Бобур боғи – менинг болалигим боғи. Музнинг синган овози ва тўрт ёшли укамнинг унинг остига тушиб кетганини эслайман. Бу «Капалак» кўлида содир бўлган эди. 2003 йилнинг қиши. Бронхлар саратонига чалинган дадам кўлга тушиб, болани чиқариб олган эди. Икки йилдан кейин у вафот этди. Дадам Тошкентнинг қандай қилиб боғларсиз қолгани ва кўпригу машиналар шаҳрига айланганини кўрмади. Бу шаҳар учун саратондек эмасми?
Ўтган йилнинг октябрь ойида эндиликда «Дўстлик» номини олган боғ таъмирлаш ишлари тугалланмаганига қарамай, реконструкциядан сўнг
очилди. Бир неча йил давомида у сармоядорни кутиб, қаровсиз ҳолда турди. Боғни қайта тиклаш бўйича бир қанча
концепциялар кўриб чиқилди, бироқ уларнинг ҳеч бири туман аҳолиси билан муҳокама қилинмади. 2021 йил баҳорида Тошкент шаҳар ҳокимлиги истироҳат боғи пойтахтга қайтарилгани, шаҳар маъмурияти фуқароларнинг фикрини инобатга олган ҳолда уни қайта тиклашини
маълум қилди.
Аҳоли томонидан айтилган боғга қўйиладиган асосий талаблар: мунтазам суғориб туриладиган кўпроқ дарахтлар ва яшилликлар, велосипед йўлларидан ажратилган пиёдалар йўлаклари, ўриндиқлар, фавворалар, спорт майдончалари, қайиқли кўл, скейтбордлар ва роликлар учун майдон, бепул кириш, ҳеч қандай аттракционларнинг бўлмаслиги ва бошқалар.
Аввал-бошда боғ 16 гектар майдонда жойлашган бўлиб, Бобур, Шота Руставели ва Братислава кўчалари орасидаги ҳудудни эгаллаган эди. Бугунги кунда унинг майдони 4 гектарга камайди. Ҳудуднинг бир қисмида Навоий номидаги Ўзбек тили ва адабиёти университети қаршисида автотураргоҳ, Пушкин хиёбони ҳамда гул бозори пайдо бўлди.
Бундан ташқари, охирги йилларда Братислава кўчасида 10 қаватли турар-жой биноси пайдо бўлди, Шота Руставели кўчасидаги «Бухоро» кафеси ўрнида ҳам кўп қаватли уй қурилмоқда. Яккасарой тумани ҳокими Анвар Сайфутдинов «Газета.uz»га берган интервьюсида тадбиркорнинг тўрт қаватни қуришга рухсати борлигига қарамасдан, бугунги кунда у ерда беш қаватли бино барпо этилгани сабабли қурилишни тўхтатганини таъкидлади. Тадбиркор қурилишни давом эттириш учун ҳужжатларни ола оладими, бу – очиқ савол.
Изоҳ