Иллюстрация: Элдос Фозилбеков / «Газета.uz»

Чангимиз ДНКси
Ўзбекистонда ҳаво ифлосланишининг асл сабаби нима?
Иллюстрация: Элдос Фозилбеков / «Газета.uz»
Чангимиз ДНКси
Ўзбекистонда ҳаво ифлосланишининг асл сабаби нима?
Ўзбекистонда ҳаво ифлосланиши ҳақида гап кетса, кўпинча «чанг» эсланади. У ҳақиқий муаммони хаспўшлашнинг қулай воситасига айланган. Ҳаво ифлосланишида чангнинг роли қандай, 2021 йил ноябрида Тошкент нима учун чангга кўмилди ва муаммони қандай ҳал қилиш мумкин? «Газета.uz» жавоб излади.
Ўзбекистонда ҳаво ифлосланиши ҳақида гап кетса, кўпинча «чанг» эсланади. У ҳақиқий муаммони хаспўшлашнинг қулай воситасига айланган. Ҳаво ифлосланишида чангнинг роли қандай, 2021 йил ноябрида Тошкент нима учун чангга кўмилди ва муаммони қандай ҳал қилиш мумкин? «Газета.uz» жавоб излади.
1927 йил 18 мартда «Правда Востока» газетасида «Тошкент чангга қарши курашда» («Ташкент на борьбу с пылью») сарлавҳали мақола эълон қилинган. Унда муаллиф «Тошкентнинг барча кўчаларини қоплаган қуюқ чанг булутларидан» шикоят қилади. Мақолада таъкидланишича, бу муаммо аввал ҳам бир неча бор кўтарилган.
«Правда Востока» газетасининг 1927 йил 18 мартдаги мақоласидан
Фото: Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси
Кўплаб ўзбек ёзувчилари ҳам ўз асарларида Тошкентдаги чангни тилга олади. Масалан, Ойбек 1917 йил воқеаларидан ҳикоя қилувчи «Улуғ йўл» романида арава ғилдираклари остидан ҳавога чанг кўтарилишини тасвирлайди.

Муаммо ҳақида бугун ҳам гапирилмоқда. Сўнгги йилларда дарахтларнинг кесилиши ва қурилишларнинг авж олиши туфайли ҳаво сифати кўпчиликни ташвишга сола бошлади. 2021 йил кузида Тошкентда кузатилган чангли туман кўпчиликнинг ёдидан кўтарилмаган. Айниқса, 2024 йил қишида пойтахтни бир неча кун чангли туман қоплагач, ҳаво ифлосланиши асосий мавзуга айланди.
2021 йил 5 ноябрдаги чангли туман
Фото: Шуҳрат Латипов
Бироқ, илмий маълумотларга мурожаат қилинса, Тошкентда чанг бўронлари юзага келиш частотаси ортаётгани йўқ. Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти (ГМИТИ) олимларининг кузатувларига кўра, пойтахтда чанг бўронларининг частотаси 1981 йилдан 2021 йилгача бўлган даврда икки баробардан кўпроқ қисқарган.

«Тошкентда 1981−1990 йилларда 53 кун, 1991−2000 йилларда эса 16 кун, 2001−2010 йилларда — 19 кун, 2011−2020 йилларда — 16 кун, 2021 йилда 5 кун чанг бўронлари қайд этилган», — дейилади ГМИТИ томонидан «Газета.uz»га тақдим этилган мақолада.
1981−2021 йилларда Тошкент шаҳрида чанг бўронлари кузатилган умумий кунлар сони ва давомийлиги динамикаси.
График: Баҳриддин Нишонов.
Ушбу хулосани исроиллик олимларнинг 1930 йилдан 2000 йилларгача Марказий Осиё ҳудудида содир бўлган чанг бўронлари динамикаси таҳлилига бағишланган тадқиқотлари қисман тасдиқлайди. Мақола муаллифлари маълумотларига кўра, минтақада бўронлар частотаси ва давомийлиги бу даврда 30 кундан 20 кунгача қисқарган, ваҳоланки, XX асрнинг 30−60 йилларида уларнинг ортиши кузатилган эди.
Исроиллик олимлар чанг бўронларининг частотаси ортишини ердан фойдаланишдаги сезиларли ўзгаришлар билан изоҳлайди. 1950−1960 йилларда Қозоғистонда қўриқ ерларни ўзлаштириш бошланган, чорва моллари кўпайган ва уларни ўтлатиш усуллари ўзгарган. Ўзбекистон ва Туркманистонда суғорма деҳқончилик фаол жорий этилган. Натижада табиий чўл яйловларининг кенг майдонлари пахтазорларга айланиб, тупроқнинг шамол эрозияси кучайган. Кейинчалик, 1980 йиллардан кейин антропоген фаолиятнинг сусайиши натижасида, чўл экотизимлари тиклана бошлагач, чанг бўронларининг частотаси қисқарган. Шу билан бир пайтда, собиқ Орол денгизи ҳавзасида бўронлар частотаси ошган.
Ўзи чанг бўронлари минтақамизга хосми? Бу чангнинг таркибида нима бор? Ҳаво сифатининг ёмонлашувига сабаб нима ва буни қандай ҳал қилиш мумкин? Масс-медиа фонди директори этиб тайинлангунига қадар «Газета.uz» мухбири сифатида фаолият юритган Жаҳонгир Азимов ҳамда «Газета.uz» сайтининг инглизча талқини муҳаррири Нозима Ҳожиматова илмий тадқиқотлар ва газета мақолаларини ўрганиб, метеорологлар ва ботаниклар билан суҳбатлашиб, масалага ойдинлик киритишга ҳаракат қилди.
«Табиатан мойиллик»
Ўзбекистонда атмосфера ҳавоси таркибидаги чанг миқдорига таъсир этувчи иқлимий ва жуғрофий бир қатор омиллар мавжуд.

Биринчидан, мамлакат қурғоқчил зонада, яъни қуруқ иқлим, юқори ҳарорат ва паст намликка эга чўл ва яримчўл зонасида жойлашган. Ерга тушадиган ҳавони ифлослантирувчиларнинг барча заррачалари осонлик билан ҳавога кўтарилади, чунки заррачаларнинг чўкишига хизмат қилиши мумкин бўлган етарли намлик мавжуд эмас.

Ўзбекистон Миллий университети Биология факультети Ботаника ва ўсимликлар физиологияси кафедраси ўқитувчиси Екатерина Колчанова-Зейберт «Газета.uz» мухбирига берган интервьюсида Тошкентда оптимал намлик даражаси 40−60 фоиз бўлиши кераклигини таъкидлади. Бироқ, реал воқеликда, бу кўрсаткич атиги 20 фоизни, қурилиш майдонларида эса 18 фоизни ташкил этади, дейди эксперт.

