Ўзбекистоннинг йирик корхоналарида 2024-йил август ойида газ қазиб олиш ҳажми 3,79 миллиард куб метргача камайган. Бу Статистика агентлигининг «Газета.uz» ўрганган саноат ишлаб чиқаришига доир ҳисоботидан келиб чиқади.

Бу 2023 йил августига (3,92 миллиард) нисбатан 3,6 фоизга (140,8 миллион куб метр), 2022 йилникига (4,3 миллиард) нисбатан эса 12,3 фоизга камроқ.

Йилнинг саккиз ойида ишлаб чиқариш ҳажми 29,9 миллиард куб метрни ташкил этди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4,6 фоизга ёки 1,46 миллиард куб метрга кам.

Газ ишлаб чиқаришнинг пасайиши бир неча йиллардан бери давом этмоқда. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда электр энергиясининг 75−80 фоизи газ ёқиш ҳисобига ишлаб чиқарилади.
газ, нефть, саноат ишлаб чиқариши, статистика агентлиги, статистика, кўмир, электр энергияси, энергоресурслар

Статистика агентлиги йирик ва кичик корхоналар томонидан электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича статистик маълумотларни эълон қилишни бошлади. Январь-август ойларида ишлаб чиқаришнинг умумий ҳажми 4,1 фоизга — 52,3 миллиард кВт/соатдан 54,43 миллиард кВт/соатгача ошди.

Кўпчилиги газ (шунингдек, кўмир ва ГЭС)да ишлайдиган йирик корхоналар томонидан электр энергияси ишлаб чиқариш августда 5,84 миллиард кВт/соатгача камайди, бу ўтган йилнинг августига (6,5 миллиард) нисбатан 625,4 млн кВт/соатга (-9,7 фоиз) кам.

Саккиз ойда ишлаб чиқариш 48,6 миллиард кВт/соатгача қисқарди, бу 2023 йилнинг саккиз ойлик кўрсаткичидан 6 фоизга ёки 3,1 миллиард кВт/соатга кам.

Йўқотишлар қуёш ва шамол электр станцияларидан электр энергияси ишлаб чиқариш ҳисобига қопланади (ишлаб чиқаришдаги улуши — 10,6 фоиз) — 5,8 миллиард кВт/соат.

Аввалроқ Энергетика вазирлиги Статистика агентлигининг май ойида электр ишлаб чиқариш камайиши бўйича маълумотларини изоҳлаб, аслида қуёш ва шамол электростанциялари ҳисобига электр ишлаб чиқаришнинг ўсиши 5,8 фоизни ташкил этганини ва, қонунчиликка кўра, ҳисобот ҳар йили бир марта тақдим этилишини билдирганди. Таъминот камайиши тарифлар ошганидан кейинги «тежамкорлик» билан изоҳланган.

Ойлик нефть қазиб олиш 60,3 минг тоннани ташкил этди (2023 йил августига нисбатан -6,2 фоиз ёки минус 4000 тонна). Саккиз ой давомида ишлаб чиқариш 485,1 минг тоннагача камайган (ўтган йилнинг шу даврига нисбатан -6,8 фоиз ёки минус 35,2 минг тонна).

Август ойида 106,5 минг тонна автомобиль бензини ишлаб чиқарилди, бу 2023 йил августига (108 минг) нисбатан 1,4 фоизга кам. Саккиз ойлик таққосда ўсиш атиги 0,4 фоиз — 896 минг тоннани ташкил этди.

Ўтган ойда дизель ёнилғиси ишлаб чиқариш 70,1 минг тоннадан 86,8 минг тоннагача ошди (ўтган йилнинг августига нисбатан +23,8 фоиз). Бироқ 2023 йилнинг январь-август ойлари билан солиштирганда (бир йилда) бу кўрсаткич атиги 0,8 фоизга ошиб, 705,8 минг тоннани ташкил этди.

Ойлик кўмир қазиб олиш яна рекорд ўрнатди — 888,1 минг тонна (+214,4 минг), бу ўтган йилнинг август ойидаги ҳажмдан деярли 31,8 фоизга кўп. Январь-август ойларида ишлаб чиқариш 15,8 фоизга ошиб, 4,37 миллион тоннани ташкил этди.