ФОТО: Нуруллоҳ ШарипоВ / «ГАЗЕТА.UZ»
Тарих, тоғлар, боғлар, денгиз ва шифобахш сувлар
Нима учун Грузияга саёҳат қилиш керак?

Ўзини Шарқ ва Ғарб ўртасидаги кўприк сифатида намоён қилувчи Грузия ноёб архитектураси, миллий таомлари ва қизиқарли анъаналари билан ажралиб туради. Июнда «Газета.uz» мухбири Нуруллоҳ Шарипов Кавказнинг ушбу гўзал мамлакатида бўлди. Саёҳат Easybooking компанияси ёрдамида амалга оширилди.

Ўзини Шарқ ва Ғарб ўртасидаги кўприк сифатида намоён қилувчи Грузия ноёб архитектураси, миллий таомлари ва қизиқарли анъаналари билан ажралиб туради. Июнда «Газета.uz» мухбири Нуруллоҳ Шарипов Кавказнинг ушбу гўзал мамлакатида бўлди. Саёҳат Easybooking компанияси ёрдамида амалга оширилди.

Грузияга саёҳат ҳаётимнинг энг эсда қоларли саргузаштларидан бири бўлди. Денгиз ва тоғлар, кўҳна обидалар ва замонавий иншоотлар ёнма-ён бу мамлакатни ўзим учун кашф этиш завқли кечди. Грузин меҳмондўстлиги қалбимдан алоҳида ўрин эгаллади.
ТБИЛИСИ
Грузия пойтахти Тбилисига V асрда асос солинган ва, шундай катта тарихга эга ҳар қандай шаҳар каби, у ҳам эски ва янги шаҳарга бўлинади. Аммо унинг «янги» дейилган, кўплаб дўконлар, кафе-ресторанлар, театрлар жойлашган Руставели шоҳ кўчаси каби қисмларидан ҳам тарихий осори-атиқалар топилади.
реклама
реклама
Эски Тбилисида тор кўчалари, қадимий бинолари ва тарихий ёдгорликлари билан эътиборга молик. Тарихий ёдгорликлар орасида Нарикала қалъаси ва Сулфур ҳаммомлари алоҳида ўрин тутади. Айнан шу манзилларда Тбилисининг Ўрта асрлардаги манзараларини тасаввур қилиш мумкин.
Эски шаҳарнинг сайёҳларни ўзига жалб қилувчи иншоотларидан бири - бу Тбилиси қўғирчоқ театрининг бир қисми ҳисобланган Соат минорасидир. Архитектураси ноодатий бўлган бу минора айвончасига ҳар соатда бир қўғирчоқ чиқиб, бонг уради.
Тор кўчалардаги икки-уч қаватли уйларнинг осма айвонлари - балконларини эса Тбилисининг ташриф қоғозчаларида бири, деса ҳам бўлади. Эски шаҳар балконларини томоша қилиб чарчамайсан киши. Уларни ҳар бирини суратга олиб, бутун бошли альбом тайёрлаш мумкин. Масалан, бундай:
Шаҳарни Кура (грузинчасига Мтквари) дарёси қоқ иккига бўлади. Айнан шу дарё устидан Тбилисининг замонавий рамзларидан бири - Тинчлик кўприги солинган. Бу кўприк орқали Эски шаҳардан Рике паркига ўтиш мумкин.
Кура дарёсида катерларда сузишингиз, Рике паркида эса ҳаво шарига чиқиб, бутун Тбилисини - эскисию янгисини қуш парвози баландлигидан томоша қилишингиз мумкин.

