Фото: Дилруҳ Исомиддинова / «Газета.uz»
Чинни пахтанинг ватани
Пахтагулли идишлар қаерда ва қандай тайёрланади?
«Пахтагул» — ўзбек идишларининг энг таниқли бренди бўлиб, асли Тошкентда пайдо бўлган. Чинни сервизларда очилган пахта чаноқлари, 70 йилки, дастурхонларни безайди. Пахта нақши «туғилиши», оммалашуви ва қандай тайёрланиши тарихи — «Газета.uz» материалида.
«Пахтагул» — ўзбек идишларининг энг таниқли бренди бўлиб, асли Тошкентда пайдо бўлган. Чинни сервизларда очилган пахта чаноқлари, 70 йилки, дастурхонларни безайди. Пахта нақши «туғилиши», оммалашуви ва қандай тайёрланиши тарихи — «Газета.uz» материалида.
Енгил ишлов берилган, тўқ кўк ранг сиртига барқ уриб очилган пахта нақшлари туширилган чинни. Энг машҳур нақш тури туширилган бу хил миллий идишлар ҳар бир ўзбек хонадонида топилади, десак муболаға бўлмас. Ярим асрдан кўпроқ вақт давомида у сервантлардан камтарона боқиб, шарқона анъаналарни ўзида сақлаб келади ва ҳар қандай дастурхоннинг безаги ҳисобланади. Ресторанларда тўй оши пахтагулли лаганларда тортилади, ошхоналарда кўк-оқ рангли косаларда мастава сузилади, чойхонада пахта чаноқлари туширилган пиёла бутун ўтириш давомида давра айланади. Ўзбек дастурхони портретини халқнинг севимли рамзи — пахтагулсиз тасаввур қилиш имконсиз.
Барча фотосуратларнинг устига босиб, тавсиф билан танишиш мумкин.
Барча фотосуратларнинг устига босиб, тавсиф билан танишиш мумкин.
Кўк-оқ нақшли анъанавий ўзбек идишлари — бу нафақат уй-рўзғор буюми, балки ўз тарихига эга бўлган санъат ҳамдир. Чойнак, пиёла, ликопча, коса, лаган ва салат идишларига ҳамроҳ бўлган қиёфа 70 йилдан кўпроқ вақт аввал Тошкент чинни заводининг очилиши билан пайдо бўлган. «Пахтагул» нафақат тошкентликларни мафтун этди, балки собиқ Иттифоқ республикалари аҳолисининг идиш жавонларидан ҳам жой эгаллади.

«Газета.uz» мухбирлари санъатшунос Акбар Ҳакимов ва рассом Турсунали Қўзиевлар билан пахта нақшининг келиб чиқиши, ишлаб чиқарилиши ва оммалашувининг сабаблари ҳақида суҳбатлашди, шунингдек, пойтахтдаги Фаянс ва сополчилик ҳунармандлари марказида ушбу чиннилар қандай тайёрланиши билан танишди.
Пахтагулли нақшлар қандай пайдо бўлган?
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, академик Турсунали Қўзиевнинг таъкидлашича, ўзбек халқ амалий санъати сюжетларида пахта элементлари азалдан мавжуд. Бироқ археологик қазишмалар пайтида топилган предметларда кўзга таниш пахта чаноқлари ўрнига бу ўсимликнинг гуллари ва барглари чизилган.

«Мукаммал шаклдаги етилган пахта чаноғи Совет Иттифоқидан олдинги давр тасвирларида деярли учрамайди. Қадимги ва ўрта асрларга оид деворий суратлар, майолика, плиткалар, мозаикаларда гуллар ва лимон ёки пушти рангли гулларнинг барглари тасвирлари мавжуд эди. Ҳатто Мовароуннаҳр ҳунармандлари томонидан яратилган „ислимий“ безаклар ҳам пахтанинг гулли нақшлари билан бойитилган», — дейди у.
реклама
реклама
«Оқ олтин» тушунчаси ва унинг меъморчилик, адабиёт ва санъатнинг бошқа турларида оммавий тасвирлаш совет даврига келибгина пайдо бўлган. Фан ва бадиий академиялар академиги Акбар Ҳакимовнинг сўзларига кўра, совет санъатидаги нақш 1930−1940 йилларда ижтимоий-сиёсий мавзудаги безакка эга тарғиботга мўлжалланган чинни — агитфарфорнинг кўринишларидан бири сифатида пайдо бўлган.