Мичиган технология университети Геология ва кон муҳандислиги ҳамда табиий фанлар факультети тадқиқотчиси Синь Си Марказий Осиё ҳудудидаги метеорологик ҳодисаларни ўрганмоқда. «Газета.uz»га берган изоҳида у қурғоқчил иқлимнинг чанг бўронлари билан боғлиқлигини батафсил тушунтирди.
  • «Марказий Осиё ёғингарчиликнинг қисқариши (бу сув захирасини камайтиради) ва доимий исиш (бу буғланишга бўлган эҳтиёжни оширади) туфайли қурғоқчиликдан кўп азият чекади. Қурғоқчилик даврида қишлоқ хўжалиги яйлов ерлари сизот сувлари ва ўсимлик қопламининг ҳимоясини йўқотади, бу эса тупроқнинг қуриши ва яланғочланишига ва унда кўп миқдорда майда чўкиндиларнинг ҳосил бўлишига олиб келади. Бундай шароитда Марказий Осиёга қутб минтақалардан кириб келаётган совуқ ҳаво массалари узоқ муддатли шиддатли шамолларни келтириб чиқариши мумкин. Улар майин, қуруқ тупроқ заррачаларини ҳавога кўтаради», — дея тушунтиради у.
Бироқ чанг бўронларидан кейин ҳар доим ҳам салқин ҳаво кириб келавермайди. Аксинча, ундан кейин ҳатто ҳарорат кўтарилиши мумкин. Чанг бўронининг пайдо бўлиши учун шамолнинг юқори тезлиги зарур. Шамол турли ҳароратдаги ҳаво массалари тўқнашганда кучаяди, дея тушунтиради «Газета.uz»га ГМИТИ лабораторияси мудири Баҳриддин Нишонов. Ҳудуддаги ҳаво массаси билан ҳудудга кириб келаётган ҳаво массаси орасидаги ҳарорат фарқи қанча юқори бўлса, шамолнинг тезлиги шунча юқори бўлади. Шундай қилиб, совуқ ё иссиқ бўлишидан қатъи назар, шамол яланғочланган тупроқ зарраларини ҳавога кўтаради. Тупроқ қанчалик қуруқ бўлса, шунчалик осон бурдаланади, шамол ҳам тупроқ зарраларини шу қадар осон ҳавога кўтаради. Одатда, тупроқ вегетация даврининг бошида, шунингдек, ҳосил йиғиб олингандан кейин яланғочланади.

Буни бир гуруҳ олимларнинг қурғоқчил муҳитларга бағишланган илмий журналда чоп этилган тадқиқоти ҳам тасдиқлайди. Ўзбекистоннинг географик ва иқлим шароитларида чанг бўронлари юзага келишининг учта шарти мавжуд: кучли шамоллар, эрозияга учраган ёки кўчган ер юзасидаги майда зарралар ва беқарор атмосфера шароитлари.
Ҳаводаги чангнинг юқори концентрацияси бошқа сабаблар билан ҳам изоҳланади. Ўзбекистон «чангли белбоғ»да жойлашган. Булар дунёда энг кўп чанг бўронларидан азият чекадиган ҳудудлардир. У Марокашдан бошланиб, Саҳрои Кабир, Яқин Шарқ, Эрон ва Ўзбекистон орқали ўтади.

Қолаверса, Ўзбекистон ҳудудида учта чўл мавжуд: Қорақум, Қизилқум ва Оролқум. Исроиллик олимларнинг тадқиқотларида айнан Қорақум чўли чанг бўронларининг асосий манбаи сифатида қайд этилган.

Баҳриддин Нишонов ҳавонинг ифлосланишида Орол денгизининг қуриши ҳам муҳим роль ўйнашини таъкидлади. Шамол денгиз ҳавзасида шаклланган чўл — Оролқум ҳудудидан туз ва чангларни ҳавога кўтаради. Экспертнинг сўзларига кўра, 2018 йилги бўрон айнан Оролқумда юзага келган, Қорақалпоғистон, Хоразм бўйлаб ўтган ва Бухоро вилоятида тўхтаган.

