни тақдим этди.

«Инвестициялар тўғрисида»ги қонунни қабул қиламиз. Ушбу ҳужжат Жаҳон савдо ташкилоти тартиб-қоидалари ва стандартларига мувофиқ ишлаб чиқилди», — деган Шавкат Мирзиёев Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотига бу борадаги яқин ҳамкорлиги учун миннатдорлик билдирди.

Бундан ташқари, президентнинг таъкидлашича, тез орада мамлакатда Рақамли технологиялар халқаро маркази ҳузурида Халқаро тижорат суди иш бошлайди.

«Ушбу суд Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизимида алоҳида ўринга эга бўлади. Бунинг учун яқин муддатларда махсус қонунни қабул қиламиз. Процессуал кодексларга ушбу халқаро тижорат суди қарорлари тўлақонли ижро этилишига оид меъёрларни ҳам киритамиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон раҳбари, шунингдек, «саноат зоналари тизимига мутлақо янги ёндашувлар»ни жорий этиш режаларини ҳам маълум қилди.

«Юқори технологик лойиҳаларни амалга ошириш учун инвесторларга янада қулай шарт-шароитлар яратилади. Саноат зоналарини бошқаришда хусусий операторлар, жумладан, юқори малакали хорижий компанияларни фаол жалб қилиш амалиёти кенгайтирилади. Махсус иқтисодий зоналар фаолият муддатлари бўйича чекловлар ҳам бекор қилинади», — деди Шавкат Мирзиёев.

«Хорижий сармоядорлар учун ерларни ижарага бериш муддати 25 йилдан 49 йилгача, яъни икки баробар узайтирилади. Бунда, қонунлар билан кафолатланган амалдаги имтиёз ва преференциялар тўлиқ сақлаб қолинади», — деди президент.

Бу масалаларнинг барчаси 3 май куни президент ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгашининг навбатдаги йиғилишида ҳам муҳокама қилинади.