«Ўша йилларда амалий санъат объектларига (чинни буюмлар ишлаб чиқариш, ёғоч ўймакорлиги, гилам тўқиш) ўроқ ва болға, трактор, беш қиррали юлдуз, СССР етакчиларининг портретлари кўринишидаги социалистик рамзлар [тасвирларни тушириш] фаол равишда татбиқ қилина бошланган. Социалистик Ўзбекистоннинг ана шундай бренд безакларидан бири пахта чаноқлари эди», — дейди санъатшунос.
Ушбу нақшнинг кенг тарқалиши 1953 йилда Тошкентда қурилган Ўрта Осиёдаги илк чинни заводибилан боғлиқ. Завод Эски шаҳарда, қадимий ва шаҳарнинг ўша вақтдаги энг узун Сағбон кўчасида жойлашган эди. Ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун корхонага энг машҳур чинни заводлари — ЛФЗ (ҳозирги Император ФЗ), Дулево, Коростень, Первомайскийдан СССРнинг энг яхши ҳунарманд усталари юборилган. Янги завод Марказий Осиёнинг бешта республикасини идиш-товоқ билан таъминлаши керак эди.
Даставвал, Тошкент чинни заводи ўзидан катта ўртоқлари — тажрибали заводлар томонидан ишлаб чиқарилган машҳур шакллар ва моделларни такрорлаган. Профессионал рассомлар ва наққошлар (гулли нақшлар бўйича ихтисослашган рассомлар) устоз-шогирд анъанасига амал қилиб, маҳаллий ҳунармандларга ўз маҳоратларини ўргатган. Улар оз фурсатда четдан кириб келган технологияларни маҳаллий ранг-баранглик билан тўлдира олган иқтидорли кадрларни топишга муваффақ бўлган. Вақт ўтиши билан Тошкент чинни заводи Ёқуб Қорабоев ва Холиқ Ҳайдаров каби ҳунармандларни ўзида жамлаган ўзбек усталаридан иборат ўз жамоасини шакллантирган. Шу тариқа, ишлаб чиқаришга мутлақо янги дизайнлар кириб кела бошлаган.

«Тошкент чинни заводида стандарт пиёлалар, косалар, лаганлар, думалоқ чойнаклар ишлаб чиқарилган. Лекин идишлардаги суратлар ўзига хос тарзда шакллантирилган, — дейди Турсунали Қўзиев. — Бутун ўзбек халқига таниш, қадрдон, дунёга машҳур „Пахтагул“ бренди заводнинг бутун фаолияти давомида қанчадан-қанча импровизация, стилизация ва модернизация жараёнларидан ўтган. Бир қўшнимнинг сервизида шу дизайндаги пиёлаларнинг ўн бир хил намунасини санаганман! Бир қарашдан идишлар бир хилдек, лекин ҳаммасида пахта ҳар хил».

Тошкент чинни заводининг асосий савдо белгилари

«Чинни Завод» савдо белгиси, 1959−1963 йй.
«ММТП ЎзССР» савдо белгиси, 1964−1966 йй.
«Пахта чаноғи» савдо белгиси, 1967−1973 йй.
«Анқо» (гўзаллик ва парвоз рамзи бўлган афсонавий қуш) савдо белгиси, 1973−1991 йй.
Турсунали Каримжоновичнинг сўзларига кўра, кўзимиз ўрганган кўк-оқ пахтагули пайдо бўлишидан аввал, 1950-йилларда Тошкент чинниси зумрад (яшил) рангида ишлаб чиқарилган. Тасвир, худди рассом пахтанинг қандай ўсаётганини кузатиб, кўрганларини пиёла ёки чойнак деворларига муҳрлагандек, биз билгандан кўра ҳақиқатга яқинроқ эди. Идишлар ғўза шохлари, поялари, барглари, очилмаган чаноқлар ва пахта гуллари билан безатилган.

1960-йилларнинг ўрталарида яшил ранг ўрнини мовий эгаллайди. Идишлар нафақат ранги, балки барглари билан очилиб турган пахта чаноғининг ранг-баранг нақшлари билан ҳам ажралиб турарди. Совет санъат мактаблари ва олий ўқув юртлари битирувчилари Тошкент чинни заводига келиб қўшилиши билан профессионал ҳунармандлар жамоаси пахта чаноғи нақшини ҳозирги услубгача такомиллаштиради.

Турсунали Қўзиевнинг тахминларига кўра, классик «Пахтагул» безагининг муаллифи ўзбек чинни рассоми ва устазода наққош Рауф Орипжоновдир. У 1961 йилда сўнгги 60 йил давомида бутун чинни дунёси чизиб келаётган кўк-оқ нақшнинг охирги стилизациясини амалга оширган.
«Пахтагул»дан ташқари ипак мато нақши туширилган қизил рангдаги «Атлас» ҳамда чинор барглари ва мевалари тасвирланган яшил рангдаги «Чинор» тўпламлари ҳам тайёрланган. Бироқ «Чинор» тўплами такомиллаштирилмай, кўп ўтмай дўкон пештахталаридан олинган. Унинг ишлаб чиқарилиши яшил фон сабаб тўхтатилган — ўша вақтдаги партия раҳбарияти яшил рангни Ислом динига ишора деб топади ва бу рангни истеъмолдан чиқариш учун ҳар томонлама ҳаракат қилади.

«Идоралардаги партия номенклатурасида яшил рангли ҳеч қандай предмет учрамасди. Столга тўшалган эски (советдан олдинги) бахмални қандай сидириб ташлашганини ҳалигача эслайман. У бу рангда дин билан боғлиқ нимадир кўрган партиянинг мафкуравий котибида «аллергия»ни келтириб чиқарди. Уни Ленинободда ишлаб чиқарилган кўк бахмалга алмаштирдилар. Идишлар билан ҳам худди шундай бўлди», — деб эслайди Турсунали Қўзиев.
реклама
реклама
Кейинчалик «Пахтагул» сервизларининг пахта нақшлари ва «Атлас» янги — «Сарой» сервизининг зарҳал безакли гулли композициялари учун фон вазифасини ўтади. Бундай идишларни ишлаб чиқариш учун юқори сифатли тупроқ Россия ва Украинадан олиб келинган, бўёқларни эса Дулево заводи етказиб берган. Бироқ бу сервиз жуда қиммат эди. Шунинг учун, оддийроқ идишлар учун тупроқни мамлакатнинг ўзида қазиб олинган. 1980 йилларда Тошкент чинни заводининг кимёгарлари ёғочлашган ғўзапоя қўшиб, янги таркиб тайёрлайди. Шу баҳона идишлар порлайдиган ва оқ ранги билан ажралиб турадиган бўлди.
«Сарой» сервизи. Чапда — Тошкент чинни заводида ишлаб чиқарилган асл нусха, ўнгда — Янгиобод заводидан қўлбола нусхаси.
Ўзбек чинни буюмлари оммалашиши ортидан 1966 йилда Самарқандда яна бир завод қурилади. Ишлаб чиқариш эса етти йил ўтибгина бошланди. Одатдаги кўк-оқ ранг ўрнига дизайнерлар чиннини қизил-оқ рангга бўяшга қарор қилади. Ўзбекистоннинг бошқа бойликлари: узум шингиллари ва қалампир тасвири ўзига хос мотив бўлди. Бироқ ҳақиқатда энг кўп сотилган ва оммабопликда иккинчи ўринни олган нақш — «Олтин кийик» дизайни бўлди. Бунда очилган пахта чаноқлари орасида эртаклардаги сеҳрли жонзотни эслатувчи тилларанг кийик нафис сакраётгани тасвирланган эди.
Чапдан ўнгга: «Узум шингиллари», «Атлас» ва «Олтин кийик». Самарқанд чинни заводининг савдо белгиси (биринчи пиёла) Гўри амир мақбараси гумбазини эсга солади.
Ўзбек чиннисининг энг гуллаб-яшнаган давридаги учинчи таянчи Қувасой чинни заводи эди. Завод 1968 йилда Фарғона вилоятининг Қувасой шаҳрида ишга туширилган. Маҳсулотлар янада бойроқ ранглар уйғунлиги — кўк-қизил-яшил-сариқ бўёқларга асосланган эди. Тасвирларнинг мотивлари асосан гулли бўлиб, улар орасида энди пахта чаноқлари учрамасди.

