Марказий банк маълумотларига кўра, 1 май ҳолатига Ўзбекистоннинг расмий захира активлари апрель ойида 918 млн долларга ошган ҳолда 35,1 млрд долларни (+2,7 фоиз) ташкил этди. Бу 2023 йилнинг апрель ойидан бери максимал кўрсаткич (35,2 млрд доллар).

Регулятор маълумотларига кўра, ўтган ойда валюта захиралари 238,6 млн долларга қисқариб, 8,02 млрд долларни ташкил этган. Йил бошидан буён валюта захиралари 1,35 млрд долларга камайди (жумладан, мамлакатнинг 2019 йилда чиқарилган 500 млн долларлик суверен евробондлари бўйича қарзни тўлаш ҳисобига).

Олтин нархининг ўсиши давом этаётгани фонида Марказий банкдаги олтин захиралари қиймати 1,16 млрд долларга ошиб, 26,53 млрд долларни ташкил этди. Захирадаги олтиннинг физик ҳажми бироз — 0,04 млн трой унцияга (1,24 тонна), яъни 11,46 млн трой унциягача (356,45 тонна) камайди. Бу 2022 йил май ойидан бери энг паст кўрсаткич (11,42 млн).

валюта, валюта захиралари, заҳиралар, марказий банк, олтин, статистика

Апрель ойида олтин котировкалари бир унция учун 2257 доллардан 2311 долларгача (+2,4 фоиз) кўтарилди ва тарихий энг юқори даражага чиқишда давом этмоқда. Масалан, 19 апрель куни нарх 2400 доллардан ошди.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил якуни бўйича мамлакатнинг «молиявий ёстиқчаси» 1,2 млрд долларга камайиб, 34,56 млрд долларни ташкил қилди. Йил якунига кўра захираларнинг қисқариши 2018 йилдан бери биринчи марта рўй берди. Олтиннинг физик ҳажми йил давомида деярли 25 тоннага камайди.