Оролқумда бошланувчи туз ва чанг бўронлари 1970 йиллардаёқ кузатилган. Бу ҳақда Марказий Осиё бўйича атроф-муҳит тарихчиси Майя Петерсон ёзган эди. Россия империяси босқинига қадар ва совет давридаги Марказий Осиёнинг сув захиралари ва улардан фойдаланиш ҳақидаги китобида у шундай ёзади:
  • «Пахта ҳосилини ҳимоя қилиш учун ишлатиладиган кимёвий моддалар Орол минтақасининг барча экотизимларида — ҳаво, сув ва тупроқда, шунингдек, маҳаллий озиқ-овқат маҳсулотларида аниқланган. Биринчи марта 1975 йилда совет космонавтлари томонидан кузатилган, очиқ денгиз тубидан кўтарилган заҳарли чанг бўронлари денгиз қисқариб бориши фонида тез-тез содир бўла бошлади ва кучайиб борди».
реклама
реклама
2021 йил ноябридаги чангли туман нима учун юзага келди?
2021 йилнинг 4−5 ноябрь кунлари Тошкентни чанг-қум бўрони қоплади. Жуда иссиқ келган октябрь ойи ва ноябрнинг бошидан сўнг минтақага совуқ ҳаво массалари кириб келди. 5 ноябрга ўтар кечаси ҳаво ҳарорати нолдан пастга тушди, совуқ ҳарорат бир неча кун давомида сақланиб қолди.
2021 йилнинг жуда илиқ октябрь ойи
Минтақага янги ҳаво массалари кириб келмагани сабабли, аввалроқ Марказий Осиёга кириб, чанг бўронига сабаб бўлган совуқ ҳаво турғунликка учради. Ҳавонинг турғунлиги туфайли шаҳарда шамол эсмади ва чанг бир неча кун ҳавода сақланиб қолди ва чангли туман пайдо бўлди.
2021 йил 4 ноябрда об-ҳавонинг кескин ўзгариши
Ўша пайтда «Ўзгидромет» ўз хабарида ҳаводаги чанг миқдори меъёрдагидан беш баравар ошиб кетганини маълум қилган эди. Бир неча кундан сўнг Тошкентнинг ўша вақтдаги ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев матбуот анжуманида чанг Қозоғистондан кириб келганини таъкидлади.
  • «Буни саводсиз одам ҳам тушунади. Бу чанг Тошкентда бошланмади. Узоқдан учиб келаётган йирик қум зарралари [Тошкентга] етиб келгунча шамолда майдаланиб, майда зарраларга айланган бўлиши эҳтимоли бор. Лекин, мен эколог эмасман. Менимча, бу Тошкентда кўтарилмади ва Тошкентда бошланмади. Чанг Қозоғистондан кириб келиб, Самарқандга, Самарқанддан Гулистонга, Гулистондан Тошкентга, Тошкентдан Наманганга ўтган, кейин яна Қозоғистонга қайтиб кетган…» — деганди пойтахтнинг собиқ ҳокими.
Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг баёноти жамоатчилик орасида истеҳзога сабаб бўлди, чунки шаҳар ҳокими кўп сонли қурилиш майдонларининг табиий ҳодисага қўшган ҳиссасини тан олмаган эди. Бироқ, илмий тадқиқотлар натижалари шуни кўрсатадики, 2021 йил ноябрь ойидаги бўрон ҳақиқатан ҳам Қозоғистондан кириб келган. Ўзбекистон ҳудудидаги қишлоқ хўжалиги ерларининг яланғочланган тупроғи ва қурилиш майдонларининг, шу жумладан, пойтахтдаги қурилиш майдонларининг чанглари вазиятни янада оғирлаштирган.
2021 йил 5 ноябрь тонгида Тошкентда чанг бўрони оқибатлари
Фото: Евгений Сорочин
Бир гуруҳ олимлар, жумладан, Баҳриддин Нишонов томонидан олиб борилган тадқиқотлардан бири 2023 йилда йирик илмий журнал — Nature журналида чоп этилди. Муаллифлар ҳаво оқимини компьютерда моделлаштирди, ҳавони ифлослантирувчи моддаларнинг тарқалишини ўрганди ва натижаларни Тошкентдаги метеорологик станциялар маълумотлари билан таққослади. Натижалар шуни тасдиқладики, чанг бўрони ҳақиқатан ҳам Қозоғистоннинг жанубий қисмида юзага келган, Тошкент бўйлаб ўтган ва Фарғона водийсига кириб борган.
  • «Одатда чанг бўронлари кучли шамол пайтида юзага келади. Бироқ қурғоқчиликда чанг зарралари шамол тезлиги секундига 3−5 метр бўлганда ҳам ҳавога кўтарилиши мумкин. 2021 йилда ёз иссиқ келди. Куз ҳам иссиқ ва қуруқ бўлди. [Ноябрь ойининг бошида] совуқ ҳаво оқими кириб келиб, кучли шамолга сабаб бўлди. Жанубий Қозоғистонда суғорма деҳқончилик билан шуғулланишади, бироқ шимолдаги далалар суғорилмайди, у ерда лалми деҳқончилик амалиёти қўлланилади, бунда суғориш учун ёмғир сувидан фойдаланилади (чунки бошқа сув йўқ — таҳр.). Узоқ давом этган қурғоқчилик суғорма деҳқончилик далаларини қуритди, шамол тупроқ зарраларини ҳавога кўтариб, чангни Ўзбекистонга учириб келди. Совуқ ҳаво массасининг кириб келиши чангни ҳавога кўтарди», — дея тадқиқот натижаларига изоҳ берди Баҳриддин Нишонов «Газета.uz» мухбири билан суҳбатда.
Лаборатория раҳбарининг сўзларига кўра, бўрон ҳавонинг ифлосланишига туманчалик салбий таъсир кўрсатмади.
Чанг бўрони чангли тумандан нимаси билан фарқ қилади?
Чанг бўрони — кучли шамол атмосферанинг чегара қатламига кўп миқдорда чанг ва қумни олиб ўтиши бўлиб, бунинг натижасида кўриниш даражаси пасаяди. Чангли туман — бу атмосфера ҳодисаси бўлиб, унда ҳавонинг қуюқлиги ошади, чунки унда қаттиқ аэрозоллар, одатда, чанг ва қум зарралари кўпаяди. Чангли туман пайтида кўриниш даражаси пасаяди, лекин шамолнинг тезлиги чанг бўронига қараганда пастроқ бўлиши мумкин. Одатда чанг тумани чанг бўронининг даракчиси ёки оқибати ҳисобланади.

Баҳриддин Нишоновнинг илмий мақоласидан изоҳ.
Баҳриддин Нишонов, шунингдек, қурилиш чангининг ҳаво ифлосланишига таъсирини истисно қилмайди:

«Буни истисно қилиш мумкин эмас. Тошкент ҳудудида [илгари] қанча яшил ўсимликлар бўлганига қаранг. Қурилиш ишларининг маҳаллий чанг бўронлари пайдо бўлишига таъсирини ҳам истисно қилиб бўлмайди».
2021 йилги чанг бўронининг Қозоғистондан кириб келганини бир гуруҳ америкалик, европалик ва қозоғистонлик олимлар томонидан ўтказилган бошқа мустақил тадқиқот ҳам тасдиқлайди.

«Таҳлилларимиз шуни кўрсатадики, чанг бўрони экстремал совуқ ҳаво ва унга ҳамроҳ бўлган постфронтал шимол шамолларининг тўқнашиши (ҳаракатлантирувчи куч) ва кўп йиллик Ла-Нинья ҳодисаси (зарурий шартни ҳаракатлантирувчи куч) билан боғлиқ давомли қурғоқчилик (зарурий шарт) туфайли юзага келган мураккаб ҳодисанинг зарурий шарти бўлган», — деб ёзади муаллифлар.
Ла-Нинья ўзи нима ва бу ҳодисанинг Марказий Осиёдаги ҳаво ҳароратига қандай алоқаси бор?
«Ла-Нинья — табиат ҳодисаси бўлиб, унда Тинч океани тропик зонасининг марказий ва шарқий қисмида денгиз сатҳининг ҳарорати пасайиши кузатилади, — тушунтиради мақоланинг бош муаллифи Синь Си. — Бу ҳодиса ҳар уч-беш йилда такрорланади, лекин, масалан, 2020−2023 йиллардаги каби, бир неча йил давомида кетма-кет содир бўлиши ҳам мумкин. Ла-Нинья Эль-Ниньо / Жанубий тебраниш (ЭНЖТ) циклининг „совуқ“ фазаси бўлиб, „телеалоқа“ деб юритилувчи жараён воситасида узоқ ҳудудларда ҳарорат ва ёғингарчиликка таъсир кўрсатади. Метеорологияда бу атама жуда узоқ масофалардаги иқлим аномалиялари ўртасидаги боғлиқликни англатади. Сўнгги бир неча ўн йилликларда ЭНЖТ ва жуда узоқ Марказий Осиёда қиш мавсумида ёғингарчилик миқдори ўртасида яқин боғлиқлик кузатилмоқда. Тинч океанида денгиз ҳароратининг пасайиши сувнинг буғланишини камайтирмоқда. Бу эса Марказий Осиёда қиш мавсумида ёғингарчилик миқдори камайишига ва ёз мавсумида қурғоқчиликка олиб келади. Қурғоқчилик, кўп ҳолларда, янада қуруқроқ, камроқ ҳимояланган тупроқларни шакллантиради ва, ўз навбатида, хусусий ёки интенсив чанг ҳодисаларини келтириб чиқаради».
«Газета.uz» мухбири мақола бош муаллифи Синь Сига мурожаат қилиб, тадқиқот методологияси ва унинг натижалари юзасидан изоҳ беришни сўради.

«2021 йил 4 ноябрдаги чанг қопламаси манбаини кузатиш мақсадида геостационар сунъий йўлдошдан олинган 15 дақиқалик тасвирлардан фойдаландик ва чанг қопламаси Қозоғистон жанубидаги Арис дарёси қуйи оқимида жойлашган қишлоқ хўжалиги яйлов минтақасидан келиб чиққанлигини аниқладик. Қирғоқдаги флювиал чўкиндилар (сув ювиб кетганидан кейин тупроқда қолган сув изи, масалан, қуриган ўзан — таҳр.) кўп миқдорда майда дисперс чўкиндиларни ўз ичига олади. Бу чўкинди қуриган ва яланғочланганидан кейин шамол эрозиясига учрайди. Аввалги йилларда бу ҳудуд узоқ давом этган қурғоқчиликни бошдан кечирганини аниқладик. Натижада тупроқ агрегатлари осон емирилади ва ўсимликлар билан камроқ ҳимояланади. Тупроққа ишлов бериш ёки чорва молларини ўтлатиш каби механик таъсирлар ҳам қуруқ тупроқнинг майдаланишини кучайтириши мумкин. 2021 йил 4 ноябрь куни кучли об-ҳаво тизими Жанубий Қозоғистонга ҳаддан ташқари совуқ ҳаво ва кучли шамолги олиб кирди, бу эса қуриган қишлоқ хўжалиги яйлов ерларидан чанг бўронини кўтарди», — дея изоҳ берди Синь Си.
2021 йилнинг 4−5 ноябрь кунлари воқеаларнинг бориши қуйидагича бўлган. Чанг бўрони кўтарилиши 4 ноябрь куни соат 8:30 да Жанубий Қозоғистоннинг Ўрдабаси тумани қишлоқ хўжалиги яйловида бошланган. Уч соатдан сўнг чанг қопламаси Тошкентга, ундан Фарғона водийсига етиб борган. АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси ҳудудида ўрнатилган ҳаво сенсори маълумотларига кўра, PM2,5 ёки чангнинг максимал концентрацияси 978 мкг/м3 ни ташкил этган. Илмий мақолада қайд этилган «Ўзгидромет» кўрсаткичлари 2000 мкг/м3 дан юқори, бу рухсат этилган даражадан 30 баравар кўп, дегани.
Ўзбекистон «чангли белбоғ» ва қурғоқчил зонага киришини, мамлакат ҳудудидаги чўллар майдони ва Орол фожиасини ҳисобга олиб, Ўзбекистонда ҳавонинг ифлосланишининг асосий сабаби — табиий чанг, деган хулосага келиш мумкин. 2024 йил май ойи ўрталарида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги табиий чангни пойтахт ҳавосининг асосий ифлослантирувчиси, деб атаган эди.
«[Жаҳон банки билан ҳамкорликдаги] лойиҳа доирасида ўтказилган тадқиқотлар, шунингдек, дастлабки ҳисоботга кўра, Тошкентда PM2,5 майда дисперс зарраларининг ҳосил бўлишига қуйидаги омиллар таъсир кўрсатган: табиий чанг — 36 фоиз, иссиқлик таъминоти — 24 фоиз, транспорт воситалари — 16 фоиз, саноат корхоналари — 13 фоиз», — дейилади вазирлик изоҳида.

«Газета.uz» мухбири тадқиқот методологияси билан танишиш учун ҳисоботни тақдим этишни сўраб, Экология вазирлиги матбуот хизматига мурожаат қилди. Матбуот хизмати у тез орада жамоатчиликка тақдим этишлишини маълум қилди.

Шу билан бирга, 2024 йил қишида, атмосфера ҳавосининг ифлосланиши юзасидан жамоатчилик норозилигининг энг юқори нуқтасида, Экология вазирлиги муаммони чуқурлаштираётган бир қатор омилларни санаб ўтди. Жумладан:
Мораторий даврида 49 минг туп дарахтнинг ноқонуний кесилиши
Бош режаларни тасдиқламаган ҳолда қурилиш ишларининг олиб борилиши
Транспортдан атмосфера ҳавосига чиқарилаётган ифлослантирувчи моддалар ҳажмининг, хусусан АИ-80 дан фойдаланиш ҳисобига ортиши
Қазилма ёқилғи, шу жумладан, кўмирдан фойдаланиш ҳажмининг ошиши
Куз-қиш мавсумида аҳолини марказлаштирилган иссиқлик билан таъминлаш учун мавжуд иссиқлик марказлари томонидан мазутдан қўшимча ёқилғи сифатида фойдаланиш
Шамолнинг йўналиши ва тезлиги, ҳаво ҳарорати, қуёш радиацияси, атмосфера ёғинларининг миқдори ва давомийлиги, ҳарорат инверсиялари (аралаш заррачаларнинг вертикал бўйлаб тарқалишига тўсқинлик қилувчи илиқ ҳаво қатлами) ва бошқа табиий омиллар
Ушбу баёнот фуқаролик жамияти ва оммавий ахборот воситалари томонидан бир неча йиллардан бери тилга олинаётган экология ва шаҳарсозлик муаммолари ҳақиқатда мавжуд эканлигини тасдиқлади. Тўғри, Экология вазирлиги томонидан чиқарилган хулосалар юзасидан жамоатчиликка илмий-исботланган асос тақдим этилмади. Бундан ташқари, вазирликнинг май ойида айнан табиий чанг ҳавони ифлослантирувчи асосий омил эканлиги ҳақидаги баёноти январь ойидаги даъволарга зид келиши мумкин.
«Зарарли чанг»
Кўпчилик ҳаво ифлосланишини қурилишнинг авж олиши билан боғлагани сабабли, «Газета.uz» мухбири аввалги «катта қурилиш»да — 1966 йилги зилзиладан кейин Тошкент қурилишида иштирок этган фамилиясини ошкор этмасликни сўраган Ҳамидулла ака билан суҳбатлашди. Мақсад — янги шаҳар қурилиши йилларида чанг билан боғлиқ вазият қандай бўлганини билиш эди.