«Бу санъатда социалистик реализм тамойиллари заифлашганидан, санъатда миллий ва ижтимоий ўзликни ифодалаш учун бошқа мавзу ва мотивларни излашдан далолат берарди», — деб тушунтиради Акбар Ҳакимов.
Пахтагулли идишлар Янги йил байрами, Лениннинг юбилейи, Олимпия ўйинлари ва бошқа муҳим тарихий саналарга бағишланиб ҳам чиқариларди.
СССР парчалангач, Тошкент чинни заводи учун оғир давр бошланди. Ишлаб чиқариш ҳажми пасайиб кетди, ишлаб чиқариш мажмуаси эса қисқарди. Эски ишланмалардан фойдаланишда давом этилди. «Пахтагул» Ўзбекистондан ташқаридаги кўплаб чинни заводларида ҳам ишлаб чиқарила бошлагани сабаб унинг аввалги шуҳратига путур етди. 1993 йилда завод хусусийлаштирилди, ишлаб чиқариш эса тўхтади. Унинг ортидан Самарқанд ва Қувасой заводлари ҳам банкрот бўлди. Завод музейидаги бой чинни коллекцияси давлат тасарруфига ўтказилди.

Орадан 26 йил ўтиб, Тошкент чинни заводи қайта тикланди. Корхонанинг ишга туширилиши учун Хитойдан инвестициялар ҳам жалб қилинди. Корхона яна «Пахтагул» маҳсулотларини нафақат маҳаллий бозор учун, балки Россия, Украина, Грузия, Озарбайжон ва бошқа мамлакатларга экспорт қилиш учун ҳам ишлаб чиқара бошлади.
«Бугунги кунда Ўзбекистонда жуда кўп чинни ишлаб чиқарилмоқда. Янги завод қурилиб, ўтган асрнинг чинни усталари фақат орзу қилиши мумкин бўлган энг замонавий ускуналар билан жиҳозланди. Бироқ, афсуски, сифат нуқтаи назаридан эски ТЧЗнинг, ҳеч бўлмаганда, 3-навли маҳсулотига тенглаша оладиган бирор маҳсулот йўқ. Бир қарашда, рассомлар „а ля пахта“ услубида ўхшаш нимадир чизишга ҳаракат қилаётгандек. Лекин булар бошқа-бошқа нарсалар! Тошкент чиннисининг аввалги шон-шуҳратини тиклаш учун, аввало, юртни, унинг маданияти ва безакларини севадиган мухлислар керак», — дея хулоса қилади Турсунали Қўзиев.
«Пахтагул»ни ким ва қаерда ишлаб чиқаради?
Тошкент чинни заводи ёпилгач, «Пахтагул» узоқ вақт хусусий кичик корхоналарда ишлаб чиқарилди. Сағбон кўчасида 2000 йилда иш бошлаган Фаянс ва сополчилик ҳунармандлари маркази шулардан бири. Марказ унинг ҳозирги директори Дониёр Муҳаммаджоновга отасидан мерос қолган.

«Даставвал биз рангли биллур ишлаб чиқаришга ихтисослашган эдик. Ўша вақтда у жуда машҳур эди. Бироқ вақт ўтиши билан биллур урфдан чиқди ва 2005 йилда отам анъанавий пахтагулли идишларига қайтишга қарор қилди, чунки у кундалик ҳаётимизнинг ажралмас қисми», — дейди у.

Дониёр Муҳаммаджонов биринчи марта 10 ёшида чинни заводида бўлган. Таътил вақтлари отасининг олдига бориб, чинни тайёрлаш жараёнларини кузатган. Мактабни тамомлагач, ишнинг барча босқичларини ўзлаштириш мақсадида заводга ишга жойлашади. Билим ва тажриба етишмагани боис компания маҳсулотларни тўғри ишлаб чиқариш техникасини тажриба ва хатолар қилиш йўли билан эгаллаган. Бу вақт ичида, табиийки, катта миқдордаги чинни чиқитга чиқарилган.

«Мамлакатимизда, таассуфки, чинничилик ҳунари ўргатилмайди. Тошкентдаги завод ёпилгач, ўзбек чинниси ўсишдан тўхтади. Кўпчилик идишларни тайёрлашга учун зарур лойни олиш учун нимани ва қандай аралаштириш кераклигини ҳам билмасди. Таркибни такомиллаштира оладиган ёки янги маҳсулотлар учун формулалар яратадиган кимёгар ва технологлар йўқ эди. Биздаги заводларда ҳали ҳам қўл меҳнатидан фойдаланилади, ваҳоланки, хорижда ҳамма нарса аллақачон автоматлаштирилган», — дейди у.
реклама
реклама
2019 йилда Olmazor City қурилиши муносабати билан завод шаҳар чеккасига кўчишга мажбур бўлди. Ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш мақсадида раҳбарият Хитой ва Туркиядаги энг яхши чинни заводлар тажрибасини ўрганди. Хитойдан ускуналар келтирилди. Тошкентдаги завод қошида ходимларнинг малакасини ошириш курслари очилди. Айни пайтда Фаянс ва сополчилик ҳунармандлари марказида 50 дан ортиқ киши меҳнат қилмоқда.
Чинни идишлар қандай тайёрланади
Дастурхонга етиб боргунча пахтагулли идишлар узоқ йўл босиб ўтади. Ҳаммаси бўлғуси маҳсулотлар учун аралашма тайёрлашдан бошланади. Чинни учун тайёрланадиган аралашма таркибига оқ тупроқ — каолин, қора тупроқ, кварц, пегматит ва дала шпати киради. Тупроқ Ангренда қазиб олинади, кварц Тожикистондан олиб келинади.

Ингредиентлар тегишли нисбатда аралаштирилади, сув билан суюлтирилади ва уч тонна ҳажмли металл барабанларга юкланади. Каолинни қаттиқ тошдан суюқ хамирга айлантириш учун унга цилиндрсимон тошчалар — ҳамма нарсани бир ҳил массага айлангунича майдалаб берадиган чинни буюмлар қолдиқлари қўшилади. Барабанлар 12−14 соат давомида айланади. Якунда шликер ёки суюқ чинни аралашмаси ҳосил бўлади.
Чинни унинг сифатига путур етказиши мумкин бўлган темир заррачаларидан холи бўлиши учун шликер магнитланган фильтрдан ўтказилади. Олинган аралашма қувурлар орқали нозик оқимдаги воронка ичига қуйилади. Шундан кейин у махсус қурилма — тош ва қум бўлакларини ажратиб берувчи тебранма элакдан ўтказилади. Сўнгра аралашма насосда сиқилади, бунинг натижасида ортиқча сув чиқиб кетади ва қаттиқ масса ҳосил бўлади. Кейин уни майдалагичга ортилади, у барча ҳавони сиқиб чиқаради ва лойни керакли «колбаса» шаклида кесади. Ушбу босқичлардан ўтмаган лой идиш тайёрлаш учун яроқсиз ҳисобланади.

«Аралашмани тўғри тайёрлаш — энг мураккаб ва муҳим босқичлардан бири. Тайёрлаш пайтида фавқулодда нимадир нотўғри кетса, идишлар нуқсон билан чиқади. Шу сабабли, хом ашёнинг ҳар бир янги партияси синовдан ўтказилади, техник жараён эса айнан нима келганига қараб бироз ўзгаради. Ҳатто бир хил қум ёки тупроқ ҳам партиядан партияга ўзгариб туради, омбордаги намлик ва ташиш пайтидаги ҳароратнинг ҳар хиллиги эса аралашманинг сифатига таъсир қилади», — дейди ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи Равшан Самандаров.
Агар янги партия синовдан муваффақиятли ўтса, лойдан тайёрланган «колбасалар» қолиплашга юборилади. Лойнинг тегишли парчаси гипс қолипга жойлаштирилади, сўнгра махсус ускуна массани деворлар бўйлаб нозик бир қатлам ҳолатида тақсимлайди. Ушбу кетма-кетликда пиёлалар, косалар, ликопчалар ва лаганлар тайёрланади. Бир нечта элементларга эга бўлган мураккаб шаклдаги идишларни тайёрлаш учун лой суюқ ҳолатда қолипларга қуйилади, кейин эса бир-бирига боғланади. Масалан, чойнак учта элементдан иборат: асос, тутқич ва қопқоқ. Ярим тайёр маҳсулотлар қолипларда тахминан икки соат давомида қуритилади ва бир кечага печга юборилади.
Қотирилган маҳсулотлар сирловчиларнинг қўлига тушади. Даставвал, идишлар юзаси текислаш мақсадида ишлов берилади ва силлиқланади. Кейин ташқи ва ички томонлари сув ҳамда каолин, кварц ва дала шпатидан олинган кукун аралашмаси ёрдамида сирланади. Сирлашдан олдин, сирнинг лойга ҳаддан ташқари сингиб кетишининг олдини олиш мақсадида, уста намланган шимгич ёрдамида маҳсулотни намлайди. Қиздирилган вақтда маҳсулот юзасига сурилган аралашма нозик, порлоқ, мустаҳкам шишасимон қопламага айланади. Идишлар мустаҳкам ва намликка чидамли бўлади.

