Яқинда Сенат томонидан болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонуннинг тасдиқланиши Ўзбекистоннинг энг ёш ва заиф фуқароларини ҳимоя қилишга содиқлигини тасдиқлайди. Бироқ, ҳар қандай қонунда бўлгани каби, унинг кучи нафақат қабул қилинишида, балки амалга оширилишидадир, деб ёзади ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Болаларни ҳимоя қилиш бўлими раҳбари Антония Людеке ўз мақоласида. Болаларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш бўйича вазирликлар глобал конференцияси арафасида Ўзбекистон қонунга мос келадиган ва уни амалга оширишни тезлаштирадиган миллий мажбуриятни ўз зиммасига олиши мумкин.

Дунё бўйлаб болаларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш борасида жадал ҳаракатлар кузатилмоқда. 2030 йилгача Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишга олти йил қолганида ҳукуматлар, фуқаролик жамияти, БМТ агентликлари, илмий доиралар ва хусусий сектор зўравонликка қарши қаратилган глобал мақсадларга эришиш учун миллий ҳаракатларни кучайтирмоқда. Бир қатор тадбирлар, жумладан, шу йилнинг ноябрь ойида Колумбия пойтахти Богота шаҳрида болаларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш бўйича глобал даражадаги вазирликлар конференциясини ўтказиш режалаштирилган. Бу болаларга нисбатан зўравонликка чек қўйиш ва Барқарор ривожланиш мақсади 16.2 сари олға силжишни тезлаштириш учун аниқ чоралар кўриш мажбуриятини тасдиқловчи мамлакатлар учун муҳим воқеа бўлади.

Гарчи кўпчилик давлатлар болаларни ҳимоя қилишга доир моддалар ва зўравонликка қаратилган бир қанча қоидалар мавжуд бўлган БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилган бўлсалар ҳам, бу муаммо глобал даражада ҳали ҳам ечим талаб қиладиган масала бўлиб қолмоқда. Зўравонлик уйларда, мактабларда, жамоаларда ва сўнгги вақтда Интернетда ҳам, афсуски, болалар ишонадиган одамлар томонидан турли шаклларда содир этилмоқда.

Бу ҳолат болаларга нисбатан жисмоний, жинсий ва руҳий зўравонлик кўринишида намоён бўлмоқда. Бироқ болаларга нисбатан зўравонлик кўпинча шахсий оилавий муаммо деб нотўғри талқин қилинади. Бу чекланган тушунча кўплаб ҳамжамиятларни ҳимоя чораларини эътиборсиз қолдиришга, уларни оилавий автономия ёки маданий меъёрларни бузади деб ўйлашга олиб келади.

Зўравонлик ўзаро боғлиқ бўлган кўплаб омиллар, жумладан чуқур сингиб кетган ижтимоий ва гендер меъёрлари ҳамда кучлар мувозанатининг бузилиши билан боғлиқ мураккаб муаммодир. Шунинг учун глобал ҳаракатга чақирув халқаро ҳамжамият болаларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш бўйича изчил, кўп томонлама ёндашувга содиқлигини англатиши жуда муҳимдир. Бироқ, глобал ҳаракатлар мамлакатларнинг саъй-ҳаракатларига асосланган бўлсагинамуваффақиятли бўлади. Ўзбекистон сиёсий ирода кўрсатгани ва болаларга нисбатан зўравонликка қарши кураш бўйича ислоҳотларни амалга ошираётгани таҳсинга лойиқдир. Олий Мажлис Сенати томонидан «Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг маъқуллангани бу борадаги муҳим воқеа бўлди. Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги ушбу муҳим қадам Ўзбекистоннинг энг ёш ва ҳимояга муҳтож фуқароларини ҳимоя қилишга интилишидан далолат беради. Бу қонун Ўзбекистондаги ҳар бир боланинг зўравонлик, эксплуатация ва зўравонликдан ҳоли келажаги учун пойдевор яратади. Аммо, ҳар қандай қонун сингари, унинг кучи нафақат қабул қилинишида, балки амалга оширилишида ҳамдир.

Мажбурият: Қонунчиликдан амалий ҳаракатларга ўтиш

Глобал даражадаги вазирликлар конференцияси олдидан давлатлар 2024 йил 25-октабргача мажбуриятларини тақдим этишга даъват қилинган. Ўзбекистон ушбу глобал имкониятдан фойдаланиб, қонунга мувофиқ келадиган ва уни амалга оширишни тезлаштирадиган миллий мажбуриятни олиши мумкин. Салмоқли мажбурият глобал ҳаракатлар учун белгиланган, ҳал қилувчи учта асосий йўналишни ўз ичига олиши мумкин:

  1. Ота-оналар ва васийларни қўллаб-қувватлаш: Ўзбекистон меҳр билан праваришни рағбатлантирган ҳолда, зўравонлик ва менсимасликнинг олдини оладиган ота-оналарни қўллаб-қувватлаш дастурларига эга бўлишни таъминлаш мажбуриятини олиши мумкин. Бу бутун мамлакат бўйлаб ота-оналар ва васийлар болаларни хавфсиз ва меҳрли муҳитда тарбиялаш учун зарур бўлган билим ва ресурсларга эга бўлишини таъминлашга ёрдам беради.
  2. Хавфсиз ва қўллаб-қувватловчи мактаб муҳити: Ўзбекистон 2025 йилгача ижобий интизом ва буллингга қарши қаратилгаг дастурларни ўқитувчиларни тайёрлаш бўйича дастурларга интеграция қилиш мажбуриятини олиши мумкин. Бу нафақат болаларни мактаблардаги зўравонликдан ҳимоя қилади, балки болалар ўзларини хавфсиз ва қўллаб-қувватловчи муҳитда эканликларини ҳис қиладиган таълим муҳитини яратади.
  3. Жавоб бериш ва қўллаб-қувватлаш хизматлари: Ўзбекистон ҳар бир туманда зўравонлик қурбонларига болаларга йўналтирилган ва гендер жиҳатлари эътиборга олинган хизматларкўрсатадиган кўп тармоқли гуруҳларни ташкил этиш мажбуриятини олиши мумкин.Соғлиқни сақлаш, адолатли судлов ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш хизматлари шулар жумласига киради. Ушбу мажбурият барча болаларнинг тикланиши ва фаровонлиги учун зарур бўлган парваришдан фойдаланиш имкониятини таъминлайди.

Бу мажбуриятлар нафақат Ўзбекистоннинг жаҳон миқёсида етакчилигини намойиш этади, балки қонунни болаларнинг ҳақиқий ҳимоясига айлантиришнинг аниқ йўл харитасини ҳам тақдим этади.

Ҳаракатга шахсий чақирув: Нега бу мен учун муҳим

Болаларни ҳимоя қилиш соҳасида йиллар давомида ишлар эканман, болаларга нисбатан зўравонликнинг ҳалокатли оқибатларини ҳам, самарали чораларнинг ўзгартирувчи кучини ҳам кўрдим. Мен ҳар бир бола, қаерда бўлишидан қатъи назар, хавфсиз ва у учун қулай бўлган муҳитда ўсиш ҳуқуқига лойиқ деб ҳисоблайман.

Мазкур соҳада ишлаш менга қонунлар тўғри қўлланилса, улар сон-саноқсиз болаларга умид ва хавфсизлик олиб келиши мумкинлигини ўргатди. Ушбу қонуннинг қабул қилиниши олдинга қўйилган муҳим қадам бўлиб, унинг тўлиқ ҳаётга татбиқ этилишидан мен ўзимни ҳам шахсий, ҳам профессионал нуқтаи назардан манфаатдор деб ҳис қиламан. Бу менга Ўзбекистондаги болаларнинг зўравонлик ва шафқатсиз муносабатдан қўрқмасдан яшаш имконияти янада кўп бўлишига умид бахш этади.

Ҳаракатга чақирув: Болаларимиз келажагини ҳимоя қилиш

Ўзбекистоннинг болаларга нисбатан зўравонликка чек қўйиш мажбурияти маънавий фарздир. Қонун бизга болаларни ҳимоя қилиш учун зарур воситаларни берди, аммо улардан самарали фойдаланиш ўзимизга боғлиқ. Бу қонун бутун мамлакат бўйлаб амалга оширилиши ва ҳар бир бола, қаерда яшашидан қатъи назар, зўравонликдан ҳимояланишини таъминлаш учун биз ҳозирданоқ зудлик ва қатъият билан ҳаракат қилишимиз зарур.

Бўлажак вазирлар халқаро конференцияси Ўзбекистоннинг миллий мажбуриятини яна бир бор таъкидлаш учун идеал имкониятдир. Ўзбекистон ушбу дадил мажбурияти билан бошқа мамлакатларни ундан ўрнак олишга илҳомлантириши, биргаликда дунёни барча болалар учун хавфсиз жойга айлантиришимизга ишонтириши мумкин.