«Чегара билмас мухбирлар» (Reporters Without Borders, RSF) халқаро нодавлат ташкилоти томонидан эълон қилинган матбуот эркинлиги бўйича 2024 йилги янги рейтингда Ўзбекистон 180 та давлат ичида 148-ўринни эгаллади. Мамлакат 2023 йилги рейтингдаги ўрнидан бирданига 11 поғона пастлади.

«Президент Ислом Каримовнинг вафотидан сўнг ОАВ учун шароитлар бирозгина яхшиланди, ҳокимиятдагиларни танқид қилиш жуда мураккаблигича қолмоқда», — дейилади ҳисоботда.

Унда айтилишича, расмийлар оммавий ахборот воситаларига қарши репрессив қонунларни тугатиш учун зарур бўлган ислоҳотларни ҳали амалга оширмаган. Цензура, кузатув ва ўз-ўзини цензуралаш кенг тарқалган.

Мамлакатда ОАВ эркинлиги билан боғлиқ вазият «мураккаб»дан «жуда жиддий» (харитада тўқ қизил ранг) босқичига ўтди.

Экспертлар бу йил ҳам блогер Отабек Сатторий иши ва 2022 йил ёзида Нукусдаги намойишларни ёритган журналистларга нисбатан бўлган босимни тилга олди.

Марказий Осиё мамлакатларида матбуот эркинлиги билан боғлиқ вазият қуйидагича: индексда Қозоғистон 142-ўрин (-8), Қирғизистон 120-ўрин (+2), Туркманистон 175-ўрин (+1), Тожикистон эса 155-ўрин (-2)да қайд этилган.

Қўшни Афғонистонда ҳолат сезиларли ёмонлашган — 26 поғонага пастлаган ҳолда 178-ўрин.

Дунёдаги вазият

reporters without borders, rsf, сўз эркинлиги, чегара билмас мухбирлар

Йиллик Жаҳон матбуот эркинлиги индексига кўра, дунё бўйлаб матбуот эркинлигига сиёсий ҳужумлар, жумладан, журналистларни ҳибсга олиш, мустақил оммавий ахборот воситаларини бостириш ва нотўғри ахборотни кенг тарқатиш ўтган йили сезиларли даражада ошган.

Рейтингда кўп йиллар давомида Шимолий Европа мамлакатлари — Норвегия (1-ўрин), Дания (2-ўрин), Швеция (3-ўрин), Нидерландия (4-ўрин) ва Финляндия (5-ўрин) етакчилик қилиб келмоқда. Рўйхатни Эрон (176-ўрин), Шимолий Корея, Афғонистон, Сурия ва Эритрея якунлайди.

«Чегара билмас мухбирлар» ташкилоти маълумотларига кўра, рейтингга киритилган 180 та давлатдан 36 тасида матбуот эркинлиги билан боғлиқ вазият «жуда жиддий», яна 49 та давлатда эса «мураккаб». «Яхши» ҳолат фақат саккизта давлатда кузатилмоқда.

Индексда Беларусь 167-ўрин (10 та ўринга пастлади), Грузия (103-ўрин, -26), Озарбайжон (164-ўрин, -13), Туркия (158-ўрин, -7)нинг натижалари ёмонлашди.

«2024 йилда Владимир Путин ҳайратланарли тарзда қайта сайланган Россия (162-ўрин, +2) Украинада уруш олиб боришда давом этмоқда (61-ўрин, +18), бу оммавий ахборот воситалари экотизимига ва журналистлар хавфсизлигига катта таъсир кўрсатди», — дейди экспертлар.

«RSF оммавий ахборот воситаларининг автономиясини қўллаб-қувватлаш ва ҳурмат қилишнинг хавотирли пасайишини ҳамда давлат ёки бошқа сиёсий иштирокчилар томонидан босим кучайиб бораётганини кўрмоқда. Давлатлар ва бошқа сиёсий кучларнинг матбуот эркинлигини ҳимоя қилишдаги роли пасаймоқда», — дейилади ҳисоботда.

RSF маълумотларига кўра, 2023 йил октябрь ойидан бери Ғазода 100 дан ортиқ фаластинлик журналист, жумладан, камида 22 нафари иш фаолияти давомида ўлдирилди.

Ҳисоботда, шунингдек, 2024 йил бошидан бери 12 нафар журналист ўлдирилгани, 544 нафар журналист ва 26 нафар медиа ходими ҳисбга олингани ҳақида сўз борган.