Ҳамидулла ака, шунингдек, ҳодисанинг «Газета.uz» мухбири бошқа материалларни тайёрлаш вақтида суҳбатлашган бошқа гувоҳлари ҳам ўша вақтдаги пойтахтни улкан қурилиш майдони сифатида эслайди. Ҳамидулла ака ёшлигини эслаб, ўша вақтда иш «Маҳаллада дув-дув гап» фильмидаги каби қайнаганини айтади.
Тошкентда 1966 йилги зилзила оқибатларини бартараф этиш.
Фото: Ўзбекистон кинофотофоно ҳужжатлар миллий архиви
Маълумки, зилзила оқибатида 2 млн квадрат метр турар жой майдони вайрон бўлган. Қурилиш ишлари кейинги уч йил давомида олиб борилган. 1969 йилга келиб Тошкентда 3,2 миллион квадрат метр турар жой қурилган. Age Tashkent маълумотларига кўра, 1966 йилнинг ўзида 632 та кўп қаватли уй фойдаланишга топширилган. Кейинги икки йилда — тахминан 500 тадан.
Манба: Age Tashkent
Қурилиш ишлари кўлами жуда катта эди. Ҳамидулла ака Марказий универмаг атрофидаги вайроналарни тозалашда қатнашган, Чилонзорнинг қурилишига гувоҳ бўлган, чунки ўзи унга яқин ҳудудда яшаган.

«1958−1960 йилларда Муқимий кўчаси эндигина ётқизила бошлаган эди. Чилонзорнинг биринчи мавзеси ҳали йўқ эди. Тўрт томон — яланглик, далалар. Зилзиладан сўнг Чилонзорда одамларга ер участкалари ажратилган», — деб эслайди у.

Чилонзор даҳаси 1966 йилдаги зилзиладан кейин пайдо бўлган. Бу уй-жойлар қурилиши учун биринчи ва асосий майдон эди, чунки қурилишлар учун бузиб ташланиши керак бўлган объектлар сони энг кам бўлган ҳудуд талаб қилинарди, деб ёзади бош архитектор Александр Якушев ўзининг «Бизнинг Тошкент» мақоласида. Материал 1966 йилда «Правда Востока» газетасида чоп этилган.

Чилонзордан ташқари шаҳар марказида ҳам қурилиш ишлари олиб борилган. Бироқ, Ҳамидулла аканинг фикрича, ўша йилларнинг чанги бошқача эди.
  • «Чилонзордагиси фойдали чанг эди. Нима учун? Чунки бу тупроқ. Унинг таркибида минерал аралашмалар бор, бу эса ўсимликлар учун ўғит, — деб ҳисоблайди у. — Чилонзорда далалар бор эди, шамол эсарди. Ҳозирги қурилишлардаги чанг — қурилиш чанги. У зарарли, заҳарловчи чанг. 1966 йилда ҳам „Маҳаллада дув-дув гап“ фильмидаги каби кенг кўламли ишлар амалга оширилган, бироқ яшил фон зичроқ эди. Тошкент аҳолиси ҳам ҳозиргидан анча кам эди. Кейин, биз ҳовли, кўча, ҳар бир уйнинг атрофи уй ичкарисидан ҳам сариштароқ бўлишига ўрганган эдик. „Кийим-бошингизга қараб кутиб олишади“, дейишади. Ҳар бир уйнинг кийими — бу унинг атрофидаги саришталикдир».
Ҳамидулла ака ҳозирги қурилиш «шиддати» ва дарахтларнинг кесилиши билан ҳаво сифатининг ёмонлашуви ўртасида боғлиқлик кўради. Боғ-шаҳарни барпо этган авлод кишиси боғнинг саҳрога айланиб бораётганига гувоҳи бўлмоқда.

Бироқ, унинг «фойдали чанг» ҳақидаги сўзларида бошқа, чуқурроқ фикр яширинган: нега биз ҳавонинг ифлосланиши ҳақида гапирар эканмиз, «чанг» сўзини ишлатамиз? Бу чангнинг таркибида нима бор? 2024 йилдаги чанг 1966 йилдаги чангдан нимаси билан фарқ қилади? Ҳаво ифлосланишига айнан нима сабаб бўлмоқда?
реклама
реклама
Ҳаво сифатини ўлчашнинг турли методологиялари
География луғати ҳаво сифатини ҳавонинг бир қатор кўрсаткичлар бўйича аниқланадиган одамлар эҳтиёжлари ва технологик талабларга мувофиқлик даражаси сифатида таърифлайди. Техник таржимон маълумотномасига кўра, ҳаво сифати — бу ҳавонинг ифлосланиш даражаси; атмосферада бўлиши мумкин бўлган антропоген ифлослантирувчиларнинг тури ва максимал концентрацияси.

Ҳаво сифати турли ифлослантирувчиларнинг кўрсаткичларидан келиб чиқиб ҳисобланади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) қуйидаги ифлослантирувчиларни санаб ўтади:
  • диаметри 10, 2,5 ва 1 микрометрли муаллақ PM заррачалари;
  • азот диоксиди;
  • ис гази;
  • олтингугурт диоксиди;
  • қўрғошин;
  • полициклик ароматик углеводородлар;
  • формальдегид;
  • радон;
  • қора углерод;
  • ультрадисперс зарралар;
  • моғор.
Ушбу ифлослантирувчи моддаларнинг баъзилари, масалан, қора углерод, моғор ва қўрғошин ҳавога муаллақ заррачалар шаклида тушади. Буларга табиий ва қурилиш чанглари, туз киради. Муаллақ зарралар ёқилғи ёндирилганда, ўрмон ёнғинларида, шунингдек, шиналар асфальтга ишқаланганда ёки металл, ёғоч ва бошқа материалларни арралашда ҳосил бўлади. PM зарралари одамларга ҳавони ифлослантирувчи бошқа ҳар қандай моддаларга қараганда кўпроқ салбий таъсир кўрсатади, дейилади ЖССТ маълумотномасида.
Тошкентдаги ҳаво сифати ҳақида учта манбадан маълумот олиш мумкин:
IQAir ҳаво сифатини ўлчаш маиший датчиклари кўрсаткичлари
АҚШ элчихонаси ҳудудида ўрнатилган ҳаво сифатини ўлчаш учун автоматик монитор маълумотлари
«Ўзгидромет»нинг атмосфера ҳавоси сифати мониторинги автоматик станциялари маълумотлари
Ҳар бир манба ҳавонинг ифлосланишини ўз усулида ўлчайди — кўрсаткичларларнинг турличалиги ва маълумотларнинг аниқлиги тўғрисидаги баҳс-мунозаралар айнан шу билан изоҳланади.

IQAir маиший датчиклари — бу уй ёки офисга ўрнатиш мумкин бўлган нисбатан арзон қурилма. Ишлаб чиқарувчининг маълум қилишича, датчиклар ҳаво сифатини шаҳар миқёсида кўрсатади, бироқ аслида уларнинг амал қилиш радиуси жуда чекланган. 2024 йилнинг қишида «Ўзгидромет» ходимлари маиший датчиклардаги хатоликлар ҳақида гапириб берган эди. Баҳриддин Нишонов интервьюда бу кўрсаткич 200 фоизга етиши мумкинлигини маълум қилди. Бироқ, улардан барибир фойда бор, чунки улар шаҳар бўйлаб қурилмалар тармоғини яратади. 2024 йил қишида «Газета.uz» ҳам ўз офисига ана шундай датчик ўрнатди. У бино атрофидаги ҳаво сифати ҳақидаги маълумотларни кўрсатади.

IQAir датчиклари ҳаво сифатини AQI ҳаво сифати индекси асосида кўрсатади.

AQI қандай ҳисобланади? Индекс АҚШ Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш агентлигининг Ҳаво сифати миллий стандартларига асосланган. У олтита ифлослантирувчиларни ҳисобга олади: PM2,5, PM10, углерод монооксиди, олтингугурт ва азот диоксиди ва ерусти озони. AQI 0 дан 500 гача ўзгариб туради. Ҳавонинг сифатига ўлчаш пайтида энг юқори концентрацияга эга бўлган ҳавони ифлослантирувчи кўрсаткич берилади. Фақат у ёки бу мониторинг станциясида мавжуд бўлган моддалар ўлчанади — улар ҳар доим ҳам олтита эмас. Бу датчикнинг моделига боғлиқ.

«AirVisual веб-сайтида AQI мониторлари серияси PM2,5 ўлчовларидан AQI’нинг кўрсаткичи сифатида фойдаланади, чунки PM2,5 кенг тарқалган ва инсон саломатлигига таъсир қилувчи энг хавфли ҳаво ифлослантирувчиси ҳисобланади», — дейилади датчиклар ишлаб чиқарувчисининг сайтида.
IQAir веб-сайтидан маиший датчикларнинг иллюстратив сурати.
АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси ҳудудидаги автоматик монитор. Сент-Луисдаги Вашингтон университетининг энергетика, атроф-муҳит ва кимёвий технологиялар бўйича профессори Жей Тёрнер матбуот брифингида ушбу қурилманинг ҳаво сифатини ўлчаш методологияси ҳақида маълумот берган эди.

«Монитор ҳаво сифати маълумотларини ҳар соатда кўрсатади. Дастлаб 53 дақиқа давомида диаметри 2,5 микрон (PM2,5) дан кичик бўлган майда дисперсли муаллақ заррачалар намуналари ва бошқа маълумотлар йиғилади. Кейин монитор уларни 7 дақиқа давомида таҳлил қилади ва серверга узатади. Маълумотлар ҳаво ҳолати ҳақидаги ҳукумат веб-сайти — АҚШ Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш агентлиги томонидан бошқариладиган AirNow сайтида эълон қилинади», — дея тушунтирди профессор Тёрнер.
АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасида атмосфера ҳавоси ифлосланишини кузатувчи монитор.
Фото: Жаҳонгир Азимов / «Газета.uz»
АҚШ элчихонаси ҳудудидаги сенсор ҳам АҚШ атроф-муҳит агентлиги томонидан ишлаб чиқилган AQI ҳаво сифати индексига асосланади. АҚШ ҳукумати сайтидаги маълумотларга кўра, Тошкентдаги ҳаво сифати индекси PM2,5 ва озон кўрсаткичлари бўйича ҳисобланади. Масалан, Бокудаги ҳаво сифати фақат PM2,5 кўрсаткичлари бўйича аниқланади.
Тошкентдаги ҳаво сифати индекси кўрсаткичлари АҚШ ҳукумати сайтида.
Бокудаги ҳаво сифати индекси кўрсаткичлари АҚШ ҳукумати сайтида.
Кўпчилик элчихонадаги мониторни эталон ва ишончлироқ деб ҳисоблайди. Матбуот брифингида Жей Тёрнер қурилманинг бутун Тошкент бўйлаб ҳаво сифатини баҳолай олишини қайд этган эди.

Бироқ, кўплаб мутахассислар биргина қурилманинг ўзи етарли эмас, деб ҳисоблайди. Бу фикр Ўзбекистон Миллий университети биолог олимларининг «Тошкент шаҳридаги баргли ва игнабаргли дарахт навларининг чанг ушлаш қобилияти таққоси»га бағишланган мақоласида билвосита тасдиқланган. Биологлар ўз мақолаларида каталпа, чинор, элдор қарағайи ва қизил кедр арчаси шох-шаббаларининг уч хил атроф-муҳит шароитида: қурилиш майдонида, кичик ва катта яшил майдонда чангни тутиб туриш қобилиятини ўрганган.
Тадқиқотнинг асосий хулосаларидан бири «шаҳарда ҳавонинг чангланиши бир хил эмас. Шаҳарнинг турли жойларида ўсимликлар устига йиғилиб қолган чангнинг турли массалари шундан далолат беради», деб ёзади мақола муаллифлари.
Мақола муаллифларидан бири Екатерина Колчанова-Зейберт «Газета.uz» мухбирига берган интервьюсида дарахтлар чангни турлича тутиб туришини тушунтирди. Бу ўсимлик турига, чанг концентрацияси ва яшил ўсимликларнинг зичлигига боғлиқ.

«Ўзгидромет»нинг автоматик мониторинг станциялари. Ўзбекистон бўйлаб «Ўзгидромет» 64 та атмосфера ҳавосини кузатиш пункти ва 16 та автоматик мониторинг станциясида ҳавонинг ифлосланишини мониторинг қилади. Тошкент шаҳрида 13 та пункт ва 3 та автоматик станция мавжуд.
Ҳаво сифати мониторинги автоматик станцияси.
Фото: «Ўзгидромет»
Агентлик ходимлари ўзларининг автоматик станцияларини Ўзбекистондаги энг яхшилари деб атайди, чунки улар Horiba (Япония, Германия) компанияси томонидан ишлаб чиқарилган газ анализаторлари билан жиҳозланган ва атмосфера ҳавосининг ифлосланиш ҳолатини онлайн режимда кўрсатади. Ушбу станциялар бир неча квадрат километр майдонда ҳавонинг ифлосланиш ҳолатини акс эттиришга имкониятига эга.
Газ анализаторлари нимани ўлчайди?
Мониторинг станцияларида газ анализаторлари атмосфера ҳавосидаги асосий ифлослантирувчи моддалар: азот оксиди ва диоксиди, олтингугурт диоксиди, углерод оксиди, аммиак, шунингдек, чанг (табиий бўлиши шарт эмас) бўлган PM10 ва PM2,5 майда дисперс зарраларини аниқлайди. Бундан ташқари, станциялар метеорологик параметрлар — ҳаво ҳарорати ва намлиги, босимни ўлчайди.
Аммо «Ўзгидромет» кўрсаткичларига кўпчилик шубҳа билан қарайди. Ишончга путур етишида Экология вазирлигининг ҳаво сифати бўйича миллий стандартларни ишлаб чиқиш зарурати ҳақидаги баёнотининг ҳам ҳиссаси бор. Вазирлик бу ҳақда 2024 йил январида — Тошкент аҳолисининг ҳаво сифатидан норозилиги энг чўққига чиққан пайтда хабар берган эди. Жамоатчилик ҳайрон: «Халқаро стандартлар мавжуд экан, PM2,5 бўйича миллий стандартларни ишлаб чиқишнинг нима кераги бор?».

