Эндиликда Ўзбекистонда хорижий сармоядорлар акциялардан олинаётган дивидендлар бўйича солиқлардан уч йил муддатга озод этилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев учинчи Тошкент халқаро инвестиция форумининг ялпи мажлисидаги нутқида маълум қилди.

Президент яқинда хусусийлаштириш тўғрисидаги қонун қабул қилинганини қайд этди. 250 та йирик корхонанинг давлат улушини ва салкам 1000 та кўчмас мулк объектларини сотиш, 12 та корхона акцияларини фонд бозорларида бирламчи оммавий жойлаштириш (IPO) учун янги дастур ҳам ишга туширилди.

Тадбиркорлар барқарорлиги рейтинги жорий этилди. Юқори рейтингга эга тадбиркорлик субъектлари учун солиқ текширувлари ўтказилмаслиги қайд этилди.

Шунингдек, энергетика йўналишидаги давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш тажрибасини ижтимоий ва бошқа инфратузилма соҳаларида ҳам кенг татбиқ этиш режалаштирилган.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги тузилиб, 2030 йилгача мўлжалланган Миллий стратегия ишлаб чиқилмоқда.

«Бизнинг асосий мақсадимиз — Ўзбекистонни хорижий инвесторлар учун ишончли ва узоқ муддатли ҳамкорга айлантиришдир», — деди Шавкат Мирзиёев.

Қайд этилишича, тез орада мамлакатда Рақамли технологиялар халқаро маркази ҳузурида Халқаро тижорат суди иш бошлайди. Ушбу суд Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизимида алоҳида ўринга эга бўлади.

Саноат зоналарини бошқаришда хусусий операторлар, жумладан, юқори малакали хорижий компанияларни фаол жалб қилиш амалиёти кенгайтирилади. Махсус иқтисодий зоналар фаолият муддатлари бўйича чекловлар ҳам бекор қилинади.

Хорижий сармоядорлар учун ерларни ижарага бериш муддати 25 йилдан 49 йилгача, яъни, икки баробар узайтирилади. Бунда, қонунлар билан кафолатланган амалдаги имтиёз ва преференциялар тўлиқ сақлаб қолинади.