Абдулла Қодирий 1926 йилда нега судланганди ва судда нима деганди?
Абдулла Қодирий 1926 йилда нега судланганди ва судда нима деганди?
Абдулла Қодирий икки марта судланган. Иккинчи суднинг 1938 йил 5 октябрдаги ҳукми билан у отувга ҳукм қилинган. Даҳшатли томони шундаки, Қодирий унга ҳукм ўқилишидан бир кун аввал — 4 октябрда ўзбекнинг ўнлаб бошқа ойдинлари қаторида қатл қилиб бўлинган эди. Қодирий бу иш бўйича 1956 йил 9 октябрда оқланган.

Қодирий ҳаётидаги биринчи суд эса 1926 йил июнида бўлган. Ўша йил баҳорида у «Муштум» журналида эълон қилинган «Йиғинди гаплар» мақоласи учун Ўзбекистон етакчиларини, аниқроғи, республиканинг де-юре энг олий раҳбари Йўлдош Охунбобоев ва де-факто энг катта раҳбари Акмал Икромовни обрўсизлантиришда айбланиб, қамоққа олинган эди.

Ўзбекистон Олий судининг 1926 йил 16 июнь куни Самарқандда бўлиб ўтган мажлиси ҳукмига кўра, Абдулла Қодирий айбдор деб топилиб, икки йилга озодликдан маҳрум этилади. Аммо ўша вақтдаги Ўзбекистон парламентининг 17 июндаги қарори билан жазони ўтамай, озод қилинади.

Қодирий ўшанда фақат жазодан озод қилинган, аммо айбдорлигича қолаверган, оқланмаган. У бу иш бўйича Ўзбекистон Олий судининг 2023 йил 1 декабрдаги қарори билан тўла оқланди. Бу сўнгги бир йилда Ўзбекистонда юз берган Абдулла Қодирий номи билан боғлиқ энг муҳим воқеадир.
реклама
реклама
Апрель ойида буюк ижодкор таваллудига 130 йил тўлгани муносабати билан «Газета.uz» Абдулла Қодирийнинг 1926 йилги суд мажлисидаги нутқини эълон қилади. Нутқ матни унинг ўғли Ҳабибулла Қодирий томонидан ёзилган «Отам ҳақида» китобининг 2017 йили «Info Capital Group» нашриёти томонидан чоп этилган Қодирий тўпламига киритилган талқинидан олинди. Бунда судланишга сабаб бўлган мақола ва унинг атрофидаги бошқа тафсилотлар ҳам келтирилган.
Мушкул кунлар
Жулқунбой билан Ғози Юнус орасида бўлиб ўтган ўзаро мунозарадан сўнг кўп вақт ўтмай матбуотда яна бир мунозара бошланади. Натижа Қодирий бошига кўнгилсиз воқеани солади. Бу воқеани мен яхши хотирлайман.
Абдулла Қодирий ўғли Ҳабибулла Қодирий билан бирга. 1922 йил.
…Эрта баҳор эди. Бир кун кечки пайт шаҳар маҳалламиз чойхонаси олдида ўйнардим. Дадам чойхонада улфатлари билан ўтирарди. Шаҳар томондан икки киши келиб, чойхона қаршисида тўхтади. Келувчиларнинг бириси қисқа қора чарм пальтоли татар, иккинчиси узун шинелли рус солдат эди. Улар чойхўрлардан нимадир сўрадилар. Дадам жавоб қилиб ўринларидан турдилар ва улар билан биргалашиб уйимизга кетдилар. Уларнинг кетидан мен ҳам эргашдим. Меҳмонлар дадамнинг ёзув хонасига кириб, бириси сандал устидаги ёзув қоғозларни, токчадаги китобларни титкилаб кўра бошлади. Дадам бўлса уларнинг баъзи сўроқларига жавоб қилиб, бир чеккада жим турардилар. Нариги уйда ўтирган бибим нимадандир шубҳалангандай, «меҳмонлар» олдига кирмаса ҳам, уй эшиги олдига дам-бадам келиб қайтар, «Ким келди?» деб мендан сўрарди. Мен қувониб: «Дадамнинг ўртоқлари», дердим.

Бир вақт улар сандал устидаги қоғозларни йиғиштириб олдиларда, ҳовлига чиқдилар. Дадам ҳам ўроғлик кўрпа-ёстиқ кўтариб кетиндан чиқдилар. Бибимни чақириб: «Ойи, мен уч-тўрт кунга бир жойга бориб келаман, ташвишланманг», дедилар ва кўчага чиқдилар.

Дадам кетидан бибим негадир йиғлаб, ўзини ерга ташлаб юборди. Кейин англасам, дадам ҳибс этилган эканлар…

1926 йилнинг бошларида «Муштум» журналида Қодирийнинг «Йиғинди гаплар» номли бир мақоласи босилади ва бу мақола ўз даврида аҳиллар орасида бирмунча гап-сўз, мулоҳазаларга сабаб бўлади (бу мақола тўғрисида ҳозирги кунда ҳам баъзи кексалар ва улардан эшитган ёшлар қош-кўз қўйиб сўзлаб юради). Биз бу мақоланинг таҳлил-тафсилидан олдин, тўлиқ ҳолда уни ўқувчилар эътиборига ҳавола қиламиз.
Олақарға
Олақарға - келгинди
Ўчоқбоши
Ўчоқбоши - ҳукумат
Саркор
Саркор - раҳбар
Маданглик
Маданглик - маданий
Мурассаъ
Мурассаъ - қийматли тошлар билан безалган, маърузачининг сўзида бу сўз мурабба (квадрат) деб берилган.
Ушбу маъруза "Қизил Ўзбекистон" газетасининг 1926 йил 4 февраль, 29-сонида босилган
Фаройизхонлик
Фаройизхонлик - ҳисобчилик
Чақирим
Чақирим - 1,06 километрга тенг узунлик ўлчови
Чаман от
Чаман от - қирчанғи, секин юрадиган от ёки эшак
Маълумки, сафардаги одам рўза тутмайди, рўзангни очавер, барибир етиб боролмайсан, демоқчи.
Мирзабоши
Мирзабоши хизматкор, малай.
Оёқ йиғмаслик, йўлдан, ниятдан қайтмаслик.
Бу ерда чет эллардан ва марказдан келаётган меҳмонлар назарда тутиляпти.
1926 ва 1927 йилларда Тошкентда Ўзбекистон маданият ва маориф ходимларининг қурултойи бўлиб ўтади. Қурултойда большевикларнинг мамлакатда ўтказаётган бир неча хил кампанияларидан бири - зиёлилар масаласи кўрилади. Унда зиёлилар икки гуруҳга: пролетар ва эски зиёлилар гуруҳига бўлинади. Эскиларга миллатчи, пантуркчи ёрлиқлари осилиб, уларга қарши қаттиқ сиёсий ҳужум бошланади. Махсус қарорлар қабул қилиниб, эскилар санъат, адабиёт, матбуот ишларидан, айниқса, раҳбарлик лавозимларидан четлаштирилади, баъзилари таъқиб остига олинади (архивларда бу икки қурултойга оид материаллар жуда кўп). Қурултойни Акмал Икромов маъруза қилиб очади, бу маъруза "Қизил Ўзбекистон" газетасининг 1926 йил 21 январь, 18-сонида босилган.
Истиғфор
Истиғфор - тавба қилмоқ, кечирим сўраш.
Шайх Саъдий
Шайх Саъдий Шерозий (1203/1210–1292) – форс шоири.
Калила ва Димна
Калила ва Димна - шаҳзодаларга таълим-тарбия берувчи, панд-насиҳат услубида ёзилган ҳиндларнинг "Панчататра" китоби. Бу ерда гўё Акмал Икромов шаҳзодадек назарда тутиляпти.
Мутакаллим
Мутакаллим – сўзловчи, нотиқ, ўзимдан.
Осий
Осий - исён, Аллоҳнинг амрини бажаришдан бош тортиш, диндан қайтиш, муртадлик.
Басират
Басират - кўриш; кўзни очиш.
Сарбаста
Сарбаста - мустаҳкам.
Музҳика
Музҳика - кулдириш.
Ўнбоши
Ўнбоши - ўн беш аскарнинг бошлиғи.
Чўғол
Чўғол - бақувват, кучли хизматкор.
Йиғинди гаплар
«Муштум» журналининг 1926 йил 25 февралдаги 2 (27)-сони, 2−3-бетлар
Ўқуғучилар билан дардлашмаганимга қарийб бир ярим ой бўлди.

Қайси бурчакда ухлаб қолдинг, деб сўрама, жиян.

Бу ўлкада нима кўб экан, ухлайдиғон бурчак ва унда ўмпайиб, тўмпайиб ухлағучи менга ўхшаш овсарлар! Мен сенга айтсам, ўзбекнинг ишчиси, деҳқони, маорифи, маданияти, иқтисоди, шалтай-балтайи, хуллас барчаси ухлайди. Аммо ўчоқбошини холи топқон олақарғалар бўлса, хўбам билган номаъқулчилигини қилаяпти! Қилаверсин, эгасига товоқ-қошиқ керак бўлса, ахир бир кун қатрон-патрон қилиб олар-ов, оғайни! Иш қилиб ўлмасдан баҳорга чиқиб олсақ бўпти… «Ўпса нетар, ювса кетар», деган экан ота-бобо.

Мен шу дунёдаги одамзоднинг куйди-пиштисини темиртакда қийнаб ўлдурсам дейман:

Ерлилашдириш! Ўзбеклашдириш! Фалончининг виждонига куйдирги чиқғанми? Ўлиб бўлдикку! (Тўнғиз қўпсанг йўқ, дедимми!) Ярам янгиланди! Кўрчипқонимни кимнинг олдида ёрай?! (Бувингни олдида ёр!) Маҳалламдан мунчаси ишсиз, фалончаси оч! (Оч бўлса кафанини ҳозирла!).

Кўчага чиқсанг, кўринган кишидан эшитадирган сўзинг шу. Қулоғингга пахта тиқмасанг, бошқа иложи йўқ!

Вой ўша куйди-пиштини йиғиб, териб эгам чақирсин!

Ҳалику бу оғзаки ғишғиша. Аммо кечаги кун газетда Охунбобоевдек (суратда - таҳр.) битта саркорингдан ҳам феълим айнай ёзди. Ҳаммадан ҳам буники қизиқ.
Маданглик маориф ходимлари қурултойида маъруза ўқиб нима дейди, денг: «Жумҳуриятимизда ҳар 200 мурассаъ чақирим ерга ёхуд ҳар 4909 одамға битта мактаб бор. Ёки ўқиш ёшида бўлғон болаларнинг ҳар (эмас хўтук) 979 тасига битта мактаб тўғри келадир!».

