Фото: Юрий Артиков / «Газета.uz»

Арча устидаги мўъжиза

Пахта, қовоқ ва шишадан қойилмақом арча безакларини ясаётган тошкентлик ва самарқандлик ҳунармандларнинг ҳикоялари
Янги йил байрами рамзлари орасида арча ўйинчоқлари алоҳида ўрин тутади. Улар байрам кайфияти ва авлодлар ўртасидаги ўзаро алоқани таъминлайди, яқинлар ва болаликнинг ёрқин хотираларини ўзида сақлайди. «Газета.uz» мухбири арча безаклари ясайдиган ўзбекистонлик ҳунармандлар билан илҳом, ижод ва орзулар ҳақида суҳбатлашди.
Янги йил байрами рамзлари орасида арча ўйинчоқлари алоҳида ўрин тутади. Улар байрам кайфияти ва авлодлар ўртасидаги ўзаро алоқани таъминлайди, яқинлар ва болаликнинг ёрқин хотираларини ўзида сақлайди. «Газета.uz» мухбири арча безаклари ясайдиган ўзбекистонлик ҳунармандлар билан илҳом, ижод ва орзулар ҳақида суҳбатлашди.
Арча безатиш — Янги йил байрамининг энг ёқимли анъаналаридан бири. Кўплаб оилалар арча ўйинчоқларини оилавий ёдгорлик сифатида сақлаб, авлоддан авлодга қолдириб келади. Жавонлардан гирляндалар, мунчоқлар, ранг-баранг шар ва нафис ҳайкалчалар солинган қутилар олинганда, ушбу байрамни бу қадар севишимизга сабаб бўлган мўъжизани олдиндан сезиш ҳисси ҳар қачонгидан кучлироқ бўлади. Гўё уларда Янги йилнинг бутун сеҳри мужассамдек.

Ҳозир бозорларда арча ўйинчоқларининг танлови кенг, шунингдек, уларни тайёрлашда ишлатилган материаллар — шакллар ва нархларига кўра — хилма-хил. Россия, Хитой ва Туркиядан келтирилган пластик арча безакларининг улуши сезиларли катта. Бироқ оммавий ишлаб чиқариш даврида ҳам қўлда ишланган буюмларга талаб илгаригидек юқори. Усталар шиша, сопол, ёғоч, пахта, қовоқ ва бошқа материаллардан янги йил ўйинчоқларини қўлда ясашда давом этяпти.

«Газета.uz» 2025 йил кириб келиши арафасида усталар — Ирина Пшенова, Мансур Нуриллаев ва Замира Ашурова билан байрам ўйинчоқлари қандай ясалиши ва улар нима сабабдан бу ишга қизиқиб қолгани ҳақида суҳбатлашган эди. Шу суҳбатнинг ўзбек тилидаги таржимаси эътиборингизга ҳавола этилади.
Ирина Пшенова
Қўғирчоқни «жонлантиришим»дан олдин у менинг тасаввуримда «туғилиши» керак
Мен ўзимни ижодкорликнинг ҳар хил кўринишлари: расм чизиш, кулолчилик, декоратив паннолар ва идиш-товоқлар яратишда синаб кўрганман. Ўша вақтларда қўғирчоқлар ясаш орзулигича қолган эди — уларнинг ҳайкалларини тайёрлаш жуда мураккаб туюлар ва мен ўзим ҳам қандай қўғирчоқлар ясашни хоҳлаётганим борасида узоқ вақт бир тўхтамга кела олмаганман. Бир куни тасодифан интернетда пахтадан ясалган ўйинчоқлар ҳақида видео кўриб қолдим. Болаларнинг ёқимли ва ифодали қиёфалари мени шу қадар ўзига ром қилдики, уларни ўз қўлларим билан ясаш истаги билан ёна бошладим. Пахта билан ишлаш мен севган ҳайкалтарошликни эслатди ва айнан мен излаётган машғулот бўлиб чиқди. Мана, етти йилдирки, «пахта қўғирчоқлар» ясаш билан шуғулланаман.
Пахта ўйинчоқларни ясаш — жуда мураккаб ва кўп меҳнат талаб қиладиган жараён. Қўғирчоқни бир кунда ясаб бўлмайди — ҳар бирига камида икки кун вақт сарфланади, кўп сонли деталлар билан бойитилган мураккаб ишлар эса икки ҳафтагача вақт олиши мумкин.

Ҳаммаси бўлажак шакл учун асос вазифасини ўтовчи симли каркасдан бошланади. Унга пахтани қаватма-қават ўраб, шакл бераман ҳамда ип ва елим ёрдамида маҳкамлайман. Бирин-кетин оёқчалар, қўлчалар, либослар пайдо бўлади. Гипс ёки лойдан ишланган, бор-йўғи 2,5 см келадиган юзчаларни лупа остида чизиб чиқаман. Барча қисмлар бирлаштирилгандан кейин шакл қуритилади.

Акрил бўёқлар билан бўяшга киришишдан олдин уни кўздан кечираман, қўлимда айлантириб кўраман, ташқи кўриниши ва характерини ўйлаб кўраман. Ўйинчоқни ялтираб туриши ва мустаҳкам чиқишига хизмат қиладиган лакни суртиб чиқиш — қўғирчоқ ясаш жараёнининг якуний босқичи ҳисобланади.
Қўғирчоқни «жонлантиришим»дан олдин у менинг тасаввуримда «туғилиши» керак. Шу сабабли баъзи ишланмалар тасаввуримда аниқ қаҳрамон шакллангунга қадар узоқ вақт қутида сақланиши мумкин. Иш жараёнида кўпинча янги деталлар қўшилади, хусусиятлар ўзгаради ва баъзан бутунлай янги қаҳрамон пайдо бўлади.

Пахта билан ишлашни синаб кўрган кўпчилик усталар менинг ўйинчоқларимга назар ташлар экан, «Қандай сабринг чидайди? Ахир бу жуда кўп қунт ва сабр-тоқат талаб қилади-ку. Пахта чўзилиб, ҳаммаёққа ёпишиб кетади!», деб ҳайрон қолади. Мен учун эса, пахта — идеал материал. Ўзининг чўзилувчанлиги ва юмшоқлиги туфайли у турли хил услубларда, ўзига хос характерли қўғирчоқлар ясаш имконини беради. Пахтадан ясалган ўйинчоқлар енгил, ушлаб кўриш ёқимли ва шу билан бирга мустаҳкам, чидамли. Уларни тайёрлаш жараёни ҳақиқатан ҳам сеҳрли: шаклсиз материалдан ҳаёт «туғилади».
Мен асосан болалар образларини яратаман, чунки улар оқкўнгил, беғубор ва содда бўлади. Болаларнинг ҳис-туйғуларини, у хоҳ бахт, ҳайрат ёки ўйчанлик бўлсин, митти юзларда ифодалаш — жуда қизиқарли машғулот. Масалан, менинг севимли қўғирчоқларимдан бири — стулда совғасини бағрига босиб ўтирган қуёнча костюмидаги болакай. У шу қадар самимий ва таъсирли чиқдики, уни сотишга кўзим қиймади ва устахонамда қолдирдим.

Янги ўйинчоқлар учун ғояларни ҳамма жойдан оламан. Кўпинча ҳаётдаги ёки суратлардаги болалар қўғирчоқларимнинг прототипига айланади. Масалан, ҳовлида ўйнаётган болалар ёки Мавлуд (Рождество) ва Пасха байрами откриткаларидаги болакайлар. Болалигимда бувимнинг 1930−1940-йилларда бобом Германиядан олиб келган эски откриткаларидаги расмларни завқ билан томоша қилардим ва чизардим. Уларда тасвирланган қиш манзаралари, эскича (винтаж) либослар ва байрамона муҳит кўпинча композицияларимда ҳам ўз аксини топади.

Ишларимдаги энг муҳим жиҳат — бу ҳикоя. Мен ҳар бир ўйинчоқни бирор ҳаракат устида: конкида учаётган, қор думалоқлаётган, арча олиб келаётган ёки мандарин ва конфетлар солинган пакетни ушлаган ҳолда тасвирлашга уринаман. Токи киши қўғирчоққа қараб, унинг ҳикоясининг давомини тасаввур қила олсин. Шунинг учун мен бошнинг қаёққа бурилганлиги, нигоҳнинг қай томонга қаратилганлиги, қўл ва оёқчаларнинг қандай жойлашганлиги каби ҳолат ва мимикаларга жиддий эътибор қаратаман.
реклама
реклама
Одатда бир йилда 200 дан ортиқ ўйинчоқ ясайман, ҳар сафар янгиларини ўйлаб топишга интиламан. Шунга қарамай, «бўзчи белбоғга ёлчимас»: уйимиздаги арчада бирорта ҳам мен ясаган ўйинчоқ йўқ. Ҳар йили ҳеч бўлмаса биттасини ўзимга қолдиришни ваъда берсам-да, барчаси ё шахсий коллекцияларга кетади, ё яқинларимга совға қилинади. Яқинда бир онахон набираларининг суратига асосланган, ҳайвонлар костюмида ишланган учта қўғирчоқ буюртма қилди. Мақсади — набиралари ҳар йили арча безатаётганда уни эсга олишсин. Ёзда америкалик буюртмачилар учун яҳудий заргарлар оиласини ясадим. Бунда ташқи кўринишнинг ўзига хос хусусиятларини ифодалаш ва асбобларни батафсил ишлаш муҳим эди. Менинг ўйинчоқларим дунёнинг турли бурчакларига етиб боради, уларни Исроил, Россия, АҚШ, Германия, Англия ва бошқа мамлакатларда ҳам учратиш мумкин.
Арча ўйинчоқларининг нархи 300 минг сўмдан бошланади. Бу шаклнинг ҳажми ва мураккаблигига, деталлар сонига, иш учун сарфланган вақтга боғлиқ. Энг қиммат ўйинчоқ 100 долларга сотилган. Бу дўкон витринасига қараб турган болаларнинг кўп фигурали композицияси эди. Уни яратишга деярли ярим ой вақт сарфлагандим, чунки болаларнинг кийимлари, витрина элементлари, майда аксессуарларни пухта ишлаш талаб этиларди.

Янги йилда янги нарсаларни синаб кўрмоқчиман — қўл-оёқлари ҳаракатланадиган интерактив ўйинчоқлар яратмоқчиман. Масалан, лампадан учиб чиқадиган Хоттабич, қўлида сузиб юрган ҳаво шарини ушлаб турган «Алиса мўжизалар мамлакатида» эртагидаги Қуён ёки тебранувчи маятникли девор соати. Бундай иш кўпроқ вақт ва маҳорат талаб қилади, лекин у орқали ўсаман.
Муаллифлик ўйинчоқлари ҳар доим харидоргир бўлиб қолишига ишончим комил. Улар жонли, ҳар бири юракдан ишланган. Бу шунчаки безак эмас, балки узоқ йиллар давомида сақланадиган тарихнинг бир бўлаги. Одамлар менинг ишларимни ўзлари ва яқинларига қувонч улашиш, уйларини безаш учун харид қилади. Эсимда, бир харидор менинг ишимни — байроқчалар билан янги йил гулчамбарини ушлаб турган ака-сингилни кўриб, йиғлаб юборган эди. «Хотиралар учун раҳмат, — деган эди у қўғирчоқларга тикилиб. — Болалигимга, Янги йилни ота-онам билан кутиб олган вақтларимга қайтгандек бўлдим».
Шундай пайтларда қўғирчоқларим алоҳида қимматга эга эканлигини ҳис қиламан.
Мансур Нуриллаев
Ҳар бир ўйинчоқнинг ўзига хослиги шундаки, унда қалбимнинг бир парчаси яшайди
Мен Самарқандда тери, қоғоз ва ёғоч буюмларни бадиий бўяш билан шуғулланаётганимга 30 йилдан ошди, лекин ҳозир асосий фаолиятим декоратив қовоқларни бўяш бўлиб турибди. Менга бу ҳунарни ўз вақтида тоғам, рассом Аҳмад Умаров ўргатган эди.
Қовоқдан янги йил ўйинчоқлари ясашни 2016 йили бошлаганман. Бу тасодифан юз берганди. Дўстим, ҳунарманд Ҳабиб Турдиев юпқа сополдан арча ўйинчоқлари ясайди. Унга савдода ёрдамлашиб, ишларини ярмаркаларга олиб борганимда, 30 та ўйинчоқдан 3−4 таси доим синиб қоларди. Ҳар бирига қанча куч ва вақт сарфланганини ўйласанг, жуда ачиниб кетасан. Шунда хаёлимга бир фикр келиб қолди: қовоқдан ўйинчоқлар ясаб кўрсак-чи? Бу нафақат мустаҳкам материал, балки чидамли ҳам — бундай ўйинчоқ 50 йилдан ортиқ хизмат қилиши мумкин.
Қовоқдан янги йил ўйинчоқлари ясашни 2016 йили бошлаганман. Бу тасодифан юз берганди. Дўстим, ҳунарманд Ҳабиб Турдиев юпқа сополдан арча ўйинчоқлари ясайди. Унга савдода ёрдамлашиб, ишларини ярмаркаларга олиб борганимда, 30 та ўйинчоқдан 3−4 таси доим синиб қоларди. Ҳар бирига қанча куч ва вақт сарфланганини ўйласанг, жуда ачиниб кетасан. Шунда хаёлимга бир фикр келиб қолди: қовоқдан ўйинчоқлар ясаб кўрсак-чи? Бу нафақат мустаҳкам материал, балки чидамли ҳам — бундай ўйинчоқ 50 йилдан ортиқ хизмат қилиши мумкин.

Арча ўйинчоқларини ясаш учун «носқовоқ» деб аталадиган махсус декоратив қовоқ навидан фойдаланаман. Қадимда бундай қовоқлардан идиш ёки сув идиши сифатида фойдаланишган. Бувим уларни совуткич сифатида ишлатиб, ичида гўшт ва сут маҳсулотларини сақларди.

Дастлаб турли ўлчам ва шаклдаги қовоқларни ўзим ўз томорқамда етиштирдим. Ишлар юришиб кетгач, томорқамдаги ҳосил камлик қилганида менга керакли навни етказиб бериш бўйича деҳқонлар билан келишдим. Уруғларни ҳар йили март ойи охири ёки апрель ойи бошида экаман. Ёнғоқдек келадиган миттигина қовоқлар сентябрь охирида, каттароқлари октябрь ўрталари ёки охирларида пишиб етилади.
Ўйинчоқларни Гўри Амир ёнидаги устахонамда тайёрлайман. Битта ўйинчоқни ясашга кетадиган вақт дизайн ва техниканинг мураккаблигига боғлиқ. Нақшни ўйиб ишласам ёки миниатюра чизсам, бир кунда бир-иккита ўйинчоқ ясай оламан. Оддий безак ёки расм солсам, кунига 10 тагача қовоқ-ўйинчоқ тайёрлашим мумкин. Бўяш жараёни якунлангач, ўйинчоқларни лак билан қоплаб, осиш учун илгак ёпиштириш керак. Умуман, битта ўйинчоқни тайёр ҳолга келтириш жараёни тахминан икки кунча вақт олади.
Мен учун бу иш — ҳордиқ чиқариш демак. Расм чизаётганимда, жараёнга шу қадар шўнғиб кетаманки, у мени тинчлантиради. Баъзида ўйинчоқ ясаш билан овора бўлиб, вақт ўтганини сезмай ҳам қоламан ва кун бўйи устахонада қолиб кетаман.

Тайёр ўйинчоқларимни Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Россиядаги кўргазмаларда кўрсатаман. Тошкентда эса мен тайёрлаган маҳсулотларни кўргазмалар, ярмаркалар, Human House галереяси ва аэропортдан топиш мумкин. Нархлари 30 минг сўмдан 150 минг сўмгача.
реклама
реклама
Саккиз йиллик фаолиятим давомида кўплаб эсда қоларли буюртмалар бўлган. 2019 йили Япониянинг Toyota компаниясининг расмий дистрибьютори ходимлар учун янги йил совғаси сифатида фирма логотипи туширилган 50 та қовоқ ўйинчоқ буюртма берган эди. 2024 йили эса франциялик тадбиркорлар Париждаги дўконлари учун катта миқдорда қовоқ ўйинчоқлар сотиб олди.

Маҳсулотларим орасида менга энг ёқадиганлари — 2024 йили илк бор ясай бошлаганим, ичида қўнғироқчаси бор ўйма қовоқ ҳамда қўлда безатилган ёнғоқдан тайёрланган калитбанд (брелок). 2025 йилга мўлжалланган режаларим — қовоқдан матрёшкага ўхшаш нарса ясаш: улар беш ёки етти донали тўплам сифатида бир-бирига «кийдирилади».
Биласизми, нима учун, оммавий ишлаб чиқаришга қарамай, муаллифлик ўйинчоқлари машҳурлигича қолмоқда? Уларнинг ҳар бирида уста қалбининг бир парчаси яшайди. Ана шу илиқлик одамларни ўзига тортади. Баъзан шундай ўйинчоқ ясайсанки, унга бутун борлиғингни бахшида этасан, лекин у икки-уч йил давомида сотилмай туриши мумкин. Кейин кимдир пайдо бўлади ва бу ўйинчоқ шу пайтгача айнан уни кутиб ётганига амин бўласан.
Замира Ашурова
Арча ўйинчоқлари — бу барча катталар учун болаликдаги энг севимли байрам ҳиссиётлари ва хотираларидир
Қўлда ясалган шишанинг гўзаллиги мени ҳамиша ўзига ром қилиб келган. Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий санъат ва дизайн институти талабаси бўлган пайтимда витражлардаги нур ва ранглар жилвасига соатлаб маҳлиё бўлардим. 2005 йили ўқишни тамомлагач, кичик шиша буюмлар ясай бошладим. Мана шу изиқишим ортидан рассом Татьяна Зяврина билан танишдим ва 2016 йилда биз La Vitrage студиясига асос солдик. Биргаликда хонадонлар ва жамоат жойлари учун ҳам нафис заргарлик буюмлари, ҳам монументал витраж композицияларини яратамиз. Ҳар биримизнинг ўн йиллик индивидуал тажрибамиз Ўзбекистонда витраж санъатини ривожлантириш ва оммалаштиришдек умумий мақсадга бирлашди.
Рангли шишадан безаклар яратиш билан 2006 йилдан шуғуллана бошладик. Дастлаб арча ўйинчоқлари ва байрам дастурхонини безаш учун шамдонлар тайёрладик. Бу буюмларда биз мўъжизанинг асл моҳиятини — ҳар қандай маконни ўзгартира оладиган рангли шишадаги нурлар жилвасини ифодалашга интилдик. Маҳсулотларимиз харидорларга шу қадар манзур бўлдики, ўшандан бери ҳар йили октябрь ойидан бошлаб арча безаклари ясаймиз. Одатда, Янги йилга 200 та ўйинчоқдан иборат тўплам тайёрлаймиз, йил давомида эса ўртача 20 та буюм ясаймиз — маҳсулотлар сони буюртмаларга боғлиқ.
Арча ўйинчоқлари устида ишлаш бўлғуси буюмнинг эскизини қоғозда табиий ўлчамда чизиш, барча деталларни тасвирлаб олишдан бошланади. Одатда, эртак ва мултьфилм қаҳрамонлари, атрофимиздаги турли нақш ва силуэтлар илҳом манбаи бўлиб хизмат қилади. 2015 йил арафасида қизим чизган қора мушук расмини шишада гавдалантиргандим. Ҳозир бу ўйинчоқ ўз арчамизда ва менинг қалбимда фахрли ўрин эгаллаган.

Эскиз тайёр бўлгач, ишлаш учун шиша ва техникани танлаймиз. Бу классик Тиффани техникаси ёки замонавий фюзинг (эритиш) усули бўлиши мумкин. Ғоядан тайёр ўйинчоққача бўлган энг қисқа муддат — икки кун.

