Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»
Босма мерос қўриқчиси
Китоб сотувчи Юрий Ким ҳикояси
66 ёшли Юрий Ким 5 йилдан бери Чилонзор-3 мавзесидаги деҳқон бозорида китоб сотади. Унинг ноёб китоблар тўплами 5000 жилддан ортиқ. «Газета.uz» у китоб сотишни қандай бошлагани, уларни қаердан сотиб олишини ва ҳозир китобхонлар ундан энг кўп қайси асарларни сўраши ҳақида ҳикоя қилади.
66 ёшли Юрий Ким 5 йилдан бери Чилонзор-3 мавзесидаги деҳқон бозорида китоб сотади. Унинг ноёб китоблар тўплами 5000 жилддан ортиқ. «Газета.uz» у китоб сотишни қандай бошлагани, уларни қаердан сотиб олишини ва ҳозир китобхонлар ундан энг кўп қайси асарларни сўраши ҳақида ҳикоя қилади.
Чилонзор деҳқон бозори ичида катта китоб дўкони яширинган. Озиқ-овқат пештахталари бўйлаб ранг-баранг муқовали ёғоч жавонлар чўзилиб кетган, столлар устида эса сарғайиб кетган саҳифали китоб тахламлари кўзга ташланади. Ҳайратланарли китоб коллекцияси ёнида гўшт майдалашади, қуритилган мева ва ёнғоқлар сотишади. Бундай қарама-қаршилик харидорларни умуман ажаблантирмайди. Жавондаги адабиётларнинг кўплигидан уларнинг кўзлари ўйнаб, қўллари қизиқарли асарлар томон чўзилади. Ушбу билимлар хазинасининг эгаси — 66 ёшли букинист Юрий Ким. Бозордаги сотувчи ва харидорлар учун у — оддийгина Юра амаки.
Китоб сотувчи асли Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманидан. Умрининг сўнгги 10 йилини китоб сотишга бағишлаган. Унинг қалбида адабиётга қизиқиш эрта болаликда уйғонган. Илгари китоб қарийб ягона маълумот манбаи ва дам олишнинг энг яхши шаклларидан бири эди. Юра амакининг эслашича, ўша вақтларда китобдан ташқари фақат учта радиостанция ва телеканал бор эди, холос. Вақтичоғлик учун деярли бошқа ҳеч нарса йўқлиги боис у ҳар куни мактабдан кейин кутубхоналарга боришга одатланган.

«Совет даврида адабиёт борасидаги танлови жуда тор бўлгани учун ҳар қандай янги асар китобхонлар орасида катта қизиқиш уйғотарди. Агар кутубхонага Александр Дюма, Жюль Верн, Конан Дойл, Герберт Уэллс, Эрнест Ҳемингуэй олиб келинса борми, дарҳол қўлма қўл бўлиб кетарди, — дейди Юрий Ким. — Учта кутубхонага аъзо эдим. Қўлимга тушган китобни қўймай ўқирдим. Лекин, ҳар қандай бола каби, мен ҳам саргузашт, илмий фантастика ва детектив китобларни кўпроқ ёқтирардим».
Юра амакининг айтишича, 1960−1970-йилларда китоблар, айниқса, хорижий адабиётлар тақчил эди. Чет эллик муаллифларнинг яхши сифатда босилган асарларини топиш учун ҳар бир дўконга бош суқиб кўриш керак эди. Китоб дўконларида бозор ёки кутубхоналарда учрамайдиган адабиётлар сотиладиган алоҳида, махсус бўлимлар бўларди. Аммо хоҳлаган китобингни сотиб олиш осон иш эмасди.

Ўша вақтларда китоблар 2−3 сўмдан сотилган, бироқ уларни фақат махсус талон билангина сотиб олиш мумкин эди. Талон олиш учун камида 20 кило макулатура топшириш талаб этиларди. Шу билан бирга, яхши китоб топиш ва унга талон олиш учун керакли лаҳзани ушлай билиш ҳам лозим эди. Яқин орада қайси китоб келиши ҳақида таниш сотувчилар ёки маҳаллий газеталарнинг сўнгги саҳифаларида бериладиган эълонлардан билиш мумкин бўларди. Китоб келган куни эса китобсеварлар кутилган дурдонани қўлга киритиш учун эрталабдан навбатга турарди. Одамлар китоб алмашар, бир-бирига ўқишга бериб турарди — баъзида ҳатто танишининг танишидан сўраб бўлса ҳам.

«Бирор синфдошим яхши китоб топиб келса, уни ўқиш учун бутун синфимиз билан навбатга турардик. Узоқ кутилган китобни тезроқ олиш учун бир-биримизни шоширардик. Битта китобни қўлма-қўл ўқирдик. Китоб ҳар доим ҳам эгасига қайтавермасди — саёҳатини давом эттираверарди», — деб эслайди Юра амаки.
реклама
реклама
Вақт ўтиши билан янги босмахоналар ишга тушди. Самиздат (қўлда ёки босма шаклда норасмий нашр этилган асарлар — таҳр.) пайдо бўлди. Китоблар қўлда, сифатсиз қоғозларга қайта босилиб, кўчириларди. Аммо адабиётнинг ҳақиқий ихлосмандлари учун бунинг аҳамияти йўқ эди — сифатлими-сифатсизми, улар учун энг муҳими, китоб бўлса кифоя эди.

«Китоб тиражлари катта эканига қарамай, ашаддий китобхонлар кўплигидан китоб етишмовчилиги ҳеч йўқолмасди. Бу вазият китобларни коллекция қилиб йиғиш модасини келтириб чиқарган. Шахсий кутубхона жуда нуфузли нарса ҳисобланарди. Ҳар сафар меҳмонга борганда уй эгасидан биринчи бўлиб кутубхонасини кўрсатишни сўрардик. Агар ўқигим келиб юрган китобимни кўриб қолсам, эгасидан уни бериб туришни илтимос қилардим», — дейди у.
Юрий Ким 1990 йилда Тошкентга кўчиб келади. Китоб сотишни бошлашдан аввал эса Қашқадарёда деҳқончилик қилган — 10 йилдан ортиқ пиёз ва тарвуз етиштирган. Кейин «Отчопар» («Чилонзор»), «Аския» ва «Миробод» бозорларида кийим-кечак, пойабзал ва сумка сотган. Букинистика олами билан уни яқин дўсти — Силвер Куртаметов таништирган ва унга ўзи тўплаган барча китобларни совға қилган.

«У ёлғиз яшарди, болалари анча йил аввал Россияга кўчиб кетганди. Китоб коллекциясини қолдириши учун ҳеч кими йўқ эди. Кейин у қаттиқ касал бўлиб қолди. Ўлимидан аввал барча эски ва ноёб китобларини менга мерос қилиб қолдирди. Унинг «Янгиобод»даги дўкони ҳам менга ўтди. Шу тариқа китоб сота бошладим», — эслайди Юра амаки.
реклама
реклама
У Янгиободдаги эски буюмлар бозорида беш йил букинист дўстининг тўпламини сотади. Ишга бозорнинг иш кунлари ҳисобланган дам олиш кунларида саҳарлаб чиқарди. 2018 йили уйига яқинроқ бўлиш ва ҳар куни китоб сота олиш учун Чилонзор деҳқон бозорига кўчади. Ҳозир китоблар эгаллаган бурчак кўп вақтдан бери бўш ётгани учун жой излашга ҳожат ҳам қолмайди — бозор маъмуриятининг рухсати билан Юра амаки 118 та кичик ғаладондан жавонлар ясаб, уларни китоблар билан тўлдиради. Ортганини қутиларга жойлаштиради.
Юра амакининг китоблар тўплами, таъбир жоиз бўлса, дўкон тармоқларининг ассортименти билан рақобатлаша олади. Сотувга қўйилган асарлар орасида совет даврида босилган китоблар кўпроқ. Улар болалар адабиёти, бадиий адабиёт, тиббиёт, психология, фалсафа, тарих, мусиқа, спорт, пазандалик ва бошқа шу каби бўлимларга ажратилган. Жавонларда ўтган асрнинг 80−90-йилларида босилган нодир китобларини ҳам топиш мумкин. Китоблар нархи 5 минг сўмдан 150 минг сўмгача.
Юра амаки Силвернинг барча китобларини сотиб бўлгач, ўз уйидаги кутубхонасидан асарларни олиб чиқишни бошлаган. Аввалига ортиқча нусхаларни, кейинроқ уйда ҳеч ким ўқимай қўйган ёки шунчаки эскирган китобларни.

30 йил давомида тўпланган китобларни осонгина сотиб юборганингиздан афсусланмайсизми, деган саволга у кулиб шундай дейди: «Улар билан мен қаерга ҳам бораман — ўзим билан нариги дунёга олиб кетмайман-ку. Одамлар ўқисин, ахир китоблар шу учун яратилган».

Унинг фикрича, ҳозир топиб бўлмайдиган китобнинг ўзи йўқ. Севимли асарини сотиб юборса ҳам, бир йил ичида у яна ўзига қайтиб келади. Шу боис у китобларга қандайдир муқаддас нарсага қарагандек қарамайди. Аммо шундай катта китоб коллекциясига эгалигидан ўзини худди бой одамдек ҳис қилишини тан олади.
Ассортиментни тўлдириш мақсадида Юрий Ким одамлардан китоб сотиб олади. Илгари у камёб асарларни буюм бозорларига бориб, ерости йўлаклари ва макулатура пунктларидан изларди. Шу тариқа у қанчадан қанча эски китобларни олов ва шредерларнинг ўткир тишларидан қутқариб қолган. Ҳозир одамлар Юра амакига ўзлари қўнғироқ қилиб, уйдаги китоб жавонларини бўшатиб беришни сўрайди ёки эски китобларини ўзлари олиб келиб, текинга топшириб кетади.

«Олиб келинган баъзи китоблар жуда ёмон аҳволда бўлади, уларни ўзим қўлда тузатаман. Иш жойимда китобнинг барча қисмларини тиклайман. Йўлнинг нариги тарафида босмахона бор, етишмаётган саҳифаларини ўша ерда чиқартираман. Кейин уларни китобга ёпиштириб, йиртилган муқовани жойига қўйиб, бошидан тикиб чиқаман. Мен китобларнинг умрини узайтиришни хоҳлайман, шунда уларни бошқалар ҳам ўқий олади», — дейди у.

Сотувчи харидорлар билан суҳбатлашиш имкони борлиги учун ҳам ўз ишини яхши кўради. Унинг олдига китоб излаб ҳар хил одамлар келади: масалан, ўқувчилар — дарслик, абитуриентлар — тест китоблари, талабалар — касбий таълимга оид адабиётлар, коллекционерлар эса антиқа китоблар сўрайди.
Юра амаки ҳар куни соат 10:00 дан 18:00 гача савдо қилади. Эрталаб китобларни тахлаб чиқади, кейин иш жойини тартибга келтиради ва илк мижозларни кутиб олади.

Савдо ҳар доим ҳар хил: мисол учун, 10−15 та китоб сотилган омадли кунлар ҳам бўлиб туради. Гоҳида бирорта ҳам китоб сотилмаслиги мумкин. Лекин Юра амаки бу ҳақда қайғурмайди, чунки у ҳар бир китоб, эртами-кечми, ўз эгасини топишига ишонади.
Сотувчининг тан олишича, ҳозир китоб унинг ёшлик даврига қараганда анча кам сотиб олинади. «Интернетда ҳар қандай адабиётни топиш мумкин», — дея бунога изоҳ беради ўзи. Унинг фикрича, қоғоз китобларни, асосан, китобни қўлда ушлаб ўқишга одатланганлар сотиб олади. Чунки оддий китобни ўқиш жараёни кўпчиликка эстетик завқ бағишлайди ва асар билан боғлиқликни кучайтиради. Аммо сўнгги вақтларда қоғоз китобларга талаб яна ошиб бормоқда. Одамлар орасида катта ёзувчи ва шоирларнинг асарларига яна қизиқиш уйғонаётганидан сотувчи жуда мамнун.

«Бадиий адабиёт харидорлар орасида энг оммабоплигича қолмоқда. Айниқса, ёшлар жаҳон мумтоз адабиёти намуналарини кўп сўраб келади. Бундан ташқари, психология, фалсафа, тарих ва эзотеризмга оид китобларни ҳам сотиб олишади», — дейди у.
Ишдан бўш вақтида Юра амаки ўз ассортиментидаги китобларни ўқийди. Одатда классикани танлайди, аммо сўнгги пайтларда болалигида ёқтирган илмий фантастика ва детектив жанрларидаги ҳикояларни қайта ўқишни афзал биляпти.

Тарих эса ҳали ҳам унинг энг севимли жанри. Сотувчи учун улар асосий илм ва ҳикмат манбаи бўлиб, маънавий озуқа сифатида хизмат қилади. Уйидаги кутубхонасида Сергей Бородин, Явдат Илясов ва Исай Калашниковнинг кўплаб тарихий романлари йиғилган. Улар туфайли олам қандай қилиб ҳозирги кўринишига келган ва нима учун бошқача эмаслигини тушуниб етиш мумкин.
реклама
реклама
Сотувчи ҳозир ёшлигидагидек кечаю кундуз китоб ўқий олмайди — кўзлари, ёшига яраша, тез чарчайдиган бўлиб қолган. Шунинг учун уни баъзан телефонида янгилик ва теледастурларни кўраётган ёки тинглаётгани ҳолда учратиш ҳам мумкин.

«Биз, кексаларга, узоқ вақт ишсиз қолиш мумкин эмас. Ишдан узоқлашсангиз, уйда ўтириб қоласиз. Ҳар куни ишга чиққанда, одамлар билан суҳбатлашганда, тоза ҳавода вақт ўтказганда умрингизга умр қўшилади», — дея хулоса қилади у.
Агар Чилонзор кўчасига йўлингиз тушса, кўча бўйидаги бозорчада жойлашган китоб расталарига албатта ташриф буюринг. Бу ерда сиз китоб тоғларини кўрасиз ва варақларнинг шитирлашини эшитасиз. Пештахта ортида сизни қўлида мушукча, юзида эса табассум билан бир нуроний сотувчи кутиб олади. У сиз учун ўз тарихи ва олдинги эгалари қолдирган хотираларни жамлаган китобларни танлаб беради.

Матнни Фарзона Хамидова тайёрлади.

Фотосуратлар муаллифи Мадина Аъзам.


Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан қуйидаги ҳаволада танишишингиз мумкин


Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг