Марказий банк йилнинг биринчи чораги бўйича пул-кредит сиёсати шарҳида фискал интизом келгусида инфляцияга қўшимча босим шаклланишининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этишини қайд этди.

«Аввалги йиллардаги бюджет харажатларининг юқори суръатда ўсиши таъсирлари камайиб бориши билан бир қаторда келгусида фискал интизомга риоя қилиниши ва бюджет харажатларининг йил бошида белгиланган даражалари доирасида амалга оширилиши инфляцияга талаб томондан қўшимча босим шаклланишининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади», — дея қайд этди регулятор.

Давлат бюджети тақчиллиги I чоракда 19,8 трлн сўмни ёки ЯИМга нисбатан 8,2 фоизни ташкил этган ҳолда юқорилигича сақланиб қолмоқда. Мазкур юқори тақчиллик иқтисодиётнинг молиявий ҳолатига потенциал босимни шакллантириб, давлат харажатлари ва даромадлари ўртасидаги сезиларли номутаносибликни акс эттиради.

Инфографика: Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотлари асосида Марказий банкИнфографика: Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотлари асосида Марказий банк

Cўнгги даврларда (2023 йилнинг III чорагини ҳисобга олмаганда) кузатилган мусбат фискал импульс тенденцияси иқтисодиётда рағбатлантирувчи фискал сиёсат давом этаётганини кўрсатади. Бу, ўз навбатида, мазкур давр оралиғида ялпи талабнинг кўпайиши орқали ЯИМ тафовути ижобий бўлишига ҳисса қўшиб, жорий ЯИМ потенциалидан юқорироқ шаклланишига ҳамда иқтисодий фаоллик сезиларли даражада жонланишига олиб келган.

«Юқори фискал тақчиллик қисқа муддатли иқтисодий фаолликни оширса-да, ўрта муддатда потенциал ўсишга ҳамда нархлар барқарорлигига салбий таъсирга эга бўлиши мумкин. Барқарор бюджет-солиқ сиёсатини сақлаб қолиш ва узоқ муддатли иқтисодий барқарорликни таъминлаш учун ушбу тафовутнинг бартараф этилиши муҳим ҳисобланади», — дея қайд этган регулятор.

Сўнгги чоракларда инфляцион жараёнлар секинлашишига қарамасдан, асосий ставкани ўзгаришсиз қолдириш орқали пул-кредит шароитларида қатъийлик даражаси сақлаб қолинди.

Шу билан бирга, жаҳонда қатъий молиявий шароитларнинг сақланиб қолаётгани ва ташқи молиявий ресурсларнинг чекланганлиги ички ресурсларга бўлган талабни оширмоқда. Бу эса пул-кредит сиёсатининг нисбатан қатъий шароитлари бозор фоиз ставкаларига ўтишини тезлаштирмоқда.

Хусусан, ташқи қарз жалб қилиш қимматлашгани натижасида асосий эътибор ички ресурсларга қаратилиб, жорий йилнинг I чорагида 10,2 трлн сўмлик (2023 йилнинг мос даврига нисбатан 2,2 баробарга кўп) давлат қимматли қоғозлари эмиссия қилинган.

Давлат қимматли қоғозлари даромадлилиги йил бошидан бирмунча тебранувчан динамикада, қарийб 16−18 фоиз атрофида шаклланган.

«Умумий давлат қарзига хизмат кўрсатиш харажатларининг ошиб бориши юқори фискал рағбатлантиришларни жиловлашга ва шу орқали иқтисодиётда инфляцион босимларни камайтиришга хизмат қилиши мумкин», — дея қайд этган регулятор.