Тиффани техникаси мис фольга ёрдамида витражлар яратишга асосланади: шиша бўлаклари кесилади, мукаммал уланиши учун силлиқланади, фольга билан ўралади, кавшарланади ва сайқалланади. Бу усул контраст эффектлар ёки нозик ўтишлар ҳосил қилиб, турли сифат, тузилиш ва шаффофликдаги шишаларни ўзаро уйғунлаштириш имконини беради. Бу кўплаб майда деталларга эга бўлган катта ҳажмли буюмлар учун, айниқса, жуда мос. Оддий шаклдаги ва кам сонли элементларга эга ўйинчоқни яратиш учун 3−4 соат кетса, катта ҳажмли ва мураккаб ишлар бир неча кун вақт олиши мумкин.

Фюзинг ёки шишани эритиш техникаси — анча замонавий усул. Усталар тегишли элементларни қирқиб, керакли шаклга келгунича силлиқлайди. Кейин композицияни йиғиб, уни махсус печга жойлаштиради. Шиша 850 даража ҳароратда эрийди, шундан сўнг буюм аста-секин хона ҳароратигача совитилади. Бутун жараён 18 дан 24 соатгача давом этади, мураккаб кўп қаватли буюмлар учун эса кўпроқ вақт талаб қилиниши мумкин.
Шишадан арча ўйинчоқларини яратиш жараёни биз учун янгилик бўлмаса-да, йиллар ўтиб ҳам буюмнинг печдан чиқиб, йиғиш пайтида якуний шаклга киришини сабрсизлик билан кутамиз. Шиша билан ишлаш ўзгача ҳаловат бағишлайди, ўзига хос медитацияга айланади: қўллар кесиш ва силлиқлаш билан банд экан, онг тинчланади ва айнан шундай пайтларда кутилмаган ғоялар туғилади. Жараён янада ёқимли бўлиши учун кўпинча фонда фильм, мусиқа ёки аудиокитоб янграб туради — буларнинг бари ясалаётган ўйинчоқнинг кайфияти ва хусусиятига боғлиқ.

Шиша билан ишлашнинг яна бир ўзига хослиги шундаки, материалнинг ҳар бир варағи ўз ранги ва нақшига кўра бетакрор. Айнан шу сабабли иккита бир хил ўйинчоқни ясаш деярли имконсиз — уларнинг ҳар бири нимаси биландир ажралиб туради. Шунинг учун биз корпоратив буюртмаларни қабул қилмаймиз, чунки бизнинг маҳсулотларимиз оммавий ишлаб чиқариш эмас, балки ҳар бири ўзига хос хусусият ва индивидуалликка эга бўлган санъат асари.
реклама
реклама
Ҳар йили шаффоф, рангсиз шишадан янги байрам тўпламларини ясашга интиламиз. Бу йил уйча, арча, қор парчаси ва юлдузча шаклларини тайёрладик. Фаришта шакллари коллекцияларимизда доим бўлади, лекин ҳар сафар янги деталлар қўшиб, янгича шаклларни синаб кўрамиз. Ўйинчоқларимиз Тошкентдаги шаҳар ярмаркалари ва фестивалларда ёки устахонамизда сотилади. Маҳсулотларнинг нархи ўлчами ва дизайнининг мураккаблигига қараб 150 мингдан 800 минг сўмгача.

2014 йилдан Хитой тақвимига кўра йил рамзи шаклида арча ўйинчоқлари ясаш анъанасини бошладик. Ҳар бир коллекциядан бир нечта буюмни ўзимизга қолдириб, улардан ўз уйимиздаги арчаларни безатишда фойдаланамиз, шунингдек, дўст ва яқинларимизга совға қиламиз. Бу биз учун Янги йил байрамининг ажралмас қисмига айланган.
Келажакда Ўзбекистоннинг ҳақиқий ташриф қоғози бўладиган ва анъаналаримизни замонавийлик билан уйғунлаштирадиган Янги йил ўйинчоғини ясашни орзу қиламан. Умид қиламанки, бир кун келиб бизнинг ишларимизни Нью-Йоркдаги FAO Schwartz ўйинчоқлар дўкони витриналарида, Париждаги Lafayette галереясида ва дунёнинг бошқа пойтахтларидаги йирик савдо марказларидан топиш мумкин бўлади.

Матнни Фарзона Ҳамидова тайёрлади.

Суратлар муаллифи: Юрий Артиков, Фарзона Ҳамидова ва Виктория Абдураҳимова.


Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан бу ерда танишиш мумкин.


Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг