Токиодаги Олимпия ўйинларининг учинчи кунида етти нафар спортчи Ўзбекистон терма жамоаси таркибида иштирок этди.

Бокс. Рио-2016 Олимпиадаси чемпиони Шаҳобиддин Зоиров (-52 кг) туркиялик Батухан Чифтчи устидан 5:0 ҳисобида ғалаба қозониб, чемпионлик ҳимоясини бошлади. Бухоролик спортичи навбатдаги жангни кабо верделик Давид де Пинага қарши ўтказади.

Шаҳобиддин Зоиров.

Шу куни Фанат Қаҳрамонов (-75 кг) ҳам ўз жангини ўтказди, у грузиялик Гиорги Харабадзедан 5:0 ҳисобида устун келди. У навбатдаги жангни вице-жаҳон чемпиони қозоғистонлик Аманкул Абилхонга қарши ўтказади.

Таэквондо. Чорак финалга чиқиш учун курашда Никита Рафалович (-80 кг) доминикалик Мойсес Эрнандесни 17:7 ҳисобида енгди. Кейин ўзбекистонлик таэквондочи сўнгги икки жаҳон чемпионати ғолиби озарбайжонлик Милад Беги устидан ғалаба қозонди — 12:1. Ярим финалда Рафалович иорданиялик Салиҳ Элшарабатига 13:11 ҳисобида ютқазган бўлса, бронза медали учун жангда хорватиялик Тони Канаетуга мағлуб бўлди — 24:18.

Россиялик таэквондочи Максим Храмцов Олимпия ўйинларининг олтин медалини қўлга киритди.

Никита Рафалович.

Нигора Турсунқулова (-67 кг) мусобақанинг 1/8 финалида Хитой вакили Чжан Менюнга ютқазди. Агар Менюнь финалга етиб борида, Турсунқулова «бронза» учун курашиш имкониятига эга бўлар эди, бироқ хитойлик спортчи мусобақани ярим финалда тарк этди.

Оғир атлетика. Ушбу спорт тури бўйича Олимпиаданинг учинчи кунида Ўзбекистон шарафини фақат Муаттар Набиева (-55 кг) ҳимоя қилди. Даст кўтаришда спортчи 98 килограммни кўтариб, Олимпия ўйинлари рекордини ўрнатди, аммо силтаб кўтаришда энг яхши натижа бўлмагани сабабли (114 кг) у жами 212 кг натижа билан тўртинчи бўлди.

Бу йўналишда филиппинлик оғир атлетикачи Хидилин Диас олтин медални қўлга киритди. У 224 кг (97 кг даст кўтариш, 127 кг силтаб кўтариш — Олимпия ўйинлари рекорди) натижа билан Олимпиада ғолиби бўлди. Иккинчи ўрин эса Ляо Цююнга насиб этди — 223 кг (97 + 126). Бронза медалини қозоғистонлик Зулфия Чиншанло қўлга киритди — 213 кг (90 + 123).

Муаттар Набиева.

Дзюдо. Ушбу йўналиш бўйича Ўзбекистонга биринчи ғалабани Ҳикматиллоҳ Тўраев (-73 кг) олиб келди. 1/8 финалда у германиялик Игор Вандткедан устун келди. Чорак финалда ўзбекистонлик спортчи жанубий кореялик Ан Чанг Римга ютқазиб қўйди ва Токиодаги ўйинларини якунлади.

Қиличбозлик. 1/32 финалда қиличбоз Зайнаб Дайибекова Япония вакили Чику Аокини мағлуб этди — 15:9. Кейинги босқичларда нукуслик спортчи хитойлик Яци Шаони — 15:10 ва жанубий кореялик Юн Джи-суни 15:12 ҳисобида мағлуб этди. Чорак финалда Дайибекова Венгрия спортчиси Анна Мартонга ютқазди — 15:11.

Зайнаб Дайибекова (ўнгда)

Хабар эълон қилинган пайтда Ўзбекистон битта олтин медал билан турнир жадвалида 19-ўринни эгаллаб турибди.