ЖССТнинг ҳаво сифати бўйича йўриқномаси тамойилларида ташкилот ҳаво сифатига қўйиладиган талабларнинг тавсиявий хусусиятга эга эканини тан олади. ЖССТнинг PM2,5 концентрацияси бўйича талаблари тавсиявий хусусиятга эга, бироқ уларга ҳар доим ҳам эришиб бўлмайди, дейилади ҳужжатда.

«Йўриқнома сиёсат ва аралашувлар бўйича аниқ тавсияларни назарда тутмайди, чунки улар кўп жиҳатдан муайян шароитларга боғлиқ: бир муҳитда самарали бўлиши мумкин бўлган нарса бошқа муҳитда ишламаслиги мумкин», — дейилади ЖССТ ҳужжатида.
Баҳриддин Нишонов PM2,5 бўйича халқаро стандартлар мавжуд эмаслигини таъкидлади. «Ҳар бир мамлакатнинг ўз стандарти бор. ЖССТнинг тавсияси фақат PM2,5 бўйича».

Бошқа ифлослантирувчи моддалар — азот оксиди ва диоксиди, олтингугурт диоксиди, углерод оксиди, аммиак ва PM10 бўйича миллий стандартлар аллақачон ишлаб чиқилган, дейди Баҳриддин Нишонов. PM10 стандартлари 2011 йилда тасдиқланган, бироқ PM10нинг қабул қилинган максимал рухсат этилган концентрацияси (РЭК) жуда юқорилиги сабабли қайта кўриб чиқилиши керак.
Бундан келиб чиқадики, миллий стандартлар ишлаб чиқилиши мантиқан тўғри. Улар зарурлиги ҳақида Жей Тёрнер ҳам гапирганди. ЖССТ тавсияларига риоя қилиш учун Ўзбекистон минтақага хос чанг омилини истисно қилиши керак, дейди олим. Унинг фикрича, бунга илм-фан ёрдамида эришиш мумкин.
  • «Ўзбекистон ҳаво сифатини ўлчаш бўйича ўз стандартларини ишлаб чиқишда миллий хусусиятлардан ташқари минтақавий хусусиятларни ҳам ҳисобга олиши керак. Ифлосланиш манбалари Тошкент ва Хива шаҳарлари учун жуда ўхшаш бўлиши мумкин, айни вақтда фарқ ҳам қилиши мумкин. Бунинг учун тадқиқотлар олиб бориш керак», — дейди у.
Миллий стандартларнинг зарурати, шунингдек, мониторинг маълумотларини қайта ишлашдаги ёндашувларнинг турличалиги билан изоҳланади. Ўзбекистонда атмосфера ҳавосининг ифлосланиш индекси ёки ИЗА, АҚШда эса — Ҳаво сифати индекси (Air Quality Index — AQI) амал қилади.

ИЗА қандай ҳисобланади? ИЗА мониторинг станцияси ўрнатилган ҳудуд учун энг юқори концентрацияга эга бўлган бешта ифлослантирувчи модда бўйича ҳисобланади.

Станциялар қуйидаги моддаларни аниқлайди: олтингугурт диоксиди, углерод оксиди, азот диоксиди, азот оксиди, PM10 ва PM2,5 муаллақ моддалар, аммиак, озон, фенол ва формальдегид.

Индекс моддаларнинг хавфлилик даражасини ҳисобга олади ва ҳавонинг узоқ вақт ифлосланиш даражасини кўрсатади. Станциялар аниқлайдиган барча моддалар ҳам индексда ҳисобга олинмайди. ИЗА ифлослантирувчи моддани ҳисобга олиши учун у бўйича миллий стандартлар қабул қилиниши ва уларнинг рухсат этилган концентрациялари (РЭК) белгиланиши керак. Шу билан бирга, моддаларнинг суткалик ва бир марталик РЭКлари фарқланади.

PM2,5 бўйича миллий стандартлар ишлаб чиқилмаганлиги ва РЭК белгиланмаганлиги сабабли, мониторинг станцияси ўрнатилган ҳудуд учун унинг концентрацияси энг юқори бўлса ҳам, ИЗА диаметри 2,5 микрометр ва ундан кичик бўлган чанг концентрациясини ҳисобга олмайди. Индекс, шунингдек, PM10 қаттиқ заррачаларини ҳам ҳисобга олмайди, чунки PM10 учун 2011 йилда қабул қилинган РЭК жуда юқори, дейди Баҳриддин Нишонов.
реклама
реклама
Илм-фанга эътибор қаратиш самараси — саломатлик
Шундай қилиб, Ўзбекистонда мураккаб вазият юзага келган. Ҳаво сифатини баҳолашнинг учта усули мавжуд эканига қарамай, уларнинг қай бири аниқроқ экани номаълум, чунки ҳар бири ҳаво сифатини ўзича аниқлайди. Экология вазирлиги ҳавонинг ифлосланишига асосий сабаб табиий чанг, Сент-Луисдаги Вашингтон университети профессори Жей Тёрнер антропоген омил деб ҳисоблайди, Баҳриддин Нишонов эса чуқур тадқиқот ўтказиш зарур, деган фикрда.

PM2,5нинг рухсат этилган максимал концентрациясини аниқлаш ва PM10 учун РЭКни янгилашдан ташқари, бу чанг нималардан ташкил топганлигини билиш керак. Шунга кўра, ифлосланиш манбаларини аниқлаш ва ҳавонинг муаллақ заррачалар билан ифлосланишига қарши курашиш сиёсатини ишлаб чиқиш мумкин бўлади.
  • «Концентрация — бу бир куб метрдаги заррачалар миқдори. Бу вазн. Бироқ, бу куб метрдаги моддаларнинг таркибини англатмайди. Ўзбекистонда бундай ишлар амалга оширилмайди», — дея тушунтиради ГМИТИ лабораторияси раҳбари Баҳриддин Нишонов.
Ўрганиш тизимли бўлиши учун мунтазам инвестициялар ва махсус ускуналар зарур. Чанг таркибини ион хроматографи ёки атом-абсорбцион спектрометр каби қурилмаларда физик-кимёвий таҳлил орқали аниқлаш мумкин, дейди Баҳриддин Нишонов.
«Маблағлар чекланганлиги сабабли чанг таркибини тўлақонли таҳлил қила олмадик. Чанг таркибини аниқлаш бўйича баъзи тадқиқотлар бўлимимиз мутахассислари томонидан илгари бошқа илмий лойиҳалар доирасида олиб борилган», — дейди эксперт.

Яна бир муаммо — меъёрий-ҳуқуқий асос. Гидрометеорология хизмати агентлигида чанг ва ҳавони ифлослантирувчи моддалар таркибини аниқлаш ваколати йўқ.
  • «„Ўзгидромет“ ваколатли давлат органи сифатида аҳоли яшаш пунктларида атмосфера ҳавоси сифати мониторингини олиб боради ва тасдиқланган мониторинг дастурларига мувофиқ ишлайди. Баъзи атмосфера ҳавосини кузатиш пунктларида ҳаводаги чанг миқдори аниқланади. Шунингдек, „Ўзгидромет“ метеорологик станцияларда чанг бўронларининг бошланиши, тугаши ва давомийлигини аниқлайди. Мониторинг дастурига чанг таркибини аниқлаш вазифаси киритилмаган», — дея тушунтиради Баҳриддин Нишонов.
Ҳаводаги ифлослантирувчи моддалар таркибини аниқлаш каби кенг кўламли муаммо бу вазифани муайян бир ташкилотга бириктиришни талаб қилади. «Ўзгидромет» ана шундай вазифани бажариши мумкин. Чанг муаммосини ўрганиш лойиҳавий эмас, балки мунтазам бўлиши керак.
реклама
реклама
Чанг муаммосини қандай ҳал қилиш мумкин?
«Газета.uz» мухбири ушбу материал устида ишлаш жараёнида суҳбатлашган олимлар ҳавонинг ифлосланиши муаммосига турлича ечимлар таклиф қилди.

Чанг бўронларига келсак, Синь Си Ўзбекистон бу борада прогноз қилиш ва хабардорликни ривожлантириши керак, деб ҳисоблайди.
  • «Чанг бўронлари хавфини камайтириш учун тупроқ эрозияси ва чўлланишга қарши курашиш лозим. Бунда сув ва тупроқ ресурсларини сақлаш дастури ёрдам бериши мумкин. Марказий Осиёда қурғоқчилик ва чўлланиш хавфи ортиб бораётган шароитда қишлоқ хўжалигини юритишнинг янада барқарор усулларини зудлик билан жорий этиш зарур, деб ҳисоблайман», — дея тушунтиради у.
Ўзбекистондаги Глобал экологик жамғарманинг Кичик грантлар дастури (ГЭЖ КГД) миллий координатори Алексей Волков «Газета.uz»га берган интервьюсида фермерлар томонидан қўлланилаётган анъанавий қишлоқ хўжалиги қандай қилиб чанг бўронларига олиб келиши мумкинлигига батафсил тўхталган эди. Шунингдек, у ушбу муаммога ечим ҳам таклиф қилган. Бундан ташқари, ГЭЖ КГД Ўзбекистондаги мажбурликдан ва самарасиз равишда кўмир билан иситиладиган қишлоқ мактаблари қолдирган углерод изини камайтириш лойиҳасини таклиф қилди — чунки ёнган кўмир ҳам муаллақ заррачаларни ҳосил қилади.

Пойтахтни кўкаламзорлаштиришда Екатерина Колчанова-Зеберт аралаш турдаги кўчатлардан фойдаланишни тавсия қилади.
  • «Масалан, арча ва қарағай дарахтининг шох-бутоқлари поя узунлиги бўйлаб тақсимланади, уларни чанг манбасига яқинроқ ерга, шох-бутоқлари юқорига интилувчи каталпа ва чинорни эса уларнинг орқасига ўтқазган маъқул. Шуни ҳисобга олган ҳолда, бир текис яшил „тўсиқ“ яратиш мумкин», — деб ёзганди у ўз тадқиқотида.
Ҳавонинг ифлосланишига келсак, Баҳриддин Нишоновнинг фикрича, муаммони атмосфера ҳавосини мониторинг қилиш тармоғини кенгайтириш, шунингдек, чанг бўронларини прогноз қилиш ва мониторинг қилиш тизимини ривожлантириш орқали ҳал қилиш мумкин.
  • ««Ўзгидромет»да атмосфера ҳавосининг ифлосланиши бўйича 64 та кузатув пункти бор эди. 2020 йилда «Замин» жамғармаси кўмагида «Ўзгидромет» тармоғини атмосфера ҳавоси сифатини автоматик мониторинг қилиш станциялари билан жиҳозлаш бошланди. 2021 йил апрелида Тошкентда иккита, 2022−2023 йилларда республика ҳудудларида 13 та ва Тошкентда битта станция ўрнатилди. Пойтахтда яна 7 та станция ўрнатилиши режалаштирилган. Мониторинг кучайтирилганидан кейингина Тошкент ва республикада ҳаво ифлосланишининг ҳақиқий ҳолати ҳақида тасаввур ҳосил қилиш мумкин», — дейди у.
Чанг ўзбекистонликлар ДНКсининг бир қисмига айланиб улгурган. Биз шу чанг ҳаво зарраларидан нафас олганимиз ёки шундай чангли ерда туғилганимиз учун эмас. Аксинча, ўнлаб йиллар давомида ўзбекистонликларнинг турли авлодлари чангимиз ДНКсига назар ташлай олмагани, ҳавомизни айнан нималар ифлослантираётганини билолмагани учун чанг ДНКмизнинг бир қисмига айланган.
2023 йилда Тошкентда кузатилган чанг бўрони.
Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz»
Илм-фанни ривожлантирмас эканмиз, «фойдали» — табиий — чанг ҳавони ифлослантирувчи асосий манба бўлиб қолаверади, «зарарли» — инсон фаолияти туфайли юзага келган — чанг эса ўрганилмайди. Бироқ, долзарб мавзуларга тезкор жавоб топишга ҳаракат қилсак, уларнинг ҳеч бирига қарши кураша олмаймиз. Оқибатда биз ҳам ҳаво билан боғлиқ муаммоларининг очиқланмаган қулфини келгуси авлодларга ўтказадиган навбатдаги бир авлодга айланишимиз мумкин.
Матнни Жаҳонгир Азимов ва Нозима Ҳожиматова тайёрлади.

«Газета.uz» муаллифлигидаги график материаллар, шунингдек, матнга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz»га тегишли. «Газета.uz» интернет-нашри сайтига жойлаштирилган материаллардан фойдаланиш шартлари билан бу ерда танишиш мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг