Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида «Ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларнинг олдини олиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси учинчи ўқишда кўриб чиқилди. Бу ҳақда қуйи палата ахборот хизмати хабар қилди.

Қонун лойиҳаси билан ярашув институтига кирувчи маъмурий ҳуқуқбузарликлар доирасини кенгайтириш белгиланмоқда. Яъни, шу соҳаг тегишли Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексдаги моддалар сонини 12 тадан 15 тагача кўпайтириш орқали ярашув тўғрисидаги институтни қўллаш доирасини кенгайтириш таклиф этилмоқда. Бу ўз навбатида, одамлар, айниқса қариндошлар, яқинлар ва танишлар ўртасида келиштирадиган тартибнинг мустаҳкамланишига хизмат қилади.

Шунингдек, Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга соғлиқнинг қисқа муддатга ёмонлашувига ёки меҳнат қобилиятининг унча узоқ бўлмаган муддатга йўқолишига олиб келмаган қасддан баданга енгил шикаст етказиш билан боғлиқ жиноий қилмишни (Жиноят кодексининг 109-моддаси 1-қисми) декриминализация қилиб, уни маъмурий ҳуқуқбузарлик тоифасига ўтказиш, шунингдек ушбу ҳуқуқий нормани янги квалификация белгилари билан тўлдиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди ва Сенатга юборилди.