Президент 6 май куни гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйиш орқали уларнинг аҳоли саломатлиги ва мамлакат генофондига салбий таъсирини бартараф этиш стратегик чора-тадбирлари тўғрисидаги фармонни имзолади. Фармонга кўра, гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш бўйича 2024 — 2028 йилларга мўлжалланган миллий стратегия қабул қилинди.

Миллий стратегия доирасида қуйидаги мақсадларга эришиш барча давлат органлари ва ташкилотларнинг устувор вазифаси сифатида белгиланди:

  • аҳоли, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларда «гиёҳвандликка қарши иммунитет»ни, ўқувчи ва талабалар орасида кучли таъсир қилувчи дориларни истеъмол қилишга муросасиз муносабатни шакллантириш, таълим муассасаларида психофаол моддалар тарқалишининг олдини олишга қаратилган янги таъсирчан тарғибот-ташвиқот ва тарбиявий-профилактик механизмларни жорий этиш;
  • аҳолига сифатли наркологик ёрдам кўрсатиш тизимини янги усуллар асосида ривожлантириш, гиёҳвандлик ва заҳарвандликнинг барвақт профилактикаси, диагностикаси, даволаш ва тиббий-ижтимоий реабилитацияси тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган манзилли чораларни амалга ошириш;
  • гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддалар ҳамда прекурсорларнинг ноқонуний айланмасининг янгича, айниқса, интернет тармоғидаги усулларига барҳам бериш, бу борадаги тезкор-қидирув, тергов ва эксперт-криминалистик чоралар комплексини, биринчи навбатда рақамлаштириш орқали ривожлантириш;
  • давлат ва хусусий тиббиёт муассасалари ҳамда дорихоналарнинг гиёҳвандлик воситаларидан тиббиётда фойдаланиш амалиётини назорат қилиш, шунингдек, фармацевтика корхоналари, гиёҳвандлик воситаларининг улгуржи ва чакана савдоси билан шуғулланувчи субъектлар масъулиятини оширишнинг таъсирчан механизмларини яратиш;
  • гиёҳвандликни даволаш ва наркожиноятларга қарши курашиш соҳасида илмий-тадқиқот фаолиятини ривожлантириш, бу йўналишдаги илмий изланишлар, хулосалар, ютуқлар ва янгиликларни амалиётга жорий этиш ҳамда оммага етказишни таъминлаш.

Фармон билан, шунингдек, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар устидан назорат қилиш бўйича Давлат комиссияси (раис — бош вазир Абдулла Арипов) ва унинг ҳудудий комиссиялари таркиблари тасдиқланди.

Стратегияни рўёбга чиқаришда 6 та мақсад ва унинг устувор йўналишлари белгилаб олинди.