Иккинчи мартасида идишлар юқорироқ ҳароратда қиздирилади. Шу билан бирга, улар печга қизиқ шаклда — қиздириш пайти қийшаймаслиги учун чеккасини чеккасига боғлаган ҳолда қўйилади. 12 соатлик иссиқлик билан ишлов беришдан сўнг бутун партия сараланади ва бир-биридан ажратилади. Бунда ҳунармандлар маҳсулотни синдириб қўймаслик мақсадида пастки қисмига пичоқ билан уради.
Ниҳоят, чинни идишлар пахта нақшини «ўзида синаб кўришга» тайёр. Маҳсулотга металл қолип кийдирилади ва трафарет (сиртга нақш тушириш учун махсус андаза) ёрдамида бўёқ пуркалади. Бунинг натижасида сиртда оқ-қора нақш ҳосил бўлади. Классик «Пахтагул» махсус қолипларни талаб қилмайди, бироқ янги дизайнлар учун улар қўлда тайёрланади. Заводда «Пахтагул»нинг жами бешдан ортиқ намунаси ишлаб чиқарилади. Бўёқ ҳиди жуда ўткир, шунинг учун хонага вентиляторлар ўрнатилади, ишчиларга эса кунига икки марта кефир тарқатилади.
Идишлар яна бир марта сирланади ва бўёқ сингиши учун печга юборилади. Тайёр маҳсулотлар тозаланади, қуритилади ва то ярқирагунича қўлдан қўлга олиб турилади. Қора кўк рангга ювилади ва сирт чиройли порлайди.

«Агар пиёланинг ички қисмига диққат билан қарасангиз, кичик нуқтачалар, ортиқча зарралар ва пуфакчаларни кўришингиз мумкин — бу чанг зарралари тушишининг оқибати. Бунда ё ишчи пайқамаган ёки ташиш пайтида бирор нарса юзага ёпишган. Баъзан лой сифатсиз бўлади. Шу боис барча маҳсулотлар кўрикдан ўтказилиб, нуқсонлардан холи бўлгунча ишлов берилади», — дея тушунтиради Равшан Самандаров.
Якуний босқич — зарҳаллаш. Тилла қоплама махсус ускуна ёрдамида сурилади. У бўёқни бутун юзага пуркайди. Маҳсулот тўлиқ бўялиб қолишининг олдини олиш учун у биринчи навбатда лой билан қопланади ва четлари қўлда кесиб чиқилади. Зарҳал берилганидан сўнг идишлар пиширилади. Якунда уларни оқар сув остида ювилади ва қуритилади.

«Тайёр идишларни ташқи кўриниши ва мустаҳкамлигига қараб тўрт навга ажратамиз. Нарх ҳам шунга қараб шаклланади, масалан, тўртинчи навли пиёла 3500 сўм, биринчи навлиси эса 5000 сўм туради. Барча маҳсулотларни фақат буюртма асосида ишлаб чиқарамиз, бунда буюртманинг минимал миқдори 500−1000 дона маҳсулотдан иборат бўлиши керак», — дейди Дониёр Муҳаммеджонов.
Битта тайёр маҳсулотни ишлаб чиқариш бир ҳафта вақт олади. Бир суткада ишлаб чиқарилган идишлар ҳажми 15−20 минг, ойига 300 минг. Энг кўп идиш кузда — тўй мавсумида тайёрланади ва сотилади. Чиқарилган маҳсулот сотиб тугатилмаса, омборда сақланади ва ўз вақт-соатини кутади. Тайёр идишлар қутиларга қадоқланади ва мижозга жўнатилади. Заводнинг чинни буюмларини идиш-товоқ дўконлари ва Чинни бозордан топиш мумкин.
«Пахтагул» яна қанча яшайди?
Дониёр Муҳаммаджоновнинг тан олишича, ишлаб чиқариш ҳажмининг катталигига қарамай, «чинни» пахтага талаб сезиларли даражада камайган. Бу, биринчи навбатда, бозордаги кенг ассортимент билан боғлиқ. Маҳаллий чинни идишлар ишлаб чиқарувчилари орасида узоқ тарихга эга бўлган кўплаб корхоналар ҳам, оммавий маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган янги корхоналар ҳам бор. Яна бир муҳим сабаб — анъанавий ўзбек идишлари урфдан чиқмоқда.

«Одамлар энди дастурхонга „Пахтагул“ қўйишни хоҳламаяпти. Ҳозирги кунда меҳмонларни турк ва хитой сервизлари билан кутиб олиш урфга кирган. Негадир кўпчилик хориждан келган идишлар маҳаллий идишлардан яхшироқ, деган фикрда. Аслида ўзимизнинг ва хорижий маҳсулотни кўрсатсангиз, кўпчилик ажрата олмайди. Бироқ гап фақат сифатда эмас, балки обрў-эътиборда ҳам — одамларни бошқаларникига ўхшамаган нарсалар кўпроқ ўзига жалб қилади», — дейди у.
реклама
реклама
Ишлаб чиқарувчилар замон билан ҳамнафас бўлишга ҳаракат қиляпти. Масалан, Муҳаммаджоновлар оиласининг чинни заводи 2023 йилда рангли идишлар ишлаб чиқара бошлади. Ишчиларнинг эътироф этишича, бу Ўзбекистон учун янги тажриба, чунки илгари бундай ранг-баранг сервизлар асосан Россия, Туркия ва Хитойдан олиб келинарди. Биринчи партия ҳар доим корхона ходимларига, шу жумладан, директорга насиб қилади. Уни бошқаларга сотишдан аввал ўзлари синаб кўришади.
«Бизнинг мақсадимиз — идишларни ҳамёнбоп қилиш. Биз, даромадидан қатъи назар, ҳар бир оилада чиройли сервиз бўлишини хоҳлаймиз. Масалан, чой сервизимиз 350 минг сўм, унинг хориждан келтирилган муқобили эса 700 минг сўмдан сотилмоқда. Эҳтимол, айнан оддий одамлар бизнинг идишларимизда еб-ичаётгани, мамнуният билан фойдаланаётгани, уни ишлаб чиқарганлар ҳақига дуо қилаётгани учун заводимиз 20 йилдан ортиқ вақтдан бери «Пахтагул»ни ишлаб чиқаришда давом этиб келаётгандир», — дейди Дониёр Муҳаммеджонов.

У келгусида фарзандларига ҳам бу соҳада сифатли таълим бериш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш, чинни пахтанинг шон-шуҳратини қайтариш ниятида.
«„Пахтагул“ яшашда ва халқимизга, маданиятимизга, тарихимизга хизмат қилишда давом этади. Пахта ва пахтачилик мавзуси санъатдан аста-секин йўқолиб бормоқда. Бугун на расм, на ҳайкал ва на мозаикада пахта теримчиси тасвирланганини учратасиз. Бироқ зарҳал билан қопланган „Пахтагул“ нақши акс эттирилган ярқироқ чинни Ўзбекистон тарихидан абадий жой олиб улгурган — бу безак номоддий маданий меросимизнинг ажралмас қисмига айланган», — дейди Турсунали Қўзиев.

Материални Фарзона Хамидова тайёрлади.

Фотосуратлар муаллифи Дилруҳ Исомиддинова.


Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан қуйидаги ҳаволада танишишингиз мумкин


Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг