— Кўчиб ўтишнинг бир неча йўллари мавжуд.
Биринчиси,
ишга жойлашсангиз ва иш визасига эга бўлсангиз ёки расмий равишда ишлайдиган резидентнинг тўғридан-тўғри оила аъзоси — турмуш ўртоғи, фарзанди, ота-онаси бўлсангиз. Иккинчи ҳолда эса мамлакатда яшаш ҳамда чексиз кириш-чиқиш имкониятини берадиган dependent visa визасини оласиз.
Бироқ dependent visa билан расман ишлай олмайсиз. Иш берувчи жавобгарликни бўйнига олиб, оила аъзолар учун employment pass/dependent pass тақдим этади.
Шахсий тажрибамдан келиб чиқсак, ишчи виза камида бир, кўпи билан беш йилга берилади. Компаниядан кетсангиз, иш берувчи ишчи визангизнинг амал қилиш муддатини тўхтатади ва қонунчиликда белгиланган муддатда мамлакатни тарк этишингиз керак бўлади.
Dependent visa ишчисига боғлиқ бўлгани учун юқоридагилар унга ҳам тааллуқли бўлади.
Болалар учун dependent pass фақат 18 ёшга тўлгунларига қадар амал қилади, яъни фарзандларим энди уни олишга ҳақли эмас. Агар улар 30 кундан ортиқ муддатга келишни хоҳласалар, мен Малайзияда узоқроқ қолиш ва яшаш ҳуқуқини берувчи social pass учун ариза беришим мумкин.
Яна бир йўли —
талаба визасини олиш. У ўқиш муддатига берилади. Виза одатда ҳар йили янгиланади. Тил курсларида таҳсил олаётганлар учун ҳам талаба визаси берилади.
Туристик виза. Ўзбекистон фуқаролари Малайзияга кириб, мамлакатда 30 кунгача визасиз қолишлари мумкин. Ушбу муддатдан сўнг, агар сизда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда узоқроқ қолиш учун сабаблар бўлса, узайтириш учун ариза беришингиз мумкин.
Малайзия фуқароси билан турмуш қуриш Малайзияга кўчиб ўтишнинг яна бир йўли ҳисобланади.
Шунингдек,
«Малайзия менинг иккинчи уйим» – MM2H дастури ҳам мавжуд. Тафсилотларни расмий
сайтдан топиш мумкин. Бироқ, билишимча, ўтган йилдан бошлаб қоидалар қатъийлаштирилди. Дастур сизга ишлаш ҳуқуқини бермайди.
Яшаш учун рухсатнома ва фуқароликни олиш жуда қийин. Ҳар бир ҳолат учун мезонлар индивидуалдир. Мисол учун, сиз ўз соҳангизнинг юқори малакали мутахассиси бўлишингиз ва мамлакат сизга катта эҳтиёж сезиши лозим.
Ёки сиз Малайзия фуқаросининг турмуш ўртоғисиз ва мамлакатда белгиланган йиллар давомида яшагансиз, малай тилида равон гаплаша оласиз ва бошқалар. Жараён анча мураккаб ва узоқ давом этади. Малайзияда 15-20 йил яшаган кўплаб чет элликлар яшаш учун рухсатнома олишдан нарига ўтмаган.
Изоҳ