Учинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми якунлари бўйича умумий қиймати 26,6 миллиард доллар бўлган келишувлар имзоланди, деб хабар қилди Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги (ИССВ) матбуот хизмати.

Қайд этилишича, 2023 йилда ўтказилган форум доирасида жами қиймати 11 млрд долларлик, 2022 йилда эса 7,8 млрд долларлик 167 ҳужжат имзоланган. Бу йилда қуйидаги йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди:

  • Саудия Арабистонининг Data Volt компанияси «Янги Тошкент»да 1 млрд долларга шаҳар инфратузилмасини ва 3 млрд долларга яшил технологияларга асосланган маълумотлар маркази қуришни режалаштирмоқда;
  • Саудиянинг яна бир компанияси Acwa Power 6,2 млрд долларга Қорақалпоғистонда қуввати 5 ГВт шамол электр станцияси ҳамда қуввати 2 ГВт бўлган электр энергиясини сақлаш қурилмаларини барпо қилади;
  • Бирлашган Араб Амирликларининг Amea Power компанияси ҳам Қорақалпоғистонда қуввати 1000 МВт бўлган 1,1 млрд долларлик шамол электр станциясини қуради;
  • Саудия Арабистонининг Saudi Tabrid компанияси Нукус, Фарғона ва Қувасой шаҳарларида 750 млн долларга иссиқлик тизимини модернизация қилади
  • Мисрнинг Nil Shugar компанияси Жиззах вилоятида қиймати 500 млн долларлик қанд лавлаги етиштириш ва шакар ишлаб чиқаришни йўлга қўяди;
  • Хитойнинг Shaynxay Knud Interneshnl компанияси Наманган вилоятида қиймати 205 млн доллар бўлган текстиль ва тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўяди;
  • Сингапурнинг Vilmar Interneshnl компанияси Тошкент вилоятида қиймати 200 млн долларлик озиқ-овқат маҳсулотлари ва чорва учун озуқа ишлаб чиқаришни режа қилмоқда.

Бундан ташқари, форумда Oraskom Investment (Миср), Bonafarm Grup (Венгрия), Sayar (АҚШ), Goldvind, Sinoma (Хитой), Sam Yapi (Туркия), Pasha Development (Озарбайжон), Laselsberger (Австрия), Petrosat Chexelsoton (Эрон) каби компаниялар билан қиймати 6,6 млрд долларга тенг янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.

Тадбирда 93 давлатдан 2500 дан ортиқ иштирокчи иштирок этди. Хорижий инвесторларга минтақавий энергетика лойиҳалари (Қамбарота ГЭС-1 ва Явон ГЭСи қурилиши) тақдимоти форумнинг муҳим воқеаларидан бири бўлди. Тақдимот маросими Ўзбекистон ва Қирғизистон бош вазирлари иштирокида бўлиб ўтди.

Тадбир доирасида панель сессиялари, муҳокамалар, бизнес нонушта ва давра суҳбатлари ўтказилди. Кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашда давлат, инвесторлар ва тадбиркорларнинг роли марказий мавзулардан бирига айланди.

Форумнинг биринчи кунида Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтиришга қаратилган чора-тадбирларни санаб ўтди: «Инвестициялар тўғрисида»ги қонун қабул қилинади, мамлакатда Халқаро тижорат суди иш бошлайди ва хорижий сармоядорларга ерларни ижарага бериш муддати икки баробар узайтирилади.

Давлат раҳбари инвесторларни Ўзбекистон иштирокидаги халқаро лойиҳаларга қўшилишга чақирди.