Давлат университетларига кириш имтиҳонларидан минимал ўтиш баллари ўзгарди. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигида олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш ва давлат буюртмасини шакллантириш тизимини такомиллаштиришга бағишланган матбуот анжуманида маълум қилди.

Қайд этилишича, ўқишга кириш учун минимал ўтиш балини 2 босқичда ошириб, соғлиқни сақлаш, ҳуқуқ, бизнес ва бошқарув йўналишлари учун — 94,5 балл, бошқа йўналишлар учун — 75,6 балл этиб белгиланади (амалда барча йўналишлар учун — 56,7 балл).

Шунингдек, давлат гранти талабалар учун таълим гранти ва ижтимоий-рағбатлантирувчи грант шаклида ажратилади. Бунда:

  • таълим гранти — талабаларга бир ўқув йили учун ажратилади ҳамда 1-курсда ўқишга кириш натижалари бўйича, 2-курсдан бошлаб рейтинг кўрсаткичлари бўйича энг юқори балл тўплаган талабаларга ажратилади;
  • ижтимоий-рағбатлантирувчи грант — мақсадли қабул ва имтиёз асосида қабул қилинган талабаларга бутун ўқиш даври учун берилади;
  • сиртқи таълим шакли учун квоталарни кундузги таълим шакли учун ажратилган квотадан оширмаслик белгиланади.

Таъкидланишича, сиртқи таълим шакли босқичма-босқич масофавий таълим шаклини кенгайтириш ва узайтирилган таълим шакли жорий этиш орқали тугатилади.