ФИФА 18 июль куни терма жамоалар рейтингини янгилади. Унга кўра Ўзбекистон миллий терма жамоаси 1 поғонага юқорилаб, 1397,41 очко билан 61-ўринда қайд этилди.

Миллий терма жамоа Осиёда Япония (18-ўрин), Эрон (20), Жанубий Корея (23), Австралия (24), Қатар (34), Ироқ (55) ва Саудия Арабистондан (56) кейин 8-ўринда бормоқда. Ўзбекистон 20 июндан то 18 июлгача ФИФА очколарини жамғармаган.

Рейтингдаги ўзгаришлар Европа ва Америка жамоаларининг очко тўплаши ва йўқотиши сабабли рўй берган. Шу жумладан, Парагвай икки рейтинг даврида 30,1 очко йўқотиб (терма жамоа Копа Американинг гуруҳ босқичида 3 марта мағлуб бўлди), 4 поғонага пастлаб, 1396,8 очко билан 62-ўринни эгаллади. 1397,41 очкога эга Ўзбекистон эса шу орқали бир поғона кўтарилди.

Рейтингни Аргентина, Франция ва Испания (5 поғонага кўтарилди) терма жамоалари бошқариб бормоқда. Кучли ўнликда, шунингдек, Англия (+1), Бразилия (-1), Белгия (-3), Нидерландия, Португалия (-2), Колумбия (+3) ва Италия жой олган.