Шаҳар рельефи бир текис бўлмагани боис бир мавзе пастда бўлса, бошқаси баландда. Бундай вазиятда дор йўли нафақат туризм аттракциони, балки қулай транспорт воситасига ҳам айланади. Грузия онаси ҳайкалини томоша қилишга чиқиш учун дор йўлидан фойдаланган маъқул.
Тбилиси бўйлаб сайр давомида Грузиянинг энг катта православ черковларидан бири ҳисобланган ва шаҳарнинг деярли барча қисмидан кўриниб турадиган Самеба соборини, шунингдек, Озодлик майдонини бориб кўришни ҳам ёддан чиқармаслик даркор.
Шаҳардан 15-20 дақиқалик масофада грузин халқининг мустақиллиги ва миллий ғурурини мадҳ этувчи монументал иншоот - «Грузия тарихи» номли ёдгорлик жойлашган. Бронза устунлардаги тасвирлар орқали мамлакат тарихида юз берган муҳим воқеалар, унинг подшоҳлари ва қаҳрамонлари ҳақида ҳикоя қилинади, шунингдек, диний саҳналар ҳам ўрин олган.
Грузия тарихини томоша қилиш (юқорида номлари саналган бошқа масканларда ҳам бўлгани каби) бепул. Дарвоқе, шу ердан Тбилиси денгизининг гўзал манзараси ҳам очилади.
ТБИЛИСИ МИЛЛИЙ БОТАНИКА БОҒИ
1620 йилда подшоҳ боғи сифатида асос солинган ҳамда шаҳар марказида жойлашган Тбилиси миллий ботаника боғи Грузияга келган ҳар бир сайёҳ бориши шарт бўлган манзиллардан бири.

Мамлакатнинг энг катта ва энг қадимий ботаника боғи бўлмиш ушбу маскан ҳозирда 128 гектар майдонни эгаллаган бўлиб, унда 4,5 мингдан ортиқ ўсимлик турлари парвариш қилинмоқда. Боғга кириш нархи - 5 лари (лари - Грузия пул бирлиги (1 лари тахминан 4,5-4,6 минг сўмга тўғри келади), айни дамда 1 лари 100 тетрага бўлинади).
Боғнинг диққатга сазовор жойлари
Кўприк ва шаршаралар

Боғда кўплаб кўприклар ва кичик шаршаралар мавжуд бўлиб, улар боғнинг табиий гўзаллигини янада оширади. Боғ марказида осма кўприк ҳам бор.

Пальмазор
Турли хил пальма дарахтлари ва экзотик ўсимликлар жойлашган жой. Бу майдон тропик ўсимликлар билан тўла. Суратга тушиш учун ажойиб нуқта.
Япон боғи
Япон анъаналари асосида яратилган боғ бўлиб, кишини тинчлик ва хотиржамликка чорлайди.
Розария
Бу жойда турли хил ранг ва турдаги атиргулларни кўриш мумкин. Баҳор ва ёзда айниқса гўзал.
Гуллаган дарахтлар
Боғда баҳор ва ёз мавсумида гуллаган дарахтлар айниқса ажойиб кўриниш касб этади. Бу ерда Instagram учун гўзал контентлар тайёрлаш мумкин.
Бамбукзор
Паркнинг бу қисмида ўзингизни Хитойга тушиб қолгандек ҳис қиласиз - Шарқий Осиё мамлакатларига хос пештоқ ва кўприк, сой ва бамбуклар сизда шундай ҳисларни уйғотади.
Тбилиси ботаника боғи нафақат мазмунли ҳордиқ чиқариш жойи, балки илмий тадқиқотлар маркази ҳамдир. Бу ерда олимлар илмий тадқиқотлар орқали янги ўсимлик турларини ўрганади. Боғда, шунингдек, болалар ва катталар учун таълим дастурлари ҳам бор.

БОРЖОМИ

Боржоми сувининг асл манбаи устида қурилган шиша гумбаз.
Боржоми — Грузиянинг марказидаги Самцхе-Жавахети минтақасида жойлашган машҳур сайёҳлик ва дам олиш маркази. Бу шаҳар, биринчи навбатда, ўзининг маъданли сувлари ва табиий гўзаллиги билан танилган.

Ям-яшил ўрмонлар билан қопланган тоғлар қуршовидаги ҳавоси мусаффо бу шаҳарга келганлар, албатта, унинг минерал сувларини ичишни мақсад қилган бўлади. Ўзбекистон дўконларидан ҳам топиш мумкин бўлган сувнинг асл манбаси Боржоми марказий боғида жойлашган. Боғга кириш - 4 лари.

Таъкидлашларича, Боржоми суви хазм қилиш тизими, буйраклар ва бўғимлар учун айниқса фойдали. Аммо, айтишларича, боғдаги асл булоқдан олинган минерал сувни елим идиш («баклажка»)да сақлаб бўлмайди, чунки бундай идишда сув ўз хусусиятларини йўқотади, туси ҳам ўзгаради.
Боғга биринчи борганимда йўлбошловчимиз ҳам шуни айтганди, лекин бунга ўзим ишонч ҳосил қилмоқчи бўлиб, ярим литрлик “баклажка”ни сувга тўлдирдим. Ярим соатдан кейин ичиб кўрсам, сувнинг таъми кескин ўзгарган. Энг яхшиси, булоқнинг ўзидан тўйиб-тўйиб ичиб олиш экан.
БАКУРИАНИ
Боржоми яқинида Грузиянинг машҳур тоғ-чанғи курортларидан бири - Бакуриани жойлашган. Бу ерда бир нечта - энди чанғи учишни бошлаганлардан тортиб то профессионалларга мўлжалланган чанғи трассалари бор. Аммо бу ерга ёзда ҳам келса бўлади.

Биринчидан, шаҳар тоғлар билан ўралган, ҳавоси ажойиб, иккинчидан, бу ерда ҳам Боржомидаги каби минерал сувлар бор (умуман олганда, Боржоми сувларининг боши ҳам асли Бакурианида), учинчидан, сайёҳлар учун қишин-ёзин барча хизмат ва қулайликлар муҳайё, тўртинчидан, ёзда бу ерда мазза қилиб экотуризм ва хайкинг (пиёда сайр) билан шуғулланиш мумкин, чунки шаҳар атрофида бир неча миллий парк ва қўриқхоналар бор.
Бир сўз билан айтганда, бундай сўлим тоғларда чиндан ҳам мазза. Лекин денгизи йўқ Ўзбекистондан келган биз каби меҳмонлар учун айнан денгиз қизиқроқ.
БАТУМИ
Аджария пойтахти, Грузиянинг асосий денгиз дарвозаси ҳисобланган Батуми, таъбир жоиз бўлса, мамлакатнинг энг машҳур курорти ҳам ҳисобланади. Бу ерда ёқимли пляжларда дам олиш, тарих ва замонавийлик қоришиб кетган архитектура ҳамда ажойиб табиат манзараларидан баҳра олиш мумкин.
Батумининг янги соҳилбўйи бульвари (хиёбон-кўчаси)да пиёда сайр давомида шаҳарнинг кўзга кўринган жойлари билан қисқа муддатда танишиб чиқиш мумкин. Бульварда Али ва Нино ҳайкаллари ва Алифбо минораси алоҳида эътиборга молик.
Шаҳарнинг асосий пляжи тоза ва яхши ташкил этилган бўлиб, қуёшли кунларда туристлар билан гавжум. Дарвоқе, соҳил тошлоқ - чўмилиш учун пляжга отланганингизда шуни ҳам ҳисобга олинг (маълумот учун: Батумидан ташқарида қумли пляжлар ҳам бор).

Пляждан чиқиб, Батумининг эски, сўлим бульвари бўйлаб сайр қилиш тавсия этилади. Европа майдонига ҳам бориш керак, албатта. Бу ерда турли концерт ва томошалар уюштирилади. Майдон атрофида эса кафе ва ресторанлар, шунингдек, жаҳонга машҳур фаст-фуд тармоқларининг тамаддихоналари бор.

БАТУМИ БОТАНИКА БОҒИ
Шаҳардан тахминан 8-9 километр масофада эса денгиз бўйида 110 гектардан ортиқ майдонни эгаллаган Батуми ботаника боғи жойлашган ва у бориш шарт бўлган манзиллардан биридир. Боғга кириш нархи 20 лари; бу ерда сайёҳлар учун етарлича шарт-шароит ва қулайликлар яратилган, алоҳида маданий ва кўнгилочар тадбирлар ҳам ўтказиб турилади.

