18 май куни Тошкент ботаника боғида Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ҳамкорлигининг 30 йиллигига бағишланган фестиваль ва концерт бўлиб ўтади, деб хабар берди ЕИнинг Тошкентдаги делегацияси.

Евроиттифоқ фестивали, ЕИ томонидан молиялаштирилган лойиҳалар кўргазмаси ва гала-концерт юбилейни нишонлаш учун 2024 йилга режалаштирилган бир қатор тадбирларнинг бошланиши ҳисобланади.

«Бизнинг узоқ муддатли ҳамкорлигимиз умумий қадриятлар ва мақсадларга асосланади. ЕИ Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиши ва унинг халқи учун яхши келажакни қўллаб-қувватлашда қатъийдир», — деди ташкилотнинг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан.

Интерфаол платформа орқали ёшлар, талабалар ва барча хоҳловчилар савдо ва бандлик, инсон ҳуқуқлари ва фуқаролик жамияти, таълим ва кўникмалар, экологик барқарорлик, қишлоқ хўжалиги, маданият ва мерос ва бошқа соҳаларда ЕИ томонидан молиялаштирилган 40 дан ортиқ лойиҳаларни ўрганиши мумкин.

Бундан ташқари, фестиваль дастуридан қуйидагилар ўрин олган:

  • «Марказий Осиёда иқлим ўзгариши ва барқарорлик» лойиҳаси доирасида иқлим ўзгаришига қарши кураш бўйича интерактив ўйин;
  • «Ўзбекистон қишлоқ жойларида бандлик кўникмаларини ривожлантириш» лойиҳаси доирасида викториналар ва савол-жавоблар;
  • ЕС-AGRIN лойиҳалари маҳсулотлари тақдим этиладиган «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» маҳсулотларини дегустация қилиш;
  • Erasmus+ Миллий офиси томонидан ташкил этилган таълим викториналари;
  • Финляндия элчихонаси томонидан ташкил этилган тадбирлар ва бошқалар.

Оилалар, болалар ва ёшлар учун турли зоналарда — «Ақлий макон», «Спорт», «Рақс» ва «Санъат» зоналарида Европа мавзуларида викториналар, жамоавий ўйинлар, расм чизиш ва рақс сессиялари ўтказилади. Булар ЕИ ва Ўзбекистон ўртасидаги маданий шерикликнинг рамзи бўлиб, алмашинув ва интеллектуал ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади.

Гала-концерт доирасида Sahar, Marokand, Hooligans гуруҳлари, Василиса Найпак, Элёрбек Мелибоев, Сабина Мустаева ва диджей King Macarella чиқиш қилади.

Фестивалга кириш барча учун бепул.