8 май куни Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигида ОТМга ўқишга қабул қилиш ва давлат буюртмасини шакллантириш тизимини такомиллаштиришга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Тадбирдан сўнг вазир Конгратбай Шарипов ОАВ вакилларининг саволларига жавоб қайтарди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Журналистларнинг «Олий таълим муассасаларида ректорларни сайлаш тизимини йўлга қўйиш режаси борми, бу масала кўриб чиқилмаяптими?» деган саволига вазир қуйидагича изоҳ берди:

«Бу масала бўлган. „Ўзбекистон — 2030“ стратегиясига ҳам ректорларни сайлаш масаласи киритилган, бу ҳозирги кунда муҳокамада, ҳали бу бўйича қарор қабул қилинмади. Аммо халқаро стандартларда, кўплаб чет эл давлатларида олий таълим муассасалари ректорлари беш йилга сайланади ва кенгаш ҳал қилади», — деди вазир.

Вазирлик раҳбаридан ректорларни сайлаш масаласи бўйича шахсий фикри ҳам сўралди.

«Менимча, биз ҳозир [ректорларни сайлашга] тайёр эмасмиз, бунга вақт керак. Биласизлар, бизнинг ўзимизга яраша менталитетимиз бор. Қачонки жамоатчилик назорати яхши йўлга қўйилса, кейин бунақа ишларни қилсак бўлади. Бунга вақт керак. Ҳаммамиз шундай ишлашимиз керакки, ўзимизнинг ишимизни кўнгилдагидек бажарсак, олдимизга қўйилган вафизаларни сифатли бажарсаккина тизимимиз яхшиланади. Шунга эришганимизда ректорлар [олий таълим муассасаларининг] жамоатчилик кенгаши ёки илмий кенгаши томонидан сайланса, зўр бўлади», — деди Конгратбай Шарипов.

Маълумот учун, «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини 2023 йилда сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорда ректорларни сайлаш масаласи қайд этилган. Хусусан, 2023 йилга мўлжалланган амалий тадбирлар режасида олий таълим ташкилотларининг молиявий мустақиллигини такомиллаштириш ва ректорларни сайлаш тизимини жорий қилиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган. Ижро муддати эса 2023 йил октябригача этиб белгиланган. Бунга масъул ижрочи сифатида эса собиқ вазир Иброҳим Абдураҳмонов ҳамда олий таълим ташкилотлари раҳбарлари келтириб ўтилган.