Дастлаб субтропик ўсимликларни минтақа иқлимига мослаштириш мақсадида ташкил этилган илмий ташкилот бўлган бу жой ҳозирда мустақил муассаса ҳисобланади ва бу ерда Европа, Осиё, Америка, Австралия каби қитъаларда ўсадиган 5 мингдан ортиқ турга мансуб ўсимликларни топиш мумкин.
Боғда сайёҳлар учун қулайликлар ҳам кўзда тутилган. Ёзувлар, йўл белгилар ва кўрсатмалар турли тилларда мавжуд. Боғда дам олиш жойлари, сув ичиш жойлари ва кичик дўконлар мавжуд. Шунингдек, бу ерда турли тадбирлар ва кўргазмалар ҳам ўтказилади.
Батуми ботаника боғи табиий гўзалликларни, илмий билимларни ва дам олишни бир жойда жамлаган ноёб жойдир. Саёҳатчилар учун бу боғ Грузиянинг бой ва хилма-хил ўсимлик дунёсини ўрганиш учун ажойиб имконият ҳисобланади. Бу ерда ўтказган вақтингиз сизга унутилмас таассуротлар қолдиради. Қисқача айтганда, кўзни қувнатадиган яшиллик маскани.
Фойдали маслаҳатлар
  • 1
    Вальюта
    Грузияга боришингиз билан вальютани айирбошлаб олинг. Аэропорт ва шаҳардаги айирбошлаш шохобчаларида вальюта курслари катта фарқи қилмайди.
  • 2
    Жамоат транспорти ва такси
    Тбилиси ва Батуми каби катта шаҳарларда жамоат транспортидан фойдаланиш учун махсус транспорт картасини сотиб олиш мақсадга мувофиқ. Тбилисида метро ва автобусда йўл ҳақи 1 лари, Батумида эса 30 тетра. Шунингдек, ушбу карталардан дор йўли ва фуниклёрда ҳам фойдаланса бўлади. Мамлакатда Yandex Go ва Bolt такси хизматлари бор.
  • 3
    Овқатланиш
    Грузияда овқатланиш бир кишига ўртача 20−30 ларига тушади. Жойига, таом тури ва миқдорига қараб харажат бундан камроқ ҳам, кўпроқ ҳам бўлиши мумкин.
  • 4
    Кийиниш
    Тбилиси ва Бакуриани каби рельефи баланд-паст шаҳарларда қулай пойабзал кийиш керак. Ҳавода намлик даражаси Ўзбекистондагидан кўра юқорироқ эканини ҳисобга олиб кийиниш мақсадга мувофиқ. Диний муассасаларга кирмоқчи бўлсангиз, ёпиқроқ кийинганингиз маъқул
  • 5
    Совғалар
    Тбилиси ва Батумида эсдаликка сувенир ва совғалар деярли ҳар қадамда топилади. Сайёҳлар камроқ бўладиган жойларда арзон-гаров олиш ҳам мумкин. Савдолашса ҳам бўлади.
Сўнгги сўз ўрнида
Грузия ўзининг бой маданияти, гўзалликлари ва меҳмондўстлиги билан ҳайратга солди. Эски Тбилиси кўчалари, Батумидаги замонавий архитектура ва Қора денгиз манзаралари, Боржоми табиати ва сувлари ҳамда Бакурианининг тоғлари хотирамда ўчмас из бўлиб қолди.
реклама
реклама
Ўзбекистонга илк бор келган сайёҳга аввало Самарқанд, Бухоро ва Хива каби туристик шаҳарларимизни кўргани каби, мен ҳам Грузияга илк сафаримда асосий сайёҳлик йўналишини босиб ўтдим. Келгуси сафаримда Грузияни янада яхшироқ ва яқинроқ билишни мақсад қилдим - Кутаиси яқинидаги Прометей ғори ва Сатаплия қўриқхонаси билан танишиш, Степанцминда (Казбеги) ва Сванети тоғлари ҳамда у ердаги бетакрор қишлоқларни кўриш ниятидаман. Улар Грузиянинг янада кўпроқ маданий, тарихий ва табиат гўзалликларини кашф этиш имконини беришига шубҳам йўқ.
Таассуротларим Грузияга саёҳат қилишни режалаштираётганларга фойдали бўлади, деган умиддаман. Грузия ҳар бир сайёҳ учун ўзига хос ва эсда қоларли тажриба тақдим этади.
Матн ва суратлар муаллифи: Нуруллоҳ Шарипов / «Газета.uz».

«Газета.uz» муаллифлигидаги график материаллар, шунингдек, матнга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz»га тегишли. «Газета.uz» интернет-нашри сайтига жойлаштирилган материаллардан фойдаланиш шартлари билан бу ерда танишиш мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг