24 июль куни «Электрон онлайн-аукционни ўтказиш тартибини соддалаштириш, унинг шаффофлигини ошириш ҳамда иштирокчилар ҳуқуқларининг ишончли ҳимоясини кафолатлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги президент қарори қабул қилинди, дея хабар бермоқда Huquqiy axborot Telegram канали.

Қарорга кўра, 2021 йил 1 сентябрдан «E-auksion» электрон савдо платформасидаги электрон онлайн-аукционлар тартиб-таомилларининг ягона тартиби жорий этилади.

Бунда:

  • иштирокчиларга, шу жумладан чет эл фуқароларига аукционда қатнашиш учун электрон рақамли имзо калити сертификати масофадан туриб, Давлат активларини бошқариш агентлигининг «Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш маркази» давлат унитар корхонаси томонидан бепул тақдим қилинади;
  • объектларни аукционга чиқариш учун тўланадиган йиғим бекор қилинади;
  • аукцион ўтказиш тўғрисидаги хабар у ўтказиладиган кундан 30 кун олдин эълон қилинади;
  • хабар эълон қилинган пайтдан бошлаб аукцион жараёни якунига қадар иштирокчиларга объектни сотиб олиш бўйича аукцион қадамига боғланмаган ўз нарх таклифини киритиш ҳуқуқи берилади;
  • сотилган объектнинг қиймати БҲМнинг 5 минг бараваригача бўлганда, тўловларни 10 иш куни, 5 минг бараварига тенг ёки ундан ортиқ бўлганда тўловларни 15 иш куни мобайнида тўлаш имконияти яратилади, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно;
  • аукцион ғолиби тўловларни тўлашдан бош тортган тақдирда, ғолиб ҳамда унинг тўғридан-тўғри таъсисчилари аукционлардан четлатилади (тўловларни тўламаслик ҳолати биринчи марта содир этилганда бир йил муддатга, иккинчи марта такрорланса муддатсиз даврга).
  • аукционга чиқарилган объектларни сотишга ва олди-сотди шартномасини расмийлаштиришга фақат аукционда камида иккита иштирокчи қатнашганда рухсат берилади.

Ҳужжатга асосан мазкур тартиб электрон савдо платформаси орқали сотилиши ёки ижарага берилиши белгиланган барча турдаги активларга нисбатан татбиқ этилади.