Аҳолида гиёҳвандликка қарши иммунитетни шакллантириш

  • Телевидение эфир вақтининг (прайм тайм) ижтимоий рекламалар учун мўлжалланган қисмида гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддалар истеъмоли ва уларнинг ноқонуний муомаласининг салбий оқибатлари, шунингдек, аҳолига наркологик ёрдам кўрсатиш тизимидаги имкониятлари ёритилади.
  • Гиёҳвандликнинг инсон маънавияти ва соғлиғига зарари тўғрисида аҳолининг огоҳлигини оширишда турли дин ва конфессия вакиллари имкониятларидан фойдаланиш амалиёти йўлга қўйилади.
  • Ҳудудлар кесимида «Маърифат» тарғиботчилар жамияти аъзоларидан иборат 14 та ижодий гуруҳ шакллантирилади ҳамда аҳоли орасида мақсадли тарғибот фаолияти ташкил этилади.
  • Гиёҳвандликка чалинган шахслар, жумладан, ёшларни «маҳалла еттилиги» кўмагида фаол ижтимоий ҳаётга қайтаришни назарда тутувчи янгича ишлаш механизмлари жорий этилади.
  • Мактаб ўқитувчилари ва инспектор-психологлари томонидан ўқувчиларнинг зарарли одатлари тўғрисида ота-оналарини хабардор қилиш механизми яратилади.
  • Ўрта ва ўрта-махсус профессионал таълим муассасаларининг фанлар ва дарсдан ташқари жараёндаги дастурларига ижтимоий-эмоционал ўқув соатлари (SEL) киритилади.
  • Гиёҳвандликка қарши курашишда маҳаллалардаги ёшлар етакчилари ролини кучайтиришга қаратилган янги ишлаш механизмлари жорий этилади.
  • Чегараолди ҳудудларда жойлашган ҳар бир маҳаллада (овул, ҚФЙ) истиқомат қилувчи аҳоли учун гиёҳвандлик ва наркожиноятларнинг салбий оқибатларидан огоҳлантирувчи тарғибот-ташвиқот тадбирлари доимий ўтказилади.
  • Хотин-қизларнинг гиёҳвандлик воситалари ноқонуний муомаласига аралашиб қолишларининг олдини олиш ва уларни соғлом ҳаётга қайтариш бўйича йиллик манзилли тезкор-профилактик тадбирлар дастурлари амалга оширилади.
  • «Маҳалла — оилавий поликлиника — таълим муассасаси» тамойили асосида педагог, тиббиёт ходими, профилактика инспектори ва маҳалла фаолларининг ҳамкорликдаги профилактик ишлари амалга оширилади.
  • Хотин-қизлар орасида соғлом маънавий муҳитни шакллантиришга қаратилган «Шарқ аёли маърифати» лойиҳаси ишлаб чиқилади.
  • Гиёҳвандликка қарши курашиш бўйича «Тарғибот аълочиси» республика кўрик-танлови ўтказилади.
  • Соғлом турмуш тарзини ёритувчи бадиий, ҳужжатли, анимацион ҳамда мульутипликацион фильмлар ва спектакллар ишлаб чиқариш, шунингдек, концерт дастурлари, қўшиқлар, клиплар, қисқа метражли ижтимоий видеороликлар яратиш ҳажми оширилади.
  • Гиёҳвандлик ва наркожиноятларнинг аянчли оқибатларини ёритишга қаратилган тадбирларда маданият, спорт ва санъат вакиллари имкониятидан фойдаланилади.
  • Ишлаб чиқиладиган сериал, кино ва теленовеллалар сценарийларига гиёҳвандлик ва наркожиноятларнинг салбий оқибатларини ёритувчи эпизодлар киритилади.
  • Гиёҳвандликнинг салбий оқибатларини ёритувчи хорижий давлатларда ишлаб чиқилган таъсирли бадиий, ҳужжатли, анимацион ва мультипликацион фильмларни давлат тилига таржима қилган ҳолда уларнинг намойиши ташкил этилади.
  • «Марказий Осиё — гиёҳвандлик воситаларидан холи ҳудуд» концепцияси тақдимоти Ўзбекистонда ташкил этилади.
  • БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг Вояга етмаганлар ва ёшлар орасида гиёҳвандликка қарши иммунитетни шакллантириш ўйича ташаббусига Ўзбекистоннинг қўшилиши бўйича амалий чоралар кўрилади.

Соҳадаги янги механизмлар

  • Гиёҳвандлик воситалари ноқонуний кириб келишининг (контрабанда) асосий йўналишлари аниқланади, бу борада идоралараро йиллик махсус ва ташкилий тезкор профилактик тадбирлар комплекси тасдиқланади.
  • Гиёҳвандлик воситаларини тезкор аниқлаш йўналишида дунёда тан олинган махсус техник воситаларни ишлаб чиқариш маҳаллийлаштирилади, техник қўллаб-қувватлаш ва хизмат кўрсатиш ташкил этилади.
  • Халқаро почта жўнатмалари орқали гиёҳвандлик воситалари кириб келишининг олдини олиш мақсадида почта муассасаларининг моддий-техник базаси такомиллаштирилади.
  • Наркожиноятлар хавфи юқори бўлган йўналишларни даражаларга таснифлаш методикасини ишлаб чиқиш орқали ҳуқуқ-тартибот органлари куч ва воситаларини қайта тақсимлаш бўйича амалий чоралар белгиланади (наркожиноятлар хавфи юқори бўлган ҳудудларга аниқлик киритилади).
  • Республикада янги пайдо бўлаётган гиёҳвандлик воситалари муомаласи билан боғлиқ муаммоларни ва прекурсорлар ноқонуний муомаласи ва суиистеъмолини барвақт аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида вақтинчалик тақиқлаш ёки чеклаш (мораторий) тартиби жорий этилади.
  • Илғор хорижий тажрибалар асосида республикада таркибида гиёҳвандлик воситалари мавжуд дори препаратлари, психотроп моддаларга бўлган ҳақиқий эҳтиёж аниқланади.
  • Мурувват ёрдами тариқасида гиёҳвандлик воситаларини республикага олиб кириш механизмларини такомиллаштириш ҳамда олиб чиқиш тартиби белгиланади.
  • Республика бюджети, бюджетдан ташқари маблағлар, халқаро лойиҳалар ва грантлар доирасида чегара ўтказиш пунктлари ва божхона постлари учун замонавий махсус техник воситаларни харид қилиш ҳажми оширилади.
  • Жаҳон божхона ташкилоти ва Наркотикларни назорат қилиш халқаро қўмитасининг маълумот базаларидан Божхона қўмитасининг эркин фойдаланиш имконияти яратилади.
  • Гиёҳвандлик воситаларининг контрабандаси билан боғлиқ ҳолатларга тезкорлик билан чора кўриш мақсадида чегара ҳудудлардаги йўл инфратузилмаси яхшиланади.
  • Республика ҳудудига кириб келадиган ва транзит юклар, халқаро почта жўнатмалари хусусида қўшни ва хорижий давлатлар билан дастлабки маълумотларнинг электрон алмашинуви йўлга қўйилади.
  • «Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрири ишлаб чиқилади.
  • Гиёҳвандлик воситаларининг кўргазмали реклама (наркограффити) ва уларни «закладка» усули билан тарқатишга қарши жавобгарликни кучайтириш орқали мазкур турдаги жиноятларни кескин камайтириш чоралари кўрилади.
  • «Кучли таъсир қилувчи моддалар» тушунчаси норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан белгиланади.
  • Наркожиноятлар йўналишида трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўйича миллий қонунчилик ҳужжатлари такомиллаштирилади.
  • Наркожиноятлар, ноқонуний муомаладан олинган даромадларни легаллаштириш билан боғлиқ жиноятлар содир этган шахсларга жазо тайинлашда енгиллаштирувчи механизмларни ва жазони ўташдан муддатидан олдин озод қилишни тақиқловчи чоралар белгиланади.
  • Хорижий давлатларда турли мақсадларда бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари учун гиёҳвандлик ва наркожиноятларнинг аянчли оқибатлари хусусида огоҳликни оширишга қаратилган профилактик тадбирлар ўтказиш кўлами оширилади.
  • Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида гиёҳвандлик ва наркожиноятларнинг аянчли оқибатларини ёритувчи контентлар кўпайтирилади.
  • Чет элдаги ўзбекистонлик талабаларнинг гиёҳвандлик ва наркожиноятларнинг салбий оқибатлари тўғрисида хабардорлигини ошириш амалиёти йўлга қўйилади.
  • Криминоген вазият оғир бўлган ҳудудларда алоҳида режа асосида тезкор профилактик тадбирларни ташкил этиш амалиёти йўлга қўйилади.
  • Гиёҳвандлик ва наркожиноятлар профилактикасининг миллий модели яратилади.
  • БМТнинг Наркотик ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ҳамда Наркотикларни назорат қилиш халқаро қўмитаси билан манзилли ҳамкорликни ташкил этувчи Ўзбекистоннинг Австриядаги элчихонаси штат жадвалига қўшимча равишда биринчи котиб штат бирлиги киритилади.
  • Марказий Осиё минтақавий ахборот мувофиқлаштириш маркази фаолиятини молиялаштириш ишлари якунланади ва унда Ўзбекистоннинг 2024−2026 йилларда раислиги таъминланади.
  • Аҳолига наркологик ёрдам кўрсатиш бўйича Марказий Осиё давлатларининг минтақавий кенгашини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилади.

Наркожиноятларга қарши курашда замонавий ишлаш усуллари

  • Автотранспорт воситалари ҳайдовчиларининг мастлик даражасини аниқлаш мақсадида ички ишлар органларининг тегишли бўлинмалари наркотестерлар билан босқичма-босқич таъминланади.
  • Гиёҳвандлик воситаларини ноқонуний равишда ишлаб чиқаришда қўлланадиган асбоб-ускуна, турли кимёвий моддалар реестри шакллантирилади.
  • Наркожиноятлар ҳақида маълумот берган ёки аниқлашда кўмаклашган шахсларни ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш институти жорий этилади.
  • Маъмурий ҳуқуқбузарликни гиёҳвандлик воситалари таъсири остида содир этишни оғирлаштирувчи ҳолатлар қаторига киритиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинади.
  • Гиёҳвандлик воситалари ва прекурсорларни ишлаб чиқаришга мўлжалланган ноқонуний лабораториялар аниқланади ва фаолиятига чек қўйиш бўйича методикалар ишлаб чиқилади.
  • Синтетик гиёҳвандлик воситалари ва кучли таъсир қилувчи моддаларни аниқлаш бўйича тезкор қидирув чора-тадбирлар механизмлари ишлаб чиқилади.
  • Гиёҳвандликка қарши курашиш соҳасини ривожлантириш учун республика жамғармаси ташкил этилади.
  • Ноқонуний муомаладан олинган гиёҳвандлик воситаларини нархлаш амалиёти ўрганилади.
  • Наркожиноятлардан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш фаолияти такомиллаштирилади, бу борада қўлланаётган янги молиявий жиноий усуллар аниқланади ва бартараф этиш тизими яратилади.
  • Наркожиноятлар билан боғлиқ бўлган пул маблағларини тўхтатиш ва мусодара қилишнинг янги механизми ишлаб чиқилади.
  • Наркожиноятларни тергов қилиш жараёнида жиноий даромадларни легаллаштириш билан боғлиқ молиявий жиҳатларни бир вақтнинг ўзида текширувдан ўтказиш амалиёти жорий этилади.
  • ОАВда наркожиноятлар содир этган шахсларнинг суд жараёнлари ёритиб борилади.
  • Интернет тармоғида гиёҳвандлик воситаларини тарқатиш билан шуғулланаётган веб сайт ва ижтимоий тармоқлардаги контентлар чекланади.
  • Санъат ва маданият вакиллари, интернет фаоллари томонидан гиёҳвандлик воситалари тарғиботи учун жавобгарлик белгиланади.
  • Таркибида гиёҳвандлик воситалари мавжуд ўсимликларнинг вегетатив жараёни фото жамланмаси шакллантирилади.
  • Наркожиноятларни аниқлаш бўйича тезкор тадбирлар жараёнида учувчисиз бошқариладиган махсус техникалар (дронлар)дан фойдаланилади.
  • Таркибида гиёҳвандлик воситалари мавжуд ёввойи ўсимликларни йўқ қилмагани учун ер эгаларига нисбатан жавобгарликни кучайтириш масаласи кўриб чиқилади.
  • Гиёҳвандлик воситаларининг қонуний муомаласи билан боғлиқ фаолиятни лицензиялаш жараёни тўлиқ рақамлаштирилади.
  • Хорижий тажрибаларни ўрганиш орқали гиёҳвандлик ташхисини қўйиш усуллари такомиллаштирилади.
  • Наркология муассасаларида олинган таҳлил (қон, сийдик) намуналарини суд ҳукми қонуний кучга киргунга қадар сақлаш тартиби белгиланади.
  • Ҳуқуқ-тартибот идораларининг наркожиноятларга қарши курашувчи бўлинмалари штат бирликлари босқичма-босқич оширилади.
  • Ҳуқуқ-тартибот идораларининг наркожиноятларга қарши курашувчи марказий ва ҳудудий бўлинмалари таркибида интернет тармоғида наркожиноятларга қарши курашиш тузилмалари ташкил этилади.
  • Кинология хизматлари томонидан гиёҳвандлик воситаларини аниқлашга ўргатилган хизмат итларини кўпайтириш, тайёрлаш, эҳтиёждан ортиғини экспорт қилиш амалиёти жорий қилинади.
  • Таркибида гиёҳвандлик воситалари мавжуд дори воситаларини электрон рецепт асосида бериш амалиёти жорий этилади.

Аҳолига сифатли наркологик ёрдам кўрсатиш

  • Мактаб ўқувчилари орасида гиёҳвандлик воситаларининг истеъмолини эрта аниқлаш учун режали психолог ва зарур ҳолларда нарколог маслаҳатлари амалиёти жорий этилади.
  • Хавф гуруҳига кирувчи ўқувчи/талабаларни чуқурлаштирилган нарколог кўригидан ўтказиш тартиби татбиқ қилинади.
  • Гиёҳванд беморлар орасида ОИВ инфекциясига чалиниш ҳолатлари камайтирилади.
  • Ижтимоий оғир вазиятдаги хотин-қизлар ва ёшлар учун «Соғлом ҳаёт сари» электрон платформаси яратилади.
  • Гиёҳвандлик воситаларини суиистеъмол қилувчи шахсларга реал вақт режимида маслаҳат беришни назарда тутувчи ижтимоий мобил илова яратиш орқали латент (яширин) гиёҳвандлар аниқланади.
  • Гиёҳвандлик воситаларига ружу қўйган шахсларни даволашда VR (Virtual Reality) технологиясидан фойдаланиш амалиёти йўлга қўйилади.
  • «Гиёҳвандлик бедаво эмас» шиори остида ички низоларнинг олдини олиш мақсадида гиёҳвандларнинг оила аъзолари учун ўқув дастурлари ва курслари ташкил этилади.
  • Наркология мутахассислиги имижи оширилади.
  • Наркология хизматини аҳолига яқинлаштириш мақсадида мурожаат махфийлиги кафолатланган маслаҳат олишни таъминловчи Call-марказ фаолияти йўлга қўйилади.
  • Психофаол воситаларга қарамликни даволаш ҳамда рецидивига қарши курашишда биологик фаол моддалар ишлаб чиқилади.
  • Республикада рўйхатдан ўтаётган биологик фаол моддаларни таркибида гиёҳвандлик воситалари мавжудлиги бўйича мажбурий тадқиқотдан ўтказиш тартиби жорий қилинади.
  • Кучли таъсир қилувчи дори воситалари ва биологик фаол қўшимчаларнинг телерадиоканаллар орқали рекламаси учун хулоса олиш тартиби жорий этилади.
  • Тез тиббий ёрдам кўрсатувчи реанимацион бригадалар гиёҳвандлик воситаларидан оғир заҳарланишни бартараф этиш учун махсус дори воситалари билан таъминланади.
  • Бирламчи ихтисослик цикллари, магистратура, клиник ординатурада наркология, тиббий психология ва психотерапия соҳасида мутахассислар тайёрлаш ҳажми 5 бараварга оширилади.
  • Алкоголли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолатда бўлган шахсларни пулли асосда тиббий текширувдан ўтказиш тартиби жорий қилинади.
  • Наркология соҳасида хусусий сектор, давлат-хусусий шериклик механизмлари йўлга қўйилади ва имтиёзлар белгиланади.
  • Наркологик муассасаларда хўжалик ҳисобидаги пулли бўлимларни ташкил этиш орқали муқобил даволаниш имконияти жорий этилади.
  • Хусусий ва давлат-хусусий шериклик шаклидаги наркологик муассасаларда мажбурий даволаш тартиби жорий этилади.
  • Вояга етмаганлар орасида гиёҳвандлик тарқалганлик ҳолатини аниқлашнинг янги методикаси ишлаб чиқилади.
  • Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт маркази Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон ва Тошкент вилоятлари наркология филиаллари янги бинога кўчирилади.
  • Бухоро, Жиззах, Навоий, Наманган, Фарғона ва Сирдарё вилоятлари ҳамда Тошкент ва Қўқон шаҳарлари наркология филиаллари учун қўшимча бинолар қурилади.
  • Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт маркази, Тошкент шаҳри, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятлари наркология йўналиши бўйича филиаллари бинолари капитал таъмирланади.
  • Наркология муассасалари ва туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларининг наркология кабинетлари моддий-техник базаси босқичма-босқич яхшиланади.
  • Наркология муассасаларидаги ўрин-жойлар (койкалар) босқичма-босқич 30 фоизгача оширилади.

Гиёҳвандликка чалинганларни тиббий-ижтимоий реабилитация қилиш

  • Гиёҳвандларни ижтимоий ҳаётга қайтариш самарадорлиги ошириш мақсадида соғлиқни сақлаш тизимида Аддиктология тиббий-ижтимоий реабилитация маркази ташкил этилади.
  • Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт маркази ва унинг барча наркология бўйича ҳудудий филиалларида реабилитация тизими жорий этилади.
  • Жазони ўтаётган наркологик касалликка чалинган шахсларни даволаш учун жазони ижро этиш муассасаларида тиббий-ижтимоий реабилитация тизими йўлга қўйилади.
  • Мажбурий даволанишдан ўтаётган гиёҳванд беморлар учун тиббий-ижтимоий реабилитация дастурлари ишлаб чиқилади.
  • Гиёҳванд беморлар ва муқаддам судланган шахсларни ижтимоий реабилитация қилишда жамоатчилик назорати кучайтирилади.
  • «12 қадам» дастури элементлари гиёҳвандликка чалинган беморларнинг тиббий-ижтимоий реабилитация дастурларига киритилади.
  • «Гиёҳванд шахс», «гиёҳванд шахс яқинлари» ва «гиёҳванд шахс билан шуғулланувчи масъуллар» тоифалари учун ижтимоий-психологик таълим дастурлари ишлаб чиқилади.
  • Гиёҳвандликка чалинган беморларни ишга жойлаштиришда иштирок этувчи тадбиркорларга имтиёзлар белгилашни назарда тутувчи механизмлар яратилади.
  • Ташкилот, меҳнат жамоалари, таълим муассасаларида гиёҳванд беморларнинг реабилитацияси даврида дискриминацияга йўл қўйилмайди.
  • Гиёҳвандликка чалинган беморлар учун «меҳнат терапияси»ни ташкил этишда давлат корхоналари ва давлат-хусусий шериклик асосида тадбиркорларга имтиёзлар берилади.
  • «Тенг-тенгига» принципи асосида гиёҳвандликка чалинган беморларнинг аноним гуруҳлари ташкил этилади ва давра суҳбатлари ўтказилади.
  • Гиёҳвандликка чалинган шахсларнинг тиббий-ижтимоий реабилитациясига оид хорижий адабиётларни ўзбек тилига таржима қилган ҳолда магистратура ва қайта тайёрлаш дастурлари бойитилади.
  • Гиёҳвандликка чалинган шахсларни тиббий-ижтимоий реабилитация қилиш бригадалари учун тиббий психологлар, психотерапевтлар ва ижтимоий ходимларни тайёрлаш ҳажми 2 бараварга оширилади.

Соҳа бўйича илмий тадқиқотларни ривожлантириш

  • Гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш соҳасида илмий ишлар кўламини кенгайтиришга қаратилган давлат грантлари ажратилади.
  • Гиёҳвандликка чалиниш (латент гиёҳвандлик) ҳолатлари тарқалганини республика миқёсида аниқлаш мақсадида эпидемиологик тадқиқотлар ўтказилади.
  • Техник каннабис ўсимлигининг янги навларини яратиш бўйича тегишли илмий-тадқиқот лойиҳалари амалга оширилади.
  • Ёввойи нашазорларни кимёвий моддалардан фойдаланган ҳолда йўқ қилиш бўйича илмий изланишлар олиб борилади.
  • Гиёҳвандликнинг инсон гени, келажак авлод ва репродуктив саломатликка бўлган таъсирини аниқлаш бўйича илмий тадқиқот ва изланишлар амалга оширилади.
  • Олий аттестация комиссияси рўйхатига кирувчи гиёҳвандлик воситалари бўйича изланишлар ва таҳлилларни ёритувчи илмий нашр жорий этилади.