Энг аввало битирувчи сифатида ўз олдимга келажакда аниқ мақсад қўяр эдим. Яъни, мен қайси соҳадан кетсам, шу соҳада кўпроқ муваффақият қозонишда ўзимда имкониятларим бор деган хулосани ўзим учун чиқариб олар эдим. Яъни, мен нималарга қизиқаман, қайси кучли ва заиф томонларим бор, ҳаммасини ҳисоб-китоб қилиб, ўзим учун йўналиш танлар эдим.
"Ҳа, бир гап бўлар, кириш осон бўладиган институтга кириб олаверайчи, кейин у ёғига Худонинг бир нарса дегани бордир", дейдиганлар ҳам бор. Улар ўз имкониятларини чамалаган ҳолда ҳам имконияти яхши эмаслигини билиб, ҳам таваккал қилиб бирор йўналишга топширишни ният қилган.
Уларни айблашдан йироқман. Инсонинг тақдири фақат битта соҳага боғланиб қолмаган ёки жамиятда яхши яшаётган инсонлар фақат фалон соҳада фаолият кўрсатади, пистон соҳадагилар ёмон яшаяпти, деган тушунчанинг ўзи йўқ. Ким қайси соҳанинг етуги, энг зўри бўлса, ана ўшалар бемалол жамиятда яхши яшайди, олди инсонларидан бўлади.
Шунинг учун таваккал қилиб кирадиган университетимда ҳам "мен бу ерга тасодифан кирганман", деб кўнглим ўксиб қолмасдан, ўша "таваккал университет"да зўр ўқирдим-да, шу соҳанинг "профи"си, яъни етук мутахассиси бўлардим. Бу ҳам менинг келажагим учун фойда бўларди.
Учта хусусият
Биринчидан, ўз устида ишлаш ва мослашувчанлик. Бу янги ўзгаришларни доимий кузатиб бориш ҳамда шу соҳасидаги билимларини, талабалик даврида ололмаган билимларини фаолияти давомида эгаллаб бориш.
Мослашувчанликнинг муҳимлиги шундаки, вазият таъқозоси билан ўзи эгаллаган соҳа бутунлай касодга учраши мумкин, инқирозга юз тутиши мумкин. Яъни касбини ҳам керак бўлса тез алмаштиришга тўғри келиб қолади. Шундай замонлар келади, қайсидир бир касб умуман йўқ бўлиб кетиши ҳам мумкин.
Шунақа пайтда, "йўқ, мен ўз касбимга содиқ қоламан, мен бир умр фақат шу билан ўтаман", деган консерватив қараш ҳам яхши эмас. Замонга мослашиш керак.
Иккинчидан, жуда кўп муаммолар тўғри ва яхши муомала орқали ечилади. Афсуски, бизда муомала маданияти алоҳида ўргатилмайди, бунақа фан йўқ. Лекин, музокара маданияти, муомала маданият ёшлар учун жуда керак. Яъни, иши давомида ўзининг ҳамкорлари билан музокара олиб боради. Агарда давлат органига кетса, халқ билан мулоқот олиб боради, бизнес йўналишидан кетса, истеъмолчилари ва харидорлари билан муомалага киришади. Ана шу жойларда муомала ва музокара маданиятлари жуда ҳам керак бўлади, буни ўзлаштириш керак.
Учинчидан, сабрли бўлиш керак. Яъни, бирор қийинчиликка дуч келганда, дарров "Эх, бўлди, менинг қўлимдан келмас экан, мен ношуд эканман, ҳаётда бирор нарсага эриша олмайман", деб тушкунликка тушиб қолмаслик керак.
Бирданига кўнгли совиб кетмаслиги керак. Шунинг учун, қийинчилик келганда ҳам, синов келганда ҳам, бошига бирор ташвиш тушганда ҳам, сабрли бўлиб, ўзининг ишини сидқидилдан қилишда давом этиб кетаверса, йўлида тўхтаб қолмаса - бу муваффақиятнинг катта калитларидан бири ҳисобланади.
2020 йилги битирувчиларига тилагим - энг аввало, яхши ўқиганлари ўзи орзу қилган йўналишларига талаба бўлиш бахтига муяссар бўлсин. Яхшироқ ўқий олмагани ёки бошқа бир сабабдан омади келмай талаба бўла олмаганлари, бунақалар кўп бўлади, тушкунликка тушиб қолмасин.
Ҳозирги кунда диплом унчалик муҳим фактор эмас, яъни дипломсиз ҳам бемалол ўзининг ишини давом эттириб, ўз соҳасининг мутахассиси бўлиши мумкин. Шунинг учун касб ўрганиш керак.
Ўқишга киролмай қолганлар бирор касбнинг этагини тутишса яхши бўларди ёки кейинги йилгача яхши тайёрланиб, шу тайёрланиш жараёнида хорижий тилларни ва интернет, ахборот технологияларини яхши ўрганишса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Кўпчилик, жорий йилда ҳам 800 мингга яқин абитуриентлар ҳам ўқишга кира олмайди, улар бошқача айтганда "кўчада қолишади". Ўша 800 мингдан кўпчилигига IT, ахборот технологияларини ўрганишини тавсия қилар эдим, бемалол уй шароитида ҳам ўрганса бўлади, агар интернет имконияти бўлса ва ўрганишса, келажакда ўзлари учун катта фойда бўларди.
Мабодо, кейинги йил ҳам омади келмай талаба бўлолмаган тақдирда ҳам, бемалол дастурчилик орқали, веб-дизайнерлик орқали ҳам оиласини боқа оладиган даражада пул, маблағ топа олади. Бу анча яхши, яъни фақат ота-онасининг қўлига қарам бўлиб юргандан кўра бу анча яхши.
Materialga izohlar