Ана бу мияси ачимаганнинг гапига қаранг энди! Худога шукур қорнинг тўқ, қайғунг йўқ, бас, тинчкина фаройизхонлик қилмасдан оқсоқоллиғингни қилаверсанг бўлмайдими, уста Йўлдош!

Тузик, чақирим-пақиримингга маним ҳам қаршилиғим йўқ. Раҳматлик бўбой: «Саккиз чақирим бир тош бўлади, бир тошни яхши отинг бўлса бир соатда босасан», деб айтар эди. Икки юз чақириминг… ҳисобнинг калласи минан 24 тош бўлса, ҳалигидек отинг чаман бўлмаса, бир қўниб эртасига туш чоғида аранг етиб борасан. Уловинг эшак бўлса-ку ниятни сафарга қилиб рўзангни баҳузур еявер! Гап қаерда эди, ҳали… ҳа, айткандек ҳар беш минг одамга битта мактаб ёхуд 979 тагина уйида энасини зериктирган гўдакка биттагина эрмак тўғрисида эди.

Шу замонадаги баъзи одамларға ажаб ҳайрон қоламан. Бир минг болаға битта мактаб бўлса нимаю, ўн минггига битта тўғри келса, сен билан менга нима ҳасрат! Башарти муддао мирзабошиларни кўпайтириб, идораларни ерлилашдириш бўлса, азбаройи Ленин ва Маркс узаткон оёғингни йиғма! Кўчага чиқсанг ҳар қадамда битта мирзабоши, ҳасратидан чанг бурқийди: иш йўқ, куч йўқ, ўн тўққузта ерлилашкан идорадан ҳафта ўтмай чиртинг-пиртинг қоғозини олибдир. Ростини айтсам, «Қул ўлмас, ризқи камимас» мақолини унча-мунча одам тўқиб ташламаған. Дарҳақиқат, ҳар беш мингига битта мактаб бўлса ҳам бечоралар йиғлаб, сиқтаб, яғириға кул сепиб, бир кунини кўраяпти. Бунинг устига кун сайин таппа-таппа келиб турған бешик-белик ва қадр ҳурматлик меҳмонларға ҳам сиррини бергани маълум эмас. Энди ҳар минггига битта мактаб тушкан ҳар беш мингнинг хўтуклари ҳам бир кунини кўриб кетар деб, ўйлаймиз. Битта-яримтанинг ўчоғига косов бўлар ёки отбоқарми, ахлат қоқарми, ишқилиб бир бало бўлар-ку! Бас, менга қолса мундоғ майда гапларнинг қайғусини чекиш ҳам арзимайдир.

Энсамни қотирғон гапларнинг яна биттаси анови кун бўлиб кечкан маданглик маориф ходимчиларининг қурултойидир. Тўғрисини айтканда, зиёнлиларни фойдалик қилиш масаласидир. Лекин ашаддий қаҳқаҳамга мужиб бўлған гап ҳам шуниси. Ўртоқ Акмалча (Акмал Икромов, суратда - таҳр.) Чўлпонбойнинг:
Зиёлимассен зиёнли ҳезлардан
Упа-элик олудаси қизлардан —
Охунд бобо ўғли каби эр керак,
Боёнлардан олинғуси ер керак!

деган шеъри билан зиёнлиларнинг афтига туфургани ҳолда яна нима учундир имони сусайиб, «Ҳезлар тавба-тазарруъ қилса фирқанинг қучоғи уларга очиқ!», деб қўядир. Дарҳақиқат, ҳезлардан биттаси тавба қилиб, истиғфор айтса, Акмал жиндак бу тавбага ишонадими, йўқми, ҳозирча унинг ичига кириб чиқған маҳлуқ йўқ. Бироқ бунга ишонар экан Акмалингға айтадирган икки оғиз гапим бор:

Сенга мисол бериш учун Шайх Саъдийнинг ҳикматига ва ё Калиланинг Димнасига мурожаат қилиб ўлтурмайман. Мисолни худда нақ мутакаллимдан эшит:

Мен ҳар куни Худоға тўққуз мартаба осий бўлиб, ўн саккиз мартаба тавба ва истиғфор айтаман. Исёним бепоён бўлғонидек, истиғфорим ҳам ҳадсиз ва лекин исёнсиз қолған соатимға жуда оз учрайман! Бас, онглағилким, эй Акмал! Тавбага бўйин буккан банда, бандаларнинг энг ярамасидир, қуллиқ бунёд қилғон расво-расволарнинг энг ашаддий расвосидир. Ўз бутунлиғини сақлай олмаған бошқаға эн бўлаоладир, деган гапни ҳеч бир китобда учратолмадим. Айтмакчиманки, тавбаси бошини есин, сен бўлсанг ишингдан қолма, отингни чуҳ, де! Ҳақиқат олдида бўйин эгиш товбадир, ўзгаси ғовғадир!

Шу оралардағи муҳум ҳангамаларнинг яна биттаси «Миллий қўшиннинг фирқа конференцияси» деб арз қилсам, эҳтимолки, ҳеч кимнинг кўнглига оғир келмас. Нафсиламир, қилай деса иши, ётай деса оғриғи йўқ йигитларимизни башарти мувофиқ кўрилса ва газармаларингиз бўш бўлиб, кўнгилларига гап келмаса, қўллариға милтиқ топилмағанда ҳам битта-битта кетмандаста бериб қўриқчиликка қабул қилиш чакки бўлмас, деб хаёл қилурмиз. Яна раъйи ўзлариникидир.

Ер ислоҳоти муносабати билан Ўзбекистонда бошқа ислоҳотлар ҳам ясалар эмиш, деб эшитдим. Дарҳақиқат, мамлакатда ислоҳотга муҳтож масалалар кўбдир. Масалан, катталарга ақл ва басират ислоҳоти, муҳаррирларға тил ва маъно, шоирларга илҳом ва услуб (маъно бўлмаса ҳам майли), ёшларға ахлоқ ва кийим, хотинларға жабру зулм, домлаларға дин ва салла, «Муштум» ёзишғучилариға фақат шахсларнинг ёқасига ёпиша беришлик ва бошқа мавзулар тўғрисида ўйлаб ҳам қарамаслик ва ҳоказо ислоҳотларға ниҳоят даражада эҳтиёж кўбдир.

Овсар (Абдулла Қодирий)
Қодирий, бу мақола босилгач, Ўзбекистон Жиноят қонунлари мажмуасининг «Раҳбар ходимларни обрўсизлантириш…» моддаси билан қораланадилар. Биз бу кўнгилсизликдан хафа эдик…
реклама
реклама
Маҳалламиздаги Акбархўжа амаки, Ғулом Зафарий ва ишхонадан Ғози Юнус каби ёр-дўстлар тез-тез уйимиздан хабар олиб, дадамнинг яқин кунларда қайтиб келишини айтиб, бибимни юпатиб, кўнгил кўтариб кетар эдилар.

Орадан, чамаси, икки ҳафта вақт ўтгач, бир кун Акбархўжа ака шундай хабар топиб келди: «Даданг очлик эълон қилган эмиш…». Бунинг сабабини сўзлаб ўтирмай, дадамнинг очлик эълон қилиш тўғрисида турма бошлиғига ёзган архив-аризасини қуйида кўчирамиз (ариза русча ёзилгани учун таржима қилинди):
Мен 8 мартда ҳибсга олинганман. Шу чоққача сўроққа чақирилмадим. Нима айб қилганимни билмайман ва ўзимда бирон айб сезмайман. Менинг ишим кимнинг қўлидалигини аниқлашингизни ва сўроққа чақирилишимни сўрайман. Йўқса, 24 мартдан очлик эълон қиламан.
А.Қодиров. 1926 йил 22 март
Терговчининг сустлигиданми ёки ариза эътиборсиз қолдирилганиданми, бошқа бирон кузатилган мақсад юзасиданми, ҳар ҳолда, талаб қондирилмайди, шекилли, дадам, 24 мартдан очлик эълон қиладилар.

Акбархўжа амаки ва Ғулом Зафарий: «Абдулла таом қабул қилмаётган эмиш», деб кун сайин хабар келтирар эдилар. Бибим, айниқса, қайғурар, кўзёши қиларди. Тергов ходимлари: «Балки, у сизнинг сўзингизни тинглар, айтинг, таом қабул қилсин», деб Акбархўжа амакимни дадам ёнига киритардилар… Барибир, дадам гарчи очликдан ҳолсизланиб қолсалар ҳам, ўз сўзларида қатъий турадилар. Очлик ўнинчи кунга етгач, ҳаммани ташвишга сола бошлайди. Охири, тергов идорасининг вакили Агидулин шундай қарор чиқаради (қарор қисқартириб олинди):
72 п.ч. 105 УК моддаларига биноан ҳибсда ўтирувчи Абдулла Қодиров бугун ўн кундирки, очлик эълон қилиб ётади ва таом қабул қилмайди. Унинг оғир аҳволини ҳисобга олиб, қарор қилинади: А.Қодировни Тошкент турмасига кўчириб, касалхонада даволансин. Таом қабул қилмаса, сунъий овқатлантирилсин.
— Тошкент шаҳар. 1926 йил 3 апрель.
Дадам Тошкент турмасига кўчириладилар. Докторларнинг насиҳати, «Ишингизни тезлатишга кафилмиз», деб ваъда беришлари натижасида, дадам ниҳоят, ўн тўртинчи куни докторлар назоратида таом қабул қила бошлайдилар ва тергов ишлари тез кунда тамомланиб, иш судга оширилади.

Ёдимда, дадам суд бўлишини кутардилар. Бибим, мен, Акбархўжа амаким билан ҳафта сайин дадамни кўргани турмага борар эдик. Дадам билан бир-ярим соат сўзлашиб, таом бериб қайтар эдик. Дадам ҳар гал оппоқ, озода кўйлак-кийимда семирган, хурсанд ҳолда кўринар эдилар.

Бир гал шундай бўлган эди: турма дарбозаси олдида киришга вақт кутиб ўтирардик. Қаёқдандир бир киши келиб, Акбархўжа амаким билан ва паранжида ўтирган бибим билан сўрашди (бу кишининг исми Раҳматулла, кейинчалик бир неча бор бизникига меҳмон бўлиб келганида билганман. У тошкентлик, дадамдан анча ёши катта, касби савдогарчилик эди). Раҳматулла амаки ҳам, савдо важидан бўлса керак, қамоқда, дадам билан бир хонада турар экан. Негадир бу кишига кундузи ишга бориб келишга рухсат этилган, шу чоқ у юмушдан қайтиб, ётоғига кириб кетаётган экан… Раҳматулла амаки бибимга деди:

«Балки, сизлар ҳали бунда яна бир-икки соат вақт кутиб қоларсизлар. Унгача Ҳабибулла мен билан дадасининг олдига кириб ўтира қолсин. Сизлар киргач, қайтар…».

Бибим рози бўлдилар. Раҳматулла амаки мени етаклаб, дарбозани тақиллатиб ичкарига кирди. Дарбозабон мени кўриб, Раҳматулла амакига нимадир сўзлаб, эътироз қилгандай бўлди. Ўртада бироз «дипломатик» гаплар бўлгач, дарбозабон елкамга қоқиб рухсат берди. Шундай «дипломатик» муаммолар билан яна икки дарбозабондан ўтгач, узун тор қоронғи йўлакдан бориб, ўнг томондаги эшикни очиб бир хонага кирдик. Оппоқ кўйлак кийган дадам каравотда ким биландир сўзлашиб ўтирар эдилар. Кўришдик…

Дадам ўтирган уй кенг, тахта полли, қўш деразали, оқланган, озода, ёруғ: ҳар кишига алоҳида каравот, устларига чойшаб тўшалган эди. Дадам ва бошқа ўтирганлар мен билан «суҳбат»лашишди, кимдир чой дамлаб келди, яна биров деворга осиғлиқ корзинка-саватдан ширин оқ нон, сариёғ ва мева-чева олиб қўйди… «Меҳмондорчилик»дан сўнг дадамнинг каравотига ётиб ухладим. Кейин дадам мени уйғотиб, ташқарига чиқдик. Бибим, Акбархўжа амаки, дадамлар анча сўзлашиб ўтиргач, уйга қайтдик.

Ниҳоят, суд кунлари яқинлашди. Дадам Ўзбекистон Олий Судида судлангани Самарқандга (у вақтларда марказ Самарқандда эди) жўнаб кетдилар. Дадам кулиб ҳикоя қилардилар:
Самарқандга судлангани поездда бир ўзбек милиционери муҳофазасида борардим. Купеда ётиб, уйқум келмай, тунда китоб ўқирдим. Ёнимда мудраб-мудраб кетаётган милиционер бир вақт менга: „Мулла ака, жуда уйқу босяпти. Жиндак ухлаб олсам, қочиб кетмайсиз-а?", деди. „Йўқ, бемалол, бемалол", дедим мен. Самарқандга етгунча ухлаб кетди. Қуролини олиб қўймасинлар деб, уни муҳофаза қилиб бордим
— Абдулла Қодирий
… Қарийб уч ойлик сўроқ-терговлардан сўнг, Ўзбекистон Олий суди Қодирийни судлайди. Судда Қодирий ўзини ҳимоя қилиб, қуйидаги узрнамо маърузаларини ўқийдилар:
Суддаги нутқ
Мен 1926 йилнинг 10 январидан 10 февралигача отпусқага кетуб, дам олиб юрганимда, бу «Йиғинди гаплар» ном мақолани ёзғанман. Отпусқадан қайтқандан сўнгра, 14−15-числада навбатдаги чиқатурған «Муштум» журналининг сони учун материаллар тайёрлағанимда уларнинг ичида бу мақолани ҳам қўшуб, масъул муҳаррир Комил Алимовга олуб борғанман. Масъул муҳаррир Комил Алимов ҳалиги «Йиғинди гаплар» ном мақолани меним қўлумдан олиб, ўзининг кабинетида баланд овоз билан ўқуб берди. Ул мақолани ўқуб берган вақтда унинг кабинетида ўртоқ Ғози Юнус, Санжар Мирмаҳмудов ва қонтўршик (конторачи) Халучаев бор эди. Масъул муҳаррир Алимов мақолани ўқуған вақтда баъзи жойларини хато ўқуғани учун мен тузатиб турдим. Кейин ўқуб тамом қилғандан сўнг, «Хўб, бостирайлик», деди, ҳам «Яхши кетди» деб қўшимча қилди ва мен бостирғанман, чунки Алимов ижозат бермаган ҳолда, табиий, мақоланинг материали йиртқилануб ташланса керак эди.

Мақолани масъул муҳаррир Алимовга кўрсатмасдан илгари, Зиё Саидийга ҳам ўқуб берган, худди бошлағанимда ҳодисанинг тепасига Хуршид ҳам кириб қолди. Мен ўқуб бергандан сўнг, «Кўб яхши кетди» деб мақтаб юборди. Бу онглашилмовчиликдан илгари расмият, яъни идорага келган мақолани бостириш ёки бостирмаслик тўғрисида муҳаррир резолюция солмас эди. Ўшанинг учун бу мақола резолюциясиз бостирилғон. Расмият фақат журналнинг 28-сонидан бошланди.

Бу мақола фақат кулгу тариқасида ёзилған, ҳеч бир ҳукуматка ёки сиёсатка тегадирған жойи йўқ. Мақола босилуб журнал тарқалғандан сўнгра беш кунча ўткандан сўнгра Алимов Самарқанддан қайтуб келди ва мени ўзининг олдига чақиртириб, «Нимага бостирдинг, мен ижозат бермаган эдим», деди. Мен «Сен ижозат бердинг, мен бостирдим», деб жанжаллашдик. Мақолани Алимовнинг кабинетида ўқуғанда Зиё Саидий йўқ эди, ҳам кирган эмас, шахсий адоватка кетуб, «Бор эдим», деб гапирадир.

Бу гувоҳларнинг мундоғ гапириши фақат шахсий адоватдан иборат, чунки бирон вақт жонларига теккан бўлсам керак, аммо қай тариқада уларга гап тегдирганимни айта олмайман. Гувоҳ Зиё Саидийни оғзаки танқид қилар эдим. Матбуотда танқид қилғаним йўқ. Қисқаси, умуман, Зиё Саидий ва бошқалар манга қарши бўлғанлари учун ёлғондан гувоҳлик берадирлар.

«Йиғинди гаплар» мақоласини маъниси, келган-кеткан гаплар деган сўздир ҳам фақат кулги тариқасида ёзилғандир. Ҳақиқатда кулги ёзилғанлиғини исбот қилмоқ учун қуйидаги изоҳотни беруб кетишни лозим топаман: кулгуликнинг бошланиш тарихи жуда эскидир. Кулгулик инсонлар бирга туғилған, унинг бошқа хусусиятлари, яъни камолот ва руҳий ҳолатлари ила ёндошдир. Шунингдек, биз ўзбекларнинг кулгулигимиз ҳам ўз тарихини эскидан бошлайдир. Аммо янги инқилобий кулгулигимиз ўз тарихини буюк Ўктабрдан сўнг ёзди. Мунда, албатта, дунё маданияти интибоҳининг ва янги шўролар маданиятининг кулгуликка бағишлаган ҳадялари, янги қўшимчалари орқалиқ кенг қанот ёйған ҳолатда кўринадир. Яъни бу кун бошқа масалалар ўз доираларини кенгайтириб, улғайғанда сарбасталанганларидек, кулгулик ҳам ўзига ҳуқуқни катта олған. Бу кунги музҳикани ўртоқлик кулгулиги, музҳикаси маъноси билан онгланмайдир.

Юқорида деганимиздек, бизнинг музҳикамиз жуда ёш, унинг туғилиши ҳам Ўктабрнинг юмишларидан бўлди, десак янглишмаймиз, чунки Ўктабргача бўлған ўн йил ичида жадидлик байроғи остида чиқған матбуотка назар ташланса, кулгу рангидаги парчага жуда оз учрашилади ёки сира учрашилмайдир. Демак, бизга янги давр кулгулигини бошлаб бергувчи, бизга ўхшаш хом кишиларни бу йўлға тортқучи улуғ Ўктабрдир. Унинг шу ёшлиғи ва камчилиги бўлиши ҳам табиийдир.

Ҳар бир нарсани туғилиш тарихига назар ташланиб кўриладирким, ул ибтидоий даврида, албатта, бир эҳтиёж орқалиқ дунёга келса ҳам, аммо бошда ғояга тегишлик даражада хизмат қилолмайдир. Шунга ўхшаш кулгулик ҳам туғилишда шахсий ҳангама йўлинигина ўтаб, такомил қоидаси бўйинча бу кунги ҳолатка келган. Ғарбдаги маъноси билан эмас, бизнинг Шарқ учун ўрта аср ­- қуруни вуста даврини хотирлатқан хон замонлари музҳикасига бу кунги кулгуликни таққос қилуб кўрсак, шубҳасиз ер билан кўкча фарқ кўрамиз.

Бунинг учун, албатта, таажжубнинг жойи йўқ, биз хонлар замонида эмас, меҳнаткашлар даврида яшаймиз.

Мисол учун, эски замон кулгулигини бу кунги музҳика билан тенглаштириб қарайлиқ: масалан, хон замонларида хонга ёки шунинг каби катта мансаблик бекка ҳазил тўқиш мумкин эмас, аммо қуйи мансаблик қози, ўнбоши, чўғол ва шулар сингари кичик маъмурларга муқаллид ва мутояба қилиш мумкин эди. Бунга мисол учун тарихдан излансак кўрамиз: ўткан асрнинг 80-йилларида Афғонистондаги тахт жанжаллари ва ички иғтишошдан қочиб, амир Абдулраҳмонхон Туркистонга сиғинадир. Мунда бир неча вақт қолуб, тошкантлик Калпараш исмлик ўз замонасида машҳур бир қизиқ билан танишиб қоладир ва унинг ҳазилига, тақлидига мафтун бўладир. Абдулраҳмонхон бир неча замондан кейин Афғонистон тахтига ўлтуриб, тошкантлик бояғи Калпарашни ўз ёниға чақирадир. Калпараш ижобат этиб Кобилга борғач, хон воситаси билан ундаги мансабдор ва аён билан танишадир. Хоннинг ишорати билан анжумани олийлардан аёнга ҳазил тўқуб, уларга муқаллид бўла бошлайдир.

Хон билан бўлған бир мажлисда хоннинг рухсати ила Калпараш олдин бекларга бирма-бир ҳазил ва тақлид қилуб чиқған. Кайфи келиб хурсанд бўлған хон: «Менга ҳам муқаллид бўл, ҳазил тўқи!», деб Калпарашга буюрадир. Калпараш буйруқ бўлғандан сўнгра хоннинг ўзига муқаллид бўладир: хон каби тахтда ўлтуриб, чилим сўрайдир. Пояси чилимни яхши тайёрламағани учун ғазабланиб, уни ўн дарра уришга буюрадир. Бу тақлидни Калпараш шундай адо қиладирким, кўргучилар худда хоннинг ўзини айни ҳолатда кўрадирлар. Аммо хон ўзининг қилиғидан орланадир ва шу ҳолатда Калпарашни жаллодга топшируб, ўлдиртирадир.

Бу мисолдан муддао шундаким, бу кунги музҳика ўзининг эски сиқиқ доирасидан чиқғандек, бу кун ишчи-деҳқон бошлуқлари ҳам уларнинг, яъни ишчи-деҳқонларнинг ўз ораларидан чиқған ўз оғаларидирлар. Ҳозирги кулгулик ҳам қанот қуйруқланиб бу кунги бир Калпараш мазкур ўз ҳукуматининг арбобидан бир оғиз сўз ҳазил ва мутояба тўқий оладир, деб биламан.

Юқорида айтилди: кулгулик кишилар билан туғилиб, улар билан бирга камолотка эриша борғуси, деб. Албатта, кулгулик бошланишда тор, сиқиқ доирада бўлғанлиғида шубҳа йўқ. Масалан, маданиятда ибтидоий бўлған халқларнинг кулгусини оддий ҳазилдан, вазият музҳикасидан юқорида кўриб бўлмайдир. Инсонлар бир оз ўсиб, орада синфлар туғилғандан сўнг, кулгулик бир мунча ўскан, яъни бир синф иккинчи синфдан, бой камбағалдан, мурид эшондан кулиб бошлаған. «Ошқовоқни қайнатиб, ёғини олған авлиё» ёки «Эшонимнинг тасбиҳлари носвой қовоқ» каби синфий ҳажвлар шу жумладандир.

Кулги майдонида кейинги янгилик сажия музҳикасидир. Яъни кулгуликнинг учунчи пояси сажиявий кулгусидир. Биз бунинг мисолларини маним «Тошпўлат тажанг», «Калвак махзум», «Овсарлар» ва «Ўткан кунлар» рўмонимдан «Ўзбек ойим» ҳам бошқаларда кўрамиз. Бизнинг янги адабиётимизда характерли нарсалар оз, балки йўқ даражасида бўлғанлиқдан бунинг учун мисолни ўз асарларимдан олдимки, бунда мени маъзур кўрсинлар.

Албатта, кулгуни кейинги мактабнинггина қолипиға солиб юргазиб бўлмайдир. Сажия кулгусида ҳам нариги унсурлардан бир мунча қўшилмай чораси йўқ. Инсон деган сўздан, умуман дунёдағи кишилар онгланғанидек, ул сажияда ва ҳолати руҳияда ҳам бир-бирисидан жуда узоқлаша олмайдир. Биз юқорида музҳикадаги уч давр таърифини қилған эдик. Ҳам уч давр бир-бирисининг устига келиб ўлтурған деймиз. Масалан, наъма дунёга янги чиқишида бир хил товуш берган ва бу кун камолга эришуб, чин наъмалик ҳолини олған: уни ҳамма оҳангини қўшуб бирга чалинмаса, бир хил товуш билан кулолнинг ясағанлари шуштагидан ортиқча камолотни беролмайдир. Демак, нима бўлғанда ҳам, ҳозирги кулгуликда ҳар ҳолда юқорида мазкур уч поянинг бирликда бўлиши мажбурий бўлиши мажбурий бўлуб тушадир.

Ички маънавий томондан кулгуликда уч турлик унсур ҳам бор: 1-мутояба (шарж маъносида), 2-юмор (ҳажв), 3-сатира (ибрат). Шу уч турлик кулгуликни ифода қилишда ёрдамчи (воситачи) хизматини ўтагучи унсурлар эрса: ҳазил, киноя, муболаға, тасфир, ташбия, тамсил, истиора, татоққул, тажоҳул, халқ мақоллари ва таъбирлари ва шунга ўхшаш гаплар.
реклама
реклама
Маним 27-нчи сон «Муштум» журналидаги «Йиғинди гаплар» сарлавҳалик кулги мақолам ҳам шу асосларга солиниб ёзилған сажиявий чин кулги эди. Мазкур мақоладаги мақсадим кулги мезони билан харфат жадидга олинғанда қуйидаги мазмунлар ҳар кимга, ҳар бир гўдакка ошкора бўладур: мақоланинг биринчи устун тўртинчи йўлидаги «Ўзбекнинг ишчиси, деҳқони, маорифи, шалтай-балтайи… илах ухлайди» жумласи фақат муболаға мақомида қўлланған бир гапдир. Мундан бошқа маънолар чиқариш хаёлот ёки васвасадир. Зеро, бошида бир оз муҳокамаси бўлған ҳар бир киши Ўзбекистоннинг Улуғ Ўктабр инқилобиғача бўлған ҳоли билан, Ўктабрдан кейинги тўққиз йил ичидаги интибоҳини (ижтимоиятда, илм ва маданиятда, хулоса, ҳар бир жабҳада) чақишдириб кўрса ўзини тамоман бошқа бир оламда ҳис этадир. Бас, мундаги жумла муболаға орқалик ишчи-деҳқонни қитиқлаш, яъни уни яна ҳам юқори томонга қараб судраш мақсадида келтирилган; бу жумла зоҳирий тузулишдан муболаға кулги, ички маънодан қитиқлаш. Турмушдан мисол келтирилганда, масалан: Тошпўлат аканинг бир ўғли бор. Тошпўлат ака ўғлининг ишга ихлосини, ўз ишида муваффақиятини яхши биладир. Лекин, шундоғ бўлса ҳам ўғлини «Сен ялқовсан, одам бўлмайсан!» деб камситадир. Бу камситиш, яъни пўписа камситилғучининг чиндан ҳам ялқов ва ғафлатда эканини кўрсатмайдир, балки унинг яна ҳам излатишга ва ўз нуқсонини қидириб тағин ҳам юқориланишга хизмат этадир.

Мазкур жумладан кейинги: «Аммо ўчоқ бошини холи топқон олақарғалар бўлса, хўбам билган номаъқулчилигини қиляпти!» жумласидирки, мазмуни ҳаммага ҳам яширин эмас: Чор ва сармоя ҳукуматининг Ўзбекистонда қолған ва қўй терисига бурканиб эски хўжалиқни димоғидан чиқаролмаған жониворлари ҳамон шўро идораларида ҳукм сурадирлар. Албатта, улар қўлларидан келганича ишчи-деҳқон иқтисодига ва шу восита орқалиқ унинг маориф ва маданиятиға зарба беришга тиришадилар. Ҳам зарарликда шулар қаторидан қолишмайдирған, фақат ўз шахсий роҳати йўлида элни эмиб, қайғусиз, ғоясиз, эчкининг оти Абдукарим бўлуб, етмаса иғвогарлик билан кун кечирувчи ўзининг баъзи устолпараст, танпараст шахсларимиздан киноядир. Мундан кейинги «Қилаверсин, эгасига товоқ-қошиқ керак бўлса, ахир бир кун қатрон-патрон қилуб оларов, оғайни! Ишқилуб ўлмасдан баҳорга чиқиб олсамиз бўпти…». Бу ердаги эга — ишчи, деҳқондир ва чиқиладирган баҳор уларнинг юксалиб чин социализмга етишмакларидир. Яъни ишчи-деҳқонларимиз иқтисодан юксалиб, маърифатан юқорилашсалар, ўшандай зарарлиқ мустамлакачи ва бошқа унсурлардан қутилурлар, қатрон қилиб уларни йўқотурлар, юварлар, деган маънода.

«Ерлилашдириш, ўзбеклашдириш илах». — Бизда бир хил кишилар бор, яъни зиёлинамолар. Ўзлари амалда бир пуллик иш қилмайдирлар, аммо оғизда кўча саситиб, ҳасратлануб юрийдирлар. Мазкур жумлалар ўшандай ишсиз, фақат ҳасратигагина таянған унсурлардан киноядир. Масалан: «Ерлилашдиришдан ҳеч бир натижа чиқмади, фалон иш билан мундай ҳолатга тушдим, ҳасратингни кимга айтасан», деб юрғучи олифталарга ҳамма вақт учрашиладир. Овсар бўлса уларга «Бибингни олдига ҳасрат қил, ҳезлар!» деб заҳарханда қиладир. Юқорида зикр қилинғанидек, мақсадлари фақат мансабдан, кайфу-сафодан иборат бўлған унсурлар бизда ҳали қуритилған эмаслар ва бунга газета бетларидаги хабар ва шикоятлар онли шоҳиддир ва шулар қаторида ҳалигидек қуруқ ҳасратчилар ҳам йўқ эмаслар. Аммо буларнинг қаршисида жони билан, тани билан ишчи-деҳқон саодатига қурбон бўлиб бош тикканлар ҳам кўб, жумладан, ўртоқ Охунбобоев бунинг тимсоли мужассамидир. Ул ҳар қачон ҳар ерда камчилик ва нуқсонларимиздан сўзлаб, бунинг учун чоралар, тадбирлар излашга ҳам ишчи-деҳқон саодати йўлидағи тўсиқ ғовларни олиб ташламоқ учун барчани кўмакка чақирадир.

Биринчи устуннинг 25-йўлидан бошлаб, иккинчи устуннинг 4-йўлигача бўлған ўртоқ Охунбобоев тўғрисидаги гаплар ёлғиз унинг шу сифатидан киноядир. Масалан, фақат кўча саситиб, оғзаки ғиш-ғиша қилиб юрган анави ҳасратчилар қаршисида ўртоқ Охунбобоев активний равишда мажлис ва газеталарда камчиликларни чертиб отадир. «Ҳали-ку бу оғзаки ғиш-ғиша, аммо кечаги кун газетада… илах» (5-йўл, биринчи устун), муқаддимаси шуни ифодалайдир.

Иккинчи устун 5-йўллардағи: «Шукр, қорнинг тўқ, қайғинг йўқ, бас тинчкина оқсоқоллиғингни қилаверсанг бўлмайдими?» жумласи шахсий ҳазил бўлиши баробарида, юқорида зикр қилинған қорни тўқ, бошқа қайғуси йўқ унсурлардан замзамадир. Яъни, айтилмакчиким: Эй, Охунбобоев! Нега сен анавиларға ўхшамайсан! Қайғирасан, изланасан, билган ва ҳис эткан нуқсонларингни очиқ айтасан, ўртоқлашасан, сен ҳам ўшалардек қорнингни силаб ётсанг бўлмайдими? Аммо бу жумладан анави танпарастларга онглатилмоқчи бўлинған, айтилмак исталинган маъно бундайдур: Эй абдулҳақлар ва эй тан бандалари, ўртоқ Охунбобоевдан нега намуна олмайсизлар, ул сизларга ўхшаш қорним тўқ, қайғим йўқ деб тинчкина ётибдирми? (Мана шу ўринда айтилган маънони қуйидағи жумлалар, яъни кулгунинг кетиши ҳам таъкидлайдур).

Иккинчи устун 7-йўлдан бошлаб, 13-йўлнинг охиригача бўлғон: «Тузук, чақирим-пақиримингга маним ҳам қаршилиғим йўқ…» жумласи эса ўртоқ оқсоқолнинг мазкур маърузасини дарҳақиқат илтифот этишга лойиқ бир цифр эканини, бизнинг тўкис маориф — маданиятга эришмагимиз учун яна катта фидокорликлар кераклигини кўрсатиб онглатиш учун келтирилган.

Иккинчи устун 17-йўлдан бошлаб, «Шу замондаги баъзи одамларга ажаб ҳайрон қоламан, бир минг болаға битта мактаб бўлса нимаю, ўн минг болаға битта тўғри келса нима қайғи?» жумласи билан яна юқорида айтканимча, ўртоқ оқсоқолнинг чиндан ишчи-деҳқон маорифи ва бошқаси учун ғамхўр ва бош оғритганини кўрсатмакчи ва шу гуноҳи, яъни мазлум халқ маориф-маданияти йўлида ўз-ўзини машаққатлагани учун овсарона уни шилталамакчидирман. Бундоғ киноялик мадҳ аксар халқ орасида истеъмол қилинадур. Масалан, тиришқоқ ва жонкуяр бўлған кишига иккинчи биров ўзини овсарликка солиб: «Қўй, нима керак сенга мунча ташвишни! Шукр бир кунинг бўлса ўтиб турибдир; беш кунлик дунёда сен ҳам тинчкина юрсанг-чи?» дейдирлар.

Иккинчи устун 20-йўлдан бошлаб, 3-устуннинг бешинчи йўлиғача бўлған «Муддао мирзабошиларни кўпайтириб, идораларни ерлилашдириш бўлса… илах» кулгулари ёлғиз ўртоқ Охунбобоевнигина эмас, балки бошқа ўртоқлар диққатини ҳам ерлилашдириш ва маданий маъориф ишларига жалб қилиш учун қўлланилғандир.

Маълумки, бизда икки хил зиёлилар бор: 1) эски, яъни Ўктабргача бўлған зиёлилар. 2) Янги Шўро зиёлилари. Такрорга ҳожат йўқ: инқилобғача бўлғон ва Ўктабрдан кейинги зиёлиларни етиштирган омиллар ва шароит ҳаммага маълум. Шунинг учун мен уларни таҳлилига киришмай, мазкур «Муштум» сонидағи зиёлилар ҳақида бўлған кулгулиғим устида гапираман:

Учинчи устун 15-йўлдан бошлаб то 35-йўлғача бўлған гаплар мазкур икки хил зиёлиларни текширув мақсадида ёзилғандир. Масалан, «Ўртоқ Акмал Чўлпонбойнинг… шеъри билан зиёнлиларнинг афтига тупургани ҳолда яна нима учундир, „Ҳезлар тавба қилса уларга фирқанинг қучоғи очиқ!" деб қўядир. Дарҳақиқат, ҳезлар тавба қилса ўртоқ Акмал бу тавбага ишонадими, йўқми, аммо унга айтадирган гапим бор…». Бу жумлалар зиёлиларни фирқа кўзида тавба қилған бўлуб кўринуб риёкорлик қилмасинлар, тавбаларга қуруқ сўз беришдан иборат бўлмасин мақсадида айтилган. Мундаги ҳарфан кузатилган муддао эрса мундоғ: Эй, зиёлилар! Сизлардан баъзи бириларингизнинг яқин мозийдағи камбағаллар ҳукуматига берган зарарларингиз майдонда, бунинг учун меҳнаткашлар афтларингизга туфласалар ҳақлидирлар. Меҳнаткашларнинг қучоғи бизга очиқ экан, деб риё билан меҳнаткашлар ишига аралаша кўрмангиз, чунки меҳнаткашнинг ақли-ҳуши бошида, яқин ўткан кунларингиз унинг кўз оқида. Эй, ўртоқ Акмал, агар улардан биртаси мазкур риёкор мунофиқлик ҳолатида ишга аралашадирған бўлса, сен бунга ҳозир бўл, эҳтиёт тур! Аммо тавба тўғрисида сенга айтадирған сўзим бор: «Мен ҳар куни худоға тўққиз мартаба осий бўлиб, ўн саккиз мартаба тавба ва истиғфор айтаман». Яъни бу гапдан мурод, уларнинг тавбалари биздаги оддий маънода юрган тавбадан бўлмасин. Бу кунги фирқа олдида қилинадирған тавба тамоман янги, чин маънодаги тавба бўлсин, ҳар куни тўққуз мартаба истиғфор айтиб, ўн саккиз мартаба қайтадирған тавбадан меҳнаткашларга фойда йўқ.

«Тавбага бўйин буккан банда бандаларнинг энг ярамасидир, қуллиқ бунёд қилған расво, расволарнинг яна ашаддий расвосидир». Бу жумла билан ўша оддий маънода бўлған тавбани инкор қилинадир, яъни тавба қуллиқдир, бўйин эгиш бандаликдир, банда эса ҳақиқатка тушуниб эмас, кучланиб, ожизланиб бўйин букадир. Бас, бу ҳолдаги тавба тавба эмас, балки шахсий ихтиёрни, муҳокамани қўлдан бериб одамгарчиликдан чиқишдир. Бу дунёда тавба, қуллиқ қилиш бўлмасин, чунки бу расволиқ, аммо ҳақиқат олдида бўйин эгиш бўлсин. Ўзинг бир ҳақиқатка қонмай туриб ва ўзингнинг хатойингга тушунмай туруб фақат ожиздан қилинған тавба тавба эмас; ҳам ўзингни, ҳам ўзгани алдашдир, расволиқдир.

«Ўз бутунлиғини сақлай олмаған бошқага енг бўлолмайдир». Бу жумла юқорида айтилган ихтиёрий шахсни такрорлайдир. Яъни шахсий бутунлиқ, мустақил шахсият қуллик билан зиддир. Шахсий бутунлиғи бўлмаған, яъни ўзида ҳақиқатни ихтиёр қилабилиш кучи тополмаған ожиз, ихтиёрсиз одамлар жамият учун фойдалик ва чин ағзо бўлолмаслар. Чунки аксар мунофиқлик ва майдалик ихтиёрсиз ҳам ўзига ишончсиз ва имонсиз кишилардагина гавдаланиши илмий равишда исбот қилинғандир.

Мени маъюблар курсисига ўтқизған «Йиғинди гаплар» мақоласининг асли кузаткани ва ёзғучисининг мақсади юқорида мазкур шарҳлардан иборатдир. Бундан бошқа маънолар чиқариб, турлик иҳтимолларга бориб қайтиш ўринсиздир. Агар баъзи ўртоқлар шундай мулоҳазаларга кеткан эканлар, бу эса кулгуликнинг, айниқса адабий кулгуликнинг бизда ҳали ёшлиғидан ва ўзлашиб етмаганлигидан келадир. Шуни ҳам айтиб ўтишни, ёдларингизга солишни лозим топаманки, кулги мақоладаги мустаор имзо мақоланинг ҳаракатиии аксар вақт ўз тарафига буриб юритадилар, яъни музҳика ёзғучининг мустаор шахсига лойиқ гаплар, жумла ва таъбирлар орқасидан эргашадир. Мақоланинг имзоси Овсар қўйилган, демак ундаги кўб таъбир, ифодалар овсарона, далиёнадир. Тентакни тентак тинглайдир, деганларидек, кулгуликдагина эмас, умуман сажиявий адабиётга яқин турғон кишилар бу мақолани шу нуқтадан қараб текширсалар яна ҳам ҳақиқат очиладур. Масалан, маним кулгуликда ишлатадирган неча турлик мустаор имзо, яъни қаҳрамонларим бор: Калвак махзум, Тошпўлат, Овсар, Думбул, Шилғай ва бошқалар. Агар сиз шу имзолар билан ёзилган кулгуликларни текшириб чиқсангиз, мунда асли ёзғучининг шахсини тамоман кўролмайсиз, фақат сўзни имзо эгасининг ўз оғзиданғина эшитасиз. Калвак махзумни ўқинг: кўбдан ҳақиқий ҳаёт билан алоқаси узилган, мадраса хурофоти билан мияси ғовлаған холис бир маҳалла имомини кўрасиз. Тошпўлатни ўқинг: ишсиз, бири бит, бити сирка бўлмаған ва шу фақирлик орқасида ўғрилик ва фаҳшият денгизида сузиб тажангланган холис бир чапанни кўрасиз. Овсар ва Думбулларни ўқинг ва текширинг, ҳоказо.

Одил судлардан сўрайманким, мен айбланган мақолани, маним устимда турлик шубҳалар туғдирған кулгуликни шу юқорида саналған мезонларга солиб текширилса ва ҳукм берилса экан. Кулгуликда улар айткандек ёмон ният билан яширилған ҳеч бир маъно йўқ. Ҳарна ёзилғони бир «Овсар» тилидан фақат ишчи-деҳқон манфаати кузатилиб айтилған, ҳукумат кишиларига бўлған гаплар, ўртоқлик ҳазили, шахсий мазоҳар, мундан бошқа гаплар, маънолар бўлса юқорида бир даража теъдод қилуб ўтдим. Шоҳидлардан Олий судга мен қораланғучи — қора курсида ўлтиргучининг фақат шахсий адоват орқасида бу ҳолда тушганим яхши онглашилди деб биламан. Шундоғ бўлса ҳам, яна бир даража шоҳидларнинг ўз сўзларидан ясаб, адолатлик судларнинг хотирларига тушуриб ўтаман.

1. Гувоҳлардан ўртоқ Левченконинг сўзига қарағанда, Ўрта Осиёда сиёсий жиҳатдан юқори ўринни ушлаган ГПУ 27-соннинг дунёга чиқарилишига рухсат берган, яъни ГПУнинг рухсат беришидан шу маъно онглишиладирким, маним мазкур сондағи «Йиғинди гаплар» мақолам судларга илмий ва адабий йўлда шарҳлаб берганимдек зарарсиз, нафсониятчилар айткан маънода эмасдир, ҳам шундоғ бўлиши табиий. Йўқса ҳар бир нуқтани эринмай текшириш билан машҳур бўлған сиёсий идора 27-сон «Муштум»нинг дунёга чиқарилишиға йўл қўймас ва рухсат бермас эди. Аммо бир неча шахслар бу мақолани ўзларининг, билмадим, қандоғдир тарозуларига солиб, зарарлик топишлари эрса ғаразгўйлик, тирноқ остидан кир излашдан бошқа нарса эмасдир.

2. Хуршид Шараф, маълумки, олған таълимоти бўйинча мени қораламоқчи бўлади. Лекин, ўрисларнинг «Бигизни қопда… алх» деган мақолларидек, унинг маним устимда бўлған туҳматлари, бўҳтонлари ўзининг берган жавоблари орасида «манаман» деб қопнинг қорнини ёруб чиқиб турди. Хуршиди тобон деганимиз ўзини жинниликка-тентакликка солиб қаради. Аммо адолатлик судларнинг тўғри текширишлари ҳақиқатни оча боруб ёлғон шоҳидни обдон довдиратди, алвон рангга киргизди. Мен унинг довдир шаҳодатининг ҳамма нуқталари устида тўхтамайман. Чунки улар муфассал равишда суднинг забтномасига киритилгандир. Аммо шунигина айтиб қўяманким, Хуршид дейдир: «Мирмуҳсин — мен „Бон-бон" деган манзумасини „Босилмасин" деган эдим», деб айтди. Бу гап билан Хуршид ўртоқ Мирмуҳсиннинг бир ваколатини содиқона адо этмоқчи эди. Бироқ таассуфки, муваффақиятлик чиқмади. Хуршид ўзининг бошқа шаҳодатлари каби: «Мирмуҳсин „Босилмасин" деб резолюция қўйғанда мен қараб турған эдим» деса, эҳтимолки, маним устимга оғир юкни қўюб эгасига содиқ қолған бўлур эди.

3. Зиё Саиднинг ҳақиқатқа тескари шаҳодати тўғрисини унинг коммунистик виждонига ҳавола қиламан. Аммо бир неча нуқталари устида тўхтаб олишга мажбурман: «Муҳаррирнинг хонасига кируб, Комил билан Жулқунбойнинг жанжаллари устидан чиқдим», дейдир. «Орада Санжар билан Ғози Юнус ҳам бор эди», дейдир. «Ундан сўнг матбаага тушуб архивни ахтариб юрсам, „Бон-бон" манзумаси чиқди, қарасам „Босилмасин. М." деб имзо қўйилған экан, лекин ўзим Хуршиднинг „Баҳри қадам" мақоласини олиш учун борган эдим», дейдир. Шундан кейин «Бон-бон»ни папкамга солуб идорага олиб бордим, ундан сўнг терговга топширдик», дейдир. Зиё Саиднинг бу сўзи нимани онглатадир? Унинг бу сўзидан аниқ шу келиб чиқадиким, ул «Баҳри қадам» мақоласини олиш учун бормаған, балки менга 114-статяни бердириш нияти билан борған. Чунки, қонунан лозим эдики, архивни қарағанда ёниға холис кишиларни чақируб текшириш ва акт қилиш. Мана бу томондан ҳам маним устимга ишланган сохтагарлик ўз оғзи билан айтуб турадир. Янада Зиё Саиднинг кеча берган жавоби ичидаги — «Муштум»да босилиши мувофиқ кўрилганлиги резолюция қўйилмаған мақолалар ҳам бўлар эди, — деган сўзи ҳам одил судлар учун шоёни диққатдир.

4. Энди обллитнинг саркотиби ўртоқ Милков устида тўхтайман. Мен тўғрилик орқасида, бош кетса «эҳ» дейдирган йигит эмасман. Муқаддимадаги сўзимда айтдим: мен ўша кун матбаага тушганимда, ёлғиз «Йиғинди гаплар»дагина эмас, балки бошқа материалларда ҳам обллитнинг штампаси йўқ эди. Энди бугун ҳайрон қоламан, бундаги штамплар қаёқдан келди ёки бунда ҳам маним устимга бир юк ортмоқчи эдиларми? Ўртоқнинг дабба жавобидан маълум бўладирким, бу орада ҳам бир найранг қурмоқчи бўлғанга, ишни чалкаштируб, маним бошимни қотириб, довдиратмоқчига ўхшайдирлар. Дарҳақиқат, гап шундай бўлмаса, обллит деган масъул бир ўринда ўлтирувчи ўғил боланинг жавобини қаранг: Эмиш фирқа ўргани бўлғани учун «Муштум»нинг материаллари текширилмасдан, устига штамп босилиб берилар экан. Бу ҳолда журнални обллитнинг рухсатисиз чиқарабериш лозим бўлмасмиди? Ҳар бир саҳифа материалга штампа босишнинг нима ҳожати ва карточка ёзишнинг қандай зарурати бор эди? Бу масала жуда муаммо. Тузук, обллитнинг рухсати, яъни штампаси бўлиши маним учун зарарлик эмас, лекин ўзим матбаада материални кўрган чоғимда штампа йўқ эди…
Абдулла Қодирийга нисбатан 1926 йилда қўзғатилган жиноят иши йиғмажилди. Фото: Олий суд
Мен қайси йилда ва қайси ойда туғилғанимни билмайман. Ҳар ҳолда бемавридроқ бўлса керак, камбағал, боғбонлик билан кун кечиргучи бир оилада туғилуб, яқинларимнинг сўзларига қарағанда, мустабид Некалайнинг тахтка ўлтурған йилида туғилғанман. Бошида бой оилада туғилдимми ёки камбағал оиаладами, албатта, билмадим. Аммо ёшим 7−8 га етгач, қорним ошқа тўймағанидан, устим тузукроқ кийим кўрмаганидан аниқ билдимки, беш жоннинг томоғи фақат 80 ёшлик бир чол отамнинг меҳнатидан, 1300 саржин боғнинг ёзда етишдируб берадиган ҳосилидан келар экан. Агар баҳор ёмон келуб, боғ мевалари офатка учраб қолса, биз ҳам очлиққа дуч келуб, қиши билан жоврашиб чиқар эканмиз. Ёшим тўққиз-ўнларга борғандан сўнг мени мактабга юбордилар. Мактабда икки-уч йил чамаси эски усулда ўқуб, кейинги вақтларда оиламизнинг ниҳоятда қашшоқлик кечиргани важҳидан ўн икки ёшимда мени бир бойға хизматчиликка бердилар. Хўжайиним ўзи савдогар киши бўлуб, ўрисча ёзув-чизув биладурған одамга муҳтож эди. Шу тамаъда бўлса керак, мени ўрис мактабига (русско-туземная школа) юборди. Мактабдан қайтиб келгандан сўнгра хўжайинимнинг хизматини қилуб юрганим учун мактабдан тегишлик истеъфодани ололмадим; икки йил мундоғ хизматда юруб, чидай олмасдан отам-онамга ёлворуб, ўз уйимга қайтуб келдим. Ва ўз уйимдан боруб ҳалиги мактабда ўқуб юрдим. Акам дурадгорлик, яъни тоқичилик қилур эди. Уйга келгач, мактабдан бўшаған кезларимда тоқичилик ҳунарига ўргата бошлади. Икки-уч йил чамаси шу тоқичилик ва боғ ишлари билан бўлуб юрдим. 1912 йилда мануфактур билан савдо қилғувчи бир кишига йилига 50 сўм баробарига прикашчик бўлиб кирдим. Ва шул хўжайинда 1915 йилгача хизматда бўлдим. Шу миёналарда бозор воситаси билан татарлардан чиқадирған газеталарни ўқуб, дунёда газета деган гап борлиғига имон келтурдим. 1913 йилда ўзбекча «Садойи Туркистон», «Самарқанд, «Ойна» газеталари чиқа бошлағач, менда шуларга гап ёзуб юриш фикри уйғонди.

Идорадагилар билан танишлиғим бўлмағани учунми ёки ёзған гапларим маъносиз бўлғани учунми, кўпинча «Идорадан жавоб» билан мени мамнун қилар эдилар. 1913 йилларда чиқған «Падаркуш» пьесаси таъсирида «Бахтсиз куяв» деган театр китобини ёзуб юборғанимни ўзим ҳам пайқамай қолдим (1915 йилда). Яна шу йилда татарларда чиқиб турған ҳикоя ва рўмонларга тақлидан «Жувонбоз» отлиқ ҳикоячани ёзуб, ношир топилмағанидан, ўзим нашр қилуб юбордим. Энди чин мусанниф бўлдим-ов, деб қувонар эдим.
реклама
реклама
1915 йилда (прикашчик бўлғанимнинг учунчи-тўртинчи йиллари) хўжайинимнинг иши тўхтаб, дўконига печат тушди. Шунинг билан маним прикашчилик тақдирим ҳал қилинуб, уйга қайтдим. Яна акам билан эски тоқичилик касбимга киришиб, ҳар кимларнинг эшигида кунлик ишлаб юрдим. Қиш кириб, дурадгорлик иши тўхталғандан кейин мадрасага ўқушга кирдим. Бир қиш мадрасада ўқуб, кўклам чиққач, яна тоқичиликка кетдим. Шу ҳолда 1917 йил февраль инқилоби етди. Некалай тахтдан йиқилғандан кейин оддий халқ милициясига кўнгилли бўлуб ёзилдим. Шу хизматда бир ой чамаси турғанимдан сўнг, Тошкант Эски шаҳарида очилған «Озиқ комитети»га мирза бўлиб кирдим. Шу чоққача мен ўзимда бирорта сиёсий фирқага мансубият ёки яқинлиқ ҳис этмас эдим. Бу эрса менда асослик маълумот йўқлиғидан, яна тўғриси саводсиз авомлигимдан келар эди. Некалайнинг тахтдан йиқилиб ҳуррият бўлғаниға хурсандлигим, албатта, дунёга сиғмас эди ва сиғмаслиги табиий эди. Айниқса 1916 йил рабочий олиш масаласидан кейин умуман Туркистон ишчиларида уйғонған истибдодга нафрат менда ҳам кучлик эди. Феврал инқилибодан кейин «учредителний собрания» бўлар эмиш, деган гап чиқди. Ўзимиздан бўлса «Турон жамияти», «Турк адам марказият», «Мухторият», «Уламо жамияти», «Шўрои ислом» деган муаммолар туғулиб, миям шишди. Кўнгилли милиция бўлуб юрганимда «Турон»ға аъзо бўлуб юрган эдим. Аммо «Озуқа комитети»ға хизматка киргач, мени «Турон» аъзолиғидан чиқарғанлар эмиш, деб эшиткан эдим. «Хўб» дедим ҳам юра бердим.

Шу вақтларда матбуотда Русиядаги сиёсий фирқалардан «социал-демўқрат», «социал-револутсионер», «кадет», «интернасионалист» сўзлари сўзланиб турар эди. Айтиб ўтишим керакки, ҳалиги сиёсий исмларга газета ўқуйдирған бўлғанимдан бери таниш бўлсам ҳам уларнинг чин маъноларига тушуна олмас эдим. Чунки бизнинг ўзбекчада ва на татарчада бу сиёсий фирқаларнинг йўллариға оид ҳеч бир ўқуйдирған асар йўқ эди. Феврал инқилобидан кейин газеталарда ўртоқ Ленин исми ва «болшевик» деган гаплар чиқа бошлади. Аммо айта оламанки, ўша вақтларда бизнинг Туркистонда (бу кунги Ўзбекистонда) коммунизм, умуман социализм маслакидан тублик маълумотка эга бўлған киши йўқ бўлса ҳам эҳтимолки, битта-яримта бўлғандир. Шунинг учун мен ўзимни бу тўғрида умуман Ўзбекистон ишчи-деҳқонларидан ва бу кунги маъсул ва ғайри маъсул ишчиларимизнинг ўша тарихидаги ҳолларидан юқори ўринга қўя олмайман: яъни мен ҳам ул вақтларда болшевикларга бир онгсиз ишчи ёки деҳқон ва бир мутаассиб мулла ёхуд имомдан ортиқ баҳо бера олмас эдим. Буюк Ўктабр инқилобини ҳам шу йўсун онгсиз миллат ичида қаршиладим. Ўктабр инқилобидан сўнг ўртоқ Исмоил Обидов билан танишдим. Ул инқилобдан кейин доҳилия комиссарига ўринбосар тайинланған ва Эски шаҳар ўзбек ишчи-меҳнаткашларини уюшдиришда раҳбарлик қилар эди. Унинг илан танишғаним менга кўб фойда берди, чунончи: болшевик ва бошқа сиёсий фирқаларнинг йўллари билан ошнолашдим ва унинг таклифига мувофиқ Эски шаҳар ишчилари орасида бел боғлаб ишлашка киришдим. Ул вақтларда Тошкантда биринчи уюшкан ишчилар — бинокорлар бўлиб, агар мен зиёли ҳисоблансам, уларнинг орасида ишлай бошлаған бир зиёли фақат менгина эдим. Буни ҳозирги вақтда Марказий Ижроқўм раисининг муовини ўртоқ Султонхўжа Қосимхўжаев яхши биладир. Исмоил Обидовга мирза бўлуб, уламо ва бойларға қарши хитобнома ва ишчиларни ташкилотка чақириб, тарғибномалар ёза бошладим. Уларнинг баъзиси ўшал вақтдаги «Улуғ Туркистон» газетасида ва баъзиси варақа равишда босилуб, тарқатилар эди. Мундан бошқа Эски шаҳарда янги уюшдирила бошлаған касаба союзларининг ҳар бирини янги очишда саркотиб тариқасида иштирок этар ва уларга қўлимдан келгани қадар раҳбарлик қилар эдим.

1918 йилнинг бошларида «Эски шаҳар озиқ комитети»ни бойлар қўлидан олинуб, комитетнинг раислиғига ўртоқ Султонхўжа Қосимхўжаевга тайин қилинған эди ва мен мазкур комитетнинг ўзбекча саркотиблиғига кирдим. 1919 йилнинг аввалларида «Озиқ комитети» исмидан чиқарилмоқчи бўлған «Озиқ ишлари» газетасига муҳаррир бўлуб тайинландим. 1920 йилда касабалар шўросиға саркотиб бўлуб кирдим ва Эски шаҳар касабачилик ҳаракати тўғрисида газеталарга хабар ва мақолалар ёзуб турдим. Шу кунгача шўро идораларида қилған хизматларимни бирма-бир санаб ўлтуруш узоққа чўзиладирған бўлғанлиқдан, мундан кейин муассаса исмларинигина аташ билан кифояланаман: «Рўста» деворий газетасида мухбир бўлуб, «Иштирокиюн» ва «Қизил байроқ» газеталарида сотрудник, собиқ Туркистон марказий фирқа қўмитасининг ташвиқот бўлимидан чиқадирған «Инқилиб» ва «Коммунист йўлдоши» мажмуаларида саркотиб ва сотрудник бўлуб, ҳам «Муштум» журналининг муанниси ва таҳририят аъзоси бўлуб, то 1924 йилгача меҳнаткашлар манфаатига холис ишлаб келдим. Шу ўткан етти йил орасида шўролар ҳукумати ва фирқадан бир оғиз танбия олмадим. Хулоса, бошқаларнинг хизмати дафтар билан собит бўлса, маним хизматларим матбуот билан равшандир. Ва хизматим инқилобий «Қизил Ўзбекистон»нинг ҳар бир аъзосига маълумдир. Ишчи-деҳқонлар ёзған асарларимни сўйиниб ўқуйдилар ва мени ёзғучилар қаторига киргиздилар ва ҳамон ўқурлар ва унутмаслар. Чунки мен уларнинг ўз ичларидан чиқған, уларнинг дард ва тилакларини яқиндан билгучи, бунинг устига Улуғ Ўктабр инқилобидан сўнг унинг шароитида , тарбиясида етишкан бир ходимлари эдим. Мени бойлар, эшонлар, уламолар кўролмас эдилар, чунки мен уларни ишчи тилидан чаққан ва сирларини очқучи душманлари эдимки, буларни ҳам сўзлаб ўлтуришка ҳожат йўқ, ҳақиқат майдонда.

Шу хизматларимни, албатта, осонлиқ билан майдонга қўймадим. 1917 йил билан 1923 йил ораларини хотирингизга олингиз. Мамлакатда рўзғор бузғунлиғи, босмачилиқ, очлиқ ва бошқа хароботлар.

Ишчилар ҳукуматига хизмат қилишда оилам билан оғир, фожиъ, очлиқ кунларини кечиришга тўғри келди. Оладирған маошим менга қарашлиқ тарбиямдаги етти-саккиз жоннинг озиғига етмас эди. Лекин озодлиқ йўлида ҳар қандай оғирлиққа ҳам чидаб, муқаддас хизматимни ҳамиша давом этдира бердим. Бас, шу ҳолда мантиқ қолипиға солиб муҳокама қилинсин, меҳнаткашларнинг заиф ва ҳар бир жиҳатдан нуқсонлик бўлған кунларида улар ёнида собит қолуб, бу кун меҳнаткашнинг гуллай бошлаған даврида тескаричилик кўчасига кирсинми? Бойлар, уламолар, чўнтакчи хоин ва ўғрилар, умуман, Ўзбекистон тескаричиларига қарши матбуот майдонида жиҳоди акбар эълон қилуб, ўзига қарши ҳар бир бурчакдан тескаричи душманлар қаторлашдирған бир киши шўролар ҳукуматининг айни гуллаган кезида зиёнли деб топилсинми?

Балки мени фирқасизликда айблагучилар, ўзининг меҳнаткаш, деҳқоннинг дардига шунчаки яқин бўла туриб нега фирқага кирмадинг, дегучилар ҳам бўлур. Бу ҳақли гап, дарҳақиқат, мен мунда айбликман, чунки маним табиатимда фардликка яқин бир хусусият бор эди. Фирқанинг интизомига бўйсуна олмаслиғимдан қўрқар эдим. Аммо ўзим ғоя ва иш эътибори билан чин коммунист эдим.

Ўктабр кундан-кунга ўсти. Унинг ўсиши баробарида маданий, илмий эҳтиёжлар ҳам ўсти. Юқорида ҳам айтиб ўтдим. Мен тартиблик мактаб кўрмаган нодон бир йигит эдим. Унча-мунча билган нарсаларим ҳам ўз тиришувим орқасида замон шароити ва мажбурияти остидағи чала-чулпа гаплар эди. Кейинги кунларда нодонлиғим ўзимга қаттиқ ҳис этила бошлаб, бу ҳол билан узоққа кета олмасимни сездим. Ва 1924 йилда хизматимдан жавоб олуб, Масковга ўқушға кетдим. Мақсадим, уч-тўрт йил илмий муассасаларда бўлинмак эди. Масковдан 1925 йилнинг июнь ойида ёзғи таътилга Тошкантга қайтдим. 1925−1926 йилнинг таҳсилига Масковга бораман, деб тайёрланган вақтимда Алимов мени олиб қолди. Алимовнинг мени олиб қолишининг сабаби шулки, ул маним қандай киши эканлигимни яхши биларди. Чунки бултур мен унинг билан Масковда олти ой бир ҳужрада яшағанман ва маним қандай йигит эканимни ул яхши синаган эди. Биринчи ноябрда бўлса керак, «Муштум» хизматига киришканман ва тўрт ой ишлаганимда мени тамом ҳайратда қўйған маълум арзимаган гап билан қамоққа олиндим.

Қисқача таржимаи ҳолимни баён этиб, сўзимнинг охирида шуни айтмоқчиман: мақолани зарарсиз ва журналга мувофиқ топиб босишга рухсат бергувчи Комилнинг ўзи эди. Бу кун ўз лавзидан қайтиб виждони олдида қип-қизил ажива бўлғучи, мени қоралағучи ва устимға бошқа бўҳтонларни тақигучи ҳам унинг ўзи бўлди. Уч ойлардан бери матбуот саҳифаларида ўринсиз ва бошқа фақат менга қаратилиб бўлған ҳақсиз ҳужумлар, онглашилмовчиликлар, бемаза иснодлар ва жимжималик замзамаларнинг бош омили ҳам шубҳасиз Комил ва шериклари эди. Хулоса, адоват мамлакат рангида бўялди…

Сўзимнинг охирида ўзимнинг асли ғоя ва маслагим билан ҳам ҳозиримни қисқача таништириб қўяйин: мен Шарқ озодлиғини ва унинг мазлум пролетариат саодатини фақат ленинизм орқасида вужудга чиқишиға ишонган бир кишиман. Бу гапни сизнинг берадирган жазоингиздан қўрқуб эмас, балки виждоним, имоним тазйиқи остида сўзлайман. Лекин бу озодлиқдағи чин курашчилар лавзсиз қўрқоқлар, шахсий адоват орқасидан бахт куткучи майда кишилар бўлолмаслар, аммо ўртоқ Лениннинг соғлом, улуғ, ғазовотсиз, гидирсиз йўлига томон холис ниятда бел боғлағучи қаҳрамонларгина бўлурлар. Маним ҳақимда ким нима деса десин, лекин мен Маркс ва Лениннинг ҳароратлик шогирдиман, чунки мен Лениндан руҳ олиб, Марксдан илҳомландим.
Сўзим охирида одил судлардан сўрайман: гарчи мен турлик бўҳтон, шахсият ва сохталар билан, ҳам онглашилмовчиликлар орқасида иккинчи оқланмайдурған бўлуб қораландим. Лоақал уларнинг, қораловчи қора кўзларнинг кўнгли учун бўлса ҳам менга энг олий бўлған жазони бера кўрингиз. Кўнглида шамси ғубороти, тескаричилик мақсади бўлмаған содда, гўл, виждонлик йигитга бу қадар хўрликдан ўлим тансиқроқдир. Бир неча шахсларнинг орзусича, маънавий ўлим билан ўлдирилдим. Энди жисмоний ўлим менга қўрқунч эмасдир. Одил судлардан мен шуни кутаман ва шуни сўрайман.
Абдулла Қодирий
ёзувчи
Суд уч кун (1926 йил 15, 16, 17 июнь) давом этиб, охири Қодирий устидан икки йил қамоққа ҳукм чиқарилади. Бироқ суд ҳукм чиқаради-ку, ўзи (Олий суд) шу куниёқ Ўзбекистон ССР Марказий Ижроия Комитетига Қодирийни озод қилиб юбориш тўғрисида илтимоснома (ходатайство) ёзади. Марказий Ижроия Комитети Президиуми шу куниёқ (17 июнь) мажлис чақириб, шундай қарор чиқаради:
Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси
Марказий Ижроия Комитетининг Президиум мажлиси

1926 йил июнь, Самарқанд шаҳри.

Мажлисга (опросом) Президиум аъзолари: Охунбобоев, Биксон, Ғозиев, Волик, Иванов, Қосимхўжаев, Раҳимий, Строгонов, Челогузов, Ўзбекистон Олий судидан Қосимов ўртоқлар иштирок этдилар. Қосимхўжаев раислик, Раҳимий котиблик қилди.

Эшитилди:
Ўзбекистон ССР Олий суди шу йил 15−16 июнда суд қилиниб, икки йилга озодликдан маҳрум этилган Абдулла Қодирий қамоқ муддатини ўтамай, озод қилиб юборилишини сўрайди.
Қарор қилинди: Ўзбекистон Олий судининг илтимоси қондирилсин. Икки йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган Абдулла Қодирий қамоқ муддатини ўтамай, озод қилинсин.

Раис:
Қосимхўжаев.
Котиб: Раҳимий
Шундай қилиб, Абдулла Қодирий 1926 йилнинг 18 июнида эркинликка чиқадилар. 20 июнда Акбархўжа амаки билан Самарқанддан келадилар.

Ёдимда, биз боғда яшардик. Ҳовлида юрсам, кимдир «Абдулла ака келдилар!» деб қичқирди. Кўчага югуриб чиқдим. Дадам ва Акбархўжа амакилар эшик олдида извошдан тушар эдилар… Уйимиз севинчга тўлди. Бир неча кун уйимиздан меҳмонлар аримади. Кўп кун ўтмай дадам мулла Зайниддин амаки билан Қирғизистонга Арашон (Иссиқ ота) курортига жўнаб кетдилар.
Шундай қилиб, Абдулла Қодирий 1926 йилнинг 18 июнида эркинликка чиқадилар. 20 июнда Акбархўжа амаки билан Самарқанддан келадилар.

Ёдимда, биз боғда яшардик. Ҳовлида юрсам, кимдир «Абдулла ака келдилар!» деб қичқирди. Кўчага югуриб чиқдим. Дадам ва Акбархўжа амакилар эшик олдида извошдан тушар эдилар… Уйимиз севинчга тўлди. Бир неча кун уйимиздан меҳмонлар аримади. Кўп кун ўтмай дадам мулла Зайниддин амаки билан Қирғизистонга Арашон (Иссиқ ота) курортига жўнаб кетдилар.

Кейинги чоқларда мулла Зайниддин амаки билан суҳбатлашиб билишимча, Қодирийнинг озод қилиб ҳибсдан тез чиқариб юборилишларига Охунбобоевнинг ўзи ҳам бош қўшган. «Жулқунбой ҳазил қилган, таҳсил кўрмаганман, ўқишим керак, жавобгар қилманглар уни», дейди. Бу сўзларни гарчи «биров» гапирса ҳам, менимча, ишончли гап кўринади. Чунки Охунбобоев арбоб эди. Арбоб кибрсиз, адоватсиз, гина-кудратсиз, ҳасадсиз, ҳар бир ишга (гарчи ўз шахсига тегишли бўлса ҳам) ҳаққоний баҳо берувчи одил кимса бўлмоқлиги қадимлардан айтиб келинади. Зеро бу сифат-хислатлар арбобни янада улуғвор, халқ эътиборига сазовор қилади. Ахир Охунбобоев отанинг халқ тарафидан ҳамиша севилиб келиши ҳам шундан эмасми? Ота, дарҳақиқат: «Мени танқид қилдинг», деб Қодирийга гина-адоват сақламайди. Улар, баъзи хотираларимда ёзганимдек, сўнгги чоқларга қадар бир-бирлари билан самимий муносабатда бўладилар.
Ўзбекистон раҳбариятининг Самарқанддан Тошкентга кўчиши. Олд планда: Йўлдош Охунбобоев (ўнгда) ва Исаак Зеленский (чапда), орқа планда ўнгдан биринчи: Файзулла Хўжаев. 1930 йил, сентябрь. Волостин коллекциясидан.
Ҳабибулла Қодирийнинг «Отам ҳақида» биографик асарида Абдулла Қодирийнинг Ўзбекистон раҳбари Йўлдош Охунбобоев билан муносабатларини очиб берувчи бир неча ўринлар бор. «Обид кетмон» ва «Охунбобоев билан учрашув» бобларидан олинган ўша ўринларни қисқартирилган ҳолда эътиборингизга ҳавола қиламиз.
«Обид кетмон»
«Обид кетмон» 1932−1934 йилларда ижод этилган қисса ёки уни ҳажм ва қисман мавзу жиҳатидан роман дейилса ҳам бўлур. Уни ёзувчи елкасида рюкзак билан қишлоқма-қишлоқ, яланг оёқ юриб, далаларни кезиб, қўлида кетмон, пахта чопиқларида қатнашиб, бободеҳқонлар билан суҳбатлашиб ёзган…

Ёдимда, 1932 ва 1933 йил ёз ойларида дадам кўпинча вақтларини Тошкент теварагидаги қишлоқ-колхозларда айланиб ўтказардилар… Мен бу сафарларда дадам билан бирга юрмаган эсам-да, қайси ерларда кўпроқ бўлганларини, кимлар билан учрашиб, нима ишлар қилганларини ўзларидан ва ўзгалардан бир қадар эшитганим бор. Қодирий асосан ўзларига тажриба ўрганиш манбаи қилиб, негадир, Тошкент шимолидаги Кўктерак қишлоғини ва унинг теварагидаги колхозларни танлаб оладилар… Қодирий ана шу сафар даврларида кўктераклик Иноғомжон исмли кекса соҳибкор билан танишадилар ва у билан то умрларининг охииргача борди-келдини узмайдилар…

Қодирий Кўктеракка борган чоқларида Иноғом отани «киши кучидан фойдаланган» деб шўрога ҳақсиз қилишган, жамоат ишларидан четлатиб қўйишган бўлади. Қодирий ота билан танишиб, аҳволидан хабардор бўлгач, унинг тўрт-беш танобгина ери борлигини, ерини асосан ўз қўл кучи билан обод қилганини ва шўрога ҳақсиз этилиши асоссизлигини сезадилар. Отага ердам қилмоқчи бўлиб, ариза ёзадилар-да, бир кун у кишини бошлаб, Охунбобоев олдига чиқадилар…

Олдин Қодирий ўзлари ҳузурига кириб, Охунбобоевни Иноғом отанинг аҳволотидан хабардор қиладилар, кейин отани чақиртирадилар. Охунбобоев сўрашиб, у кишини ўтиришга таклиф этади ва кулиб дейди:

— Ҳа, сизни шўрога ҳақсиз қилиб қўйишдими?
— Шундоқ, ота.
— Киши кучидан фойдалангансиз-да, бўлмаса ерингиз катта эмас экан.
— Мен киши кучидан фойдаланган эмасман, тақсир, — дейди жавоб қилиб Иноғом ота. — Менинг бир эмас, иккита бақувват-бақувват хотиним бор. Ана шуларнинг куч-ёрдамида боғимни обод қилганман…

Отанинг гапидан Охунбобоев хахолаб кулади ва аризага ижобий жавоб қилади…
реклама
реклама
Охунбобоев билан учрашув
… [1934 йил] ёзда, Ҳамза номли театрда драматург Комил Яшиннинг «Тор-мор» пьесаси премьераси ўйналадиган бўлиб, дадамга «Сиз ҳам тушиб кўринг, мулоҳаза айтарсиз», деб чипта беришади. Кечликдан сўнг, дадам мени театрга бирга олиб кетдилар. Томоша «Акмал Икромов» («Абдулла Қодирий») боғида «Мирмуҳсин» театрида (у вақтда ёзлик Ҳамза театри шундай аталар эди) ўйналарди. Биз ўйин бошланишидан 15−20 минут олдинроқ бориб, иккинчи қатор ўртасидан жой олдик. Тасодифки, биздан олди қаторда Йўлдош Охунбобоев ва Зиё Саидий (Ҳамза театрининг директори), Анқабой (танқидчи)лар ўтиришар эди. Охунбобоев дадамни сезиб, ўгирилиб сўрашди:

— Деҳқонбува, саломатмисиз, келган эканлар-да?
— Ҳа, тушган эдик, ота…

Охунбобоев орқасига ўгирилиб сўзлашиб ўтиришни ноқулай сезди, шекилли, дадамни ёнига чақириб олди. Охунбобоев хушқомат, чўзиқ юзли, қорамтир қош, қисқа мошгуруч соқол-муртли, чуст дўппи, жужун кител ва этик кийган эди. У дадамга деди:

— «Обид кетмон»ингизни журналда ўқиб боряпман, мулла Абдулла, менга маъқул…
— Раҳмат.
— Айтгандай, анча бўлди, Марғилон борганда ҳамшаҳар эски дўстлар билан кўришган эдим (ота номини унутдим — Ҳабибулла Қодирий), кекса бир киши «Абдулла Қодирийни кўриб турасизми, салом айтинг!» деб эди. У «Ўткан кунлар»ингизни эрта-кеч ўқир эмиш…
— Раҳмат, ота! Соғ бўлсин…

Томоша бошланди. «Охунбобоев келибди!» деб хабар тарқалди, шекилли, танаффус пайтларида саҳна яқинига икки томондан аста-секин томошабинлар келиб, йироқдан Отани кузатиб кета бошлашди…
Материал устида Гулираъно Мусаева ишлади.
Муқовадаги иллюстрация муаллифи – Элдос Фозилбеков («Газета.uz»); Қодирий, Охунбобоев, Икромов билан боғлиқ иллюстрацияларни Шаҳзод Убайдуллаев («Газета.uz») тайёрлади.

«Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан қуйидаги
бу ерда танишишингиз мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг