ФОТО: МАДИНА АЪЗАМ

Оқ қайиқда — мақсад сари

Париж-2024 Паралимпиадасига йўлланма олган Муҳайё Абдусатторова ҳикояси

У ирсий касаллик туфайли 3 ёшида юролмай қолган, 12 ёшигача бунга «свет» йўқ пайти қилинган уколни сабаб деб билган. «Ирода» лойиҳасининг навбатдаги қаҳрамони шу йили Швейцарияда ўтказилган пара-академик эшкак эшиш бўйича мусобақада олтин медаль ва Париж-2024 ёзги Паралимпия ўйинларига лицензияни қўлга киритган Муҳайё Абдусатторова.

У ирсий касаллик туфайли 3 ёшида юролмай қолган, 12 ёшигача бунга «свет» йўқ пайти қилинган уколни сабаб деб билган. «Ирода» лойиҳасининг навбатдаги қаҳрамони шу йили Швейцарияда ўтказилган пара-академик эшкак эшиш бўйича мусобақада олтин медаль ва Париж-2024 ёзги Паралимпия ўйинларига лицензияни қўлга киритган Муҳайё Абдусатторова.

«Ирода» — синовларга бой ҳаёти ҳақида ҳикояси бор, аммо ўзи ҳақида гап кетганида биринчи галда бошқалардан фарқли жиҳатларига эмас, балки унинг ҳам инсон эканлигига, қобилияту салоҳиятига эътибор қаратилишини истовчи ватандошларнинг кечмишлари бериб бориладиган лойиҳадир. Унда ўз ҳаёт ҳикояси билан бўлишмоқчи бўлганлар Телеграм’да @Iroda_loyihaBot орқали боғланиши мумкин.
Махсус буюртма асосида келтирган «итальянча тойчоғи» — оқ қайиққа ўтириб, Ўзбекистон байроғи рангларида безатилган эшкакларини қўлига олганида Муҳайё Абдусатторова ўзини ҳар қачонгидан яхши ҳам кучлироқ ҳис қилади. Жиловсиз тўлқинлар онда-сонда қайсарлик қилиб, баъзан қуёш нурлари қийнаса-да, жараён унга завқ беради.
Пара-академик эшкак эшиш билан энди-энди шуғуллана бошлаганида Муҳайёнинг кутилмалари катта эмасди — у бор-йўғи ҳаёт тарзига бир янгилик олиб кирмоқчи бўлганди, холос. Аммо спорт унинг учун нафақат яхши реабилитация, балки, мунтазам шуғулланса, эртами-кеч кўзга кўринарли ютуқларга эришиш имконияти эканини кўрсатиб, исботлаб берган.
Касаллик тарихи
Сурхондарёдаги камсуқум бир оилада дунёга келган, беш қизнинг иккинчиси бўлган Муҳайё, ўз таъбири билан айтганда, «эл қатори катта бўлган». Унга: «Йўлинг ва юзинг ёруғ бўлсин!», дея мусобақаларга кузатувчи бобоси тарбия берган, «Фотиҳа» сурасини ҳам айнан бобоси ёдлатган.
Муҳайёда касаллик аломатлари уч ёшида кузатила бошлаган. Бир куни қаттиқ иситмалаган Муҳайёга «тез ёрдам» чақирилган. «Свет» йўқлиги учун шифокор қоронғида укол қилган. Эртаси куни қизалоқнинг қўл-оёғи ишламай қолган. Уйдагилари укол нотўғри қилингани, шунинг учун қизча шу аҳволга тушиб қолган, деган гумонга борган.
реклама
реклама
Вилоятдаги шифокорлар Муҳайёнинг хасталигига 12 ёшигача турлича ташхислар қўйишган, аниқ ва якуний ташхис — Штрюмпелнинг пастки параплегияси эса унга Тошкентдаги Республика скрининг марказида қўйилган.
Штрюмпелнинг пастки параплегияси
Дунёда ҳар 100 минг кишидан 1–5 нафарида учрайдиган Штрюмпелнинг параплегияси (наслий спастик параплегия) орқа миядаги узун аксонларнинг дисфункцияси сабаб оёқлар ҳаракатининг қийинлашиши ва контрактура — бўғим ҳаракатининг чекланиши билан намоён бўлади.
Бу наслий-генетик касаллик одатда қариндошлар ўртасидаги никоҳ оқибатида келиб чиқади — Муҳайёнинг ота-онаси ҳам амакиваччалар ҳисобланади.

Муҳайёнинг айтишича, у болалигида «ким айбдор?» экани ҳақида ўйлаган бўлса-да, улғайгач барини борича қабул қилиб, эътиборини энди ҳаётини қандай яхшилаш мумкинлигига қаратишни ўрганган, масалага шундай қараган яхшироқ, деб ҳисоблайди. Қолаверса, оила қураётган вақтида 19 ёшда бўлган онаси ва 21 яшар бўлган отасини ҳам тушунишга ҳаракат қилади.
Улар ёш, устига-устак турмуш қуриш ҳақидаги қарорни ҳам ўзлари қабул қилмаган. Шундан хулоса қилиб, келажакда кимнидир айбламаслик учун ҳам шахсий ҳаётим билан боғлиқ қарорларни мустақил қабул қилишга аҳд қилганман.
Саломатлиги билан боғлиқ муаммолар сабаб мактабга 9 ёшдан чиққан Муҳайё аввалига Сурхондарёдаги ўрта мактабларда ўқиган. Аҳволи оғирлашиб, мактабга ўзи мустақил боролмай қолгач, ўқиши Тошкентдаги ногиронлиги бор болалар учун ихтисослаштирилган мактабга кўчирилган. «Махсус мактабда ўзимни яхши ҳис қилганман. Айнан шу ерда кимлигини англай бошлаганман», — деб эслайди у.
Дармонга айланган спорт
Ҳозир Гулистондаги Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказининг 1-босқичида таълим олаётган Муҳайё Абдусатторова бундан тўрт йил аввал — коронавирус пандемияси сабаб жорий қилинган карантин вақти ташқи дунёдан узилиб, изоляцияда қолиш нақадар оғирлигини тушунгач, ҳаёт тўлқинларини эшкак ёрдамида кечиб ўтишга қарор қилади.
Денгизликка даъво қилмаса-да, ишга туширилганидан буён «Тошкент денгизи» дея эркаланувчи Тўябўғиз сув омбори ёқасида эшкак эшувчиларнинг спорт базаси жойлашган. Муҳайё шу ерда йил давомида, деярли узлуксиз шуғулланади.
Кун бадантарбиядан бошланади. Асосий машқлар эса ёпиқ залда, очиқ ҳавода ёки сувда бўлиши мумкин. Сувга кунига икки, баъзида уч маҳал тушилади. Сувдаги машғулотлар вақтида спортчиларнинг ҳаракатларини мураббийлар алоҳида қайиқда туриб назорат қилиб боради — тўлқиннинг баланд-пастлиги, қачон ўнгга, қачон чапга ҳаракатланиш кераклиги, ортга қайтиш ё олға сузишни айтиб туради.
Ортиқча вазн — спортчи учун ҳақиқий бошоғриқ, шу боис Муҳайё ва унинг шериклари парҳезбоп, аммо фойдали овқатлар тановул қилади.
Тушлик вақти кимдир: «Қизлар камроқ овқат ейиши керак!», деб луқма ташлаганида, Муҳайё: «Тенгма-тенг ишладим, вазифаларни баб-баробар бажариб, тош ҳам кўтардим, нега энди сендан камроқ ейишим керак экан?!», дея даврада ҳаммани кулдиради.
Муҳайёнинг таъкидлашича, спортчи хотин-қизларга йигитларга нисбатан осонроқ, чунки уларни нафақат ҳурмат қилиб, авайлашади, балки кўпроқ қўллаб-қувватлашади ҳам.
Вақтинчалик ютуқларим учун эмас, балки мени боримча қабул қилганлар даврасида бўлиш — бахт. Менга эски, ҳали сувга тушишни билмаган Муҳайёга муносабатда бўлгандек, оддий, ортиқча илтифотсиз муомала қилишлари ёқади. Спортчи дўстларим ва мураббийларим — айнан шундай. Шунинг учун уларни ўз оиламдек яхши кўраман, бу ерда ўзимни уйдагидек ҳис қиламан.
Муҳайё базанинг энг сўлим, дарахтлар қуршовидаги ёғоч уйда икки дугонаси билан бирга яшайди. Базада кун тартибинг ҳар доим деярли бир хил — машғулот, овқатланиш, машғулот, уйқу; шу тартибга янги ранг киритиш мақсадида қизлар келишиб қора мушук боқиб олган.

Лақаби Багира бўлган бу хумпар баъзида мураббийнинг оқ мушукчаси билан ўйнайди, қизларга эркаланади, қитмирлик қилади, бир сўз билан айтганда, зериктирмайди… Мушукдан ҳам зерикканида эса Муҳайё сайр қилишни яхши кўради…
Спорт билан ошно тутингунига қадар Муҳайё ҳар уч ойда даволанишга мажбур эди. Спорт сабаб ҳозир ҳаракатлари анча енгил, аҳволи яхши. Лекин бу — бугун спорт билан шуғулланишга киришдию бирданига аҳволи яхшиланди ва шу заҳоти ютуқларни қўлга кирита бошлади, дегани эмас.

Илк бор қайиққа махсус нимчада чиқиб, сувга ағдарилгани, биринчи халқаро мусобақаси — Прагадаги Жаҳон чемпионатида кучли хавотир сабаб сувга тушолмагани, қўллари шилиниб, қадоқ бўлиб кетгани кечагидек ёдида. Бундай ҳолатлар исталган спортчида бўлади, аммо ҳамма ҳам бу қийинчиликларга бардош бера олмаслиги, спортни ташлаб кетиши мумкин.
Муваффақият ноталари
Академик эшкак эшиш тарихидаги энг таниқли спортчилардан бири ҳисобланган Жорж Йеоманс Покок бу спорт турига таъриф бераркан, уни «ҳаракат симфонияси» деб атаган эди. Муҳайё эса матонат, ирода ва чидамкорликни бу «симфония»нинг асосий ноталари, деб ҳисоблайди. Сабаби жараёнда мушакларни тез ва фаол ишлатишдан ташқари, мувозанат, маром ва диққатни уйғунлаштириш талаб этилади. Нафақат жисмоний, балки руҳий оғриқларни енгиш эса ҳар доим ҳам осон эмас.
реклама
реклама
Бундай вақтда ирода чиниқувидан ташқари мураббийларнинг қўллови ҳам муҳим. Айниқса, стресс ва хавотир ҳисси руҳияти ва фаолиятига тез таъсир қиладиган Муҳайё каби қизлар учун. Буни яхши билган устозлари, машғулот ва мусобақалардаги натижалар қандай бўлишидан қатъи назар, унга қаттиқ гапирмайди, аксинча, олға ҳаракат қилишда давом этиш кераклигини айтиб, далда беради.
Муваффақиятсизлик дамлари ютуқни бирга нишонлаганларнинг деярли бари йўқ бўлиб қолиши мумкин. Лекин мураббийларим Бунёд Отамуродов, Бекзод Холмирзаев, Отабек Абдувалиев ҳар қандай вазиятда ҳам ёнимда. Аҳволимни ҳис этиб, яхшироқ ҳаракат қилишим учун мотивация беришади. Бунинг учун улардан миннатдорман
Муҳайё ҳозир Литвада 28 августдан 8 сентабргача Парижда бўлиб ўтадиган 2024 йилги Паралимпия ўйинларига тайёргарлик кўрмоқда. Сафари арафаси бўлган суҳбатимиз якунида у ҳаётни сузишга ўхшатишини айтди — ҳаёт ҳам сувдек гап, унда чўкиб кетмаслик учун типирчилаш эмас, балки сув маромига қараб сузмоқ, тартибли ҳаракат қилмоқ керак.


Материални Гулираъно Мусаева тайёрлади.

Фотосуратлар муаллифи: Мадина Аъзам / «Газета.uz».


Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан бу ерда танишиш